Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — депутатлар назоратида

Аҳоли саломатлиги муҳофазаси — депутатлар назоратида

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасини ривожлантириш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, сўнгги уч йилда тиббиётни ислоҳ қилиш, фуқароларга сифатли тиббий хизматларни кўрсатиш, тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда.

Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бу борада аниқ вазифаларни белгилаб берди. Хусусан, жорий йилда давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 триллион сўм ажратилади. 281 та тиббиёт муассасасини қуриш ва таъмирлашга бюджетдан 1,1 триллион сўм сарфланади. Шунингдек, 17 та ихтисослашган илмий-амалий тиббиёт муассасасини бошқаришда замонавий менежмент механизмларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Бундан ташқари, гематологик ва вирусологик ёрдам сифатини ошириш, бу турдаги даволаш қийин бўлган беморларга тиббий хизмат кўрсатишни тубдан ислоҳ этиш зарурлиги ҳам Мурожаатномада алоҳида қайд этилди. Шу боис, мамлакатимизда қон ва вирусли касалликларни барвақт аниқлаш, даволаш учун малакали гематолог, вирусолог ва иммунолог тайёрлаш, дори-дармон ва тиббиёт техникаси учун маблағларни кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилаётир.

2020 йил 12 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг йиғилишида соҳада айни йўналишда амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш масалалари муҳокама этилди.


Тадбирда, шунингдек, Президентимизнинг шу йил 11 март куни мамлакатимизда жамоат саломатлигини таъминлаш тизими самарадорлигини ошириш муҳокамасига бағишлаган йиғилишида белгиланган вазифалар соҳа мутасаддилари, депутатлар иштирокида атрофлича кўриб чиқилди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра, инсон саломатлигига таъсир этувчи омиллар орасида тиббий таъминот 10 фоизни, ирсий омиллар 15 фоизни, атроф-муҳитнинг ҳолати 20 фоизни ташкил этади. Энг муҳими, инсоннинг турмуш тарзи (жисмоний фаоллик, овқатланиш, зарарли одатлар) унинг саломатлигига 55 фоизгача таъсир кўрсатар экан.

Йиғилишда аҳоли саломатлик кўрсаткичларини яхшилаш учун, энг аввало, бирламчи тизимда самарали, тизимли иш ташкил қилиниши кераклиги қайд этилди. Бу ўринда касалликни даволаш эмас, балки унинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратиш зарур. Ушбу вазифа эса, бир қанча йўналишларни ўз ичига олади. Яъни, тўғри овқатланиш, атроф-муҳитнинг салбий таъсирини камайтириш, аҳолида жисмоний фаолликни яхшилаш, энг муҳими, ҳар бир фуқарода ўз саломатлиги ва оила аъзоларининг соғлиғига нисбатан масъулият ҳиссини ошириш ҳамда тарбиялаш муҳим аҳамият касб этади.

Шунинг учун ҳам, депутатлар бирламчи тизимда, айниқса, қишлоқларда бирламчи тиббий тизим фаолияти профилактика ишларига йўналтирилиши шарт, деган ғояни илгари сурмоқда.

Мамлакатимизда ҳар бир ҳудуднинг иқлим шароити, турмуш тарзи ва имкониятлари турлича. Шу сабабли, аҳоли саломатлигини яхшилаш режалари ҳар бир ҳудуд хусусиятларини инобатга олган ҳолда, тузилиши керак.


Йиғилишда аҳоли ўртасида ҳар йили ўтказиладиган режали тиббий кўрикларнинг аҳамиятига эътибор қаратилди. Таъкидлаб ўтилганидек, бугунги кунда бундай тиббий кўриклардан аҳоли тўлиқ қаноатлана олмаяпти. Чунки, хавф гуруҳидаги аҳоли вакиллари ва соғлом аҳоли бир хил тарздаги тиббий кўрик билан қамраб олинади. Тиббий кўриклар самарадорлигини яхшилаш учун аҳоли саломатлик кўрсаткичларига асосан тиббий кўриклар ҳажми турлича бўлиши мақсадга мувофиқ.

Аҳоли саломатлигига жиддий таъсир қиладиган омиллардан яна бири бу — озиқ-овқатлар сифати ва овқатланиш тартибидир. Афсуски, бугунги кунда мана шу жиддий омилга етарли эътибор берилмаяпти. Аҳолимизда овқат рациони ва овқатланиш тартибига риоя этилмагани оқибатида турли касалликлар, масалан, қон босими юрак хасталиклари, қандли диабет, буйрак касалликлари учрамоқда.

Шунингдек, йиғилишда коронавирус инфекцияси ҳақида ҳам сўз юритилди. Масъуллар бугунги кунда Ўзбекистонда мазкур касаллик қайд этилмаганини айтиб ўтишди. Унинг Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш бўйича махсус чоралар ва тадбирлар амалга оширилмоқда. 53 санитария пунктида хориждан мамлакатимизга кириб келаётганларнинг текшируви бўйича ишлар олиб бориляпти.

Юртимизда мана шу касалликнинг олдини олиш, зарурат бўлганда, даволаш ҳолатлари учун индивидуал ҳимоя воситалари, дезинфекция ва дори воситаларининг захираларини яратиш устида иш олиб борилмоқда. Тиббиёт ходимлари, мактаб педагоглари ва мактабгача таълим ташкилотлари томонидан коронавирусдан ҳимояланиш чора-тадбирлари бўйича тушунтириш ишлари амалга оширилмоқда.

Мутахассислар томонидан бу касалликнинг олдини олиш учун хорижга чиқиш тавсия этилмайди. Хориждан меҳмонлар келишига ҳам чек қўйиляпти, тавсия этилмаяпти.   

Иштирокчиларнинг асосий эътибори саломатликни болаликдан асраш кераклигига қаратилди. Шу боис, болаларнинг доимий тиббий назоратини ўтказиш зарур. Бу эса, уларни касаллик аниқланган вақтда эрта ташхис қўйиш ва даволаш ишларини тизимли ташкил қилишда муҳим аҳамият касб этади. Болалар ўртасида паразитларга қарши кураш, рахит касаллигининг олдини олиш, иммунологик статусини барқарор сақлаш ва болаларда соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш уларнинг соғлом авлод бўлиб камолга етиши учун асос бўлади.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қизғин фикр-мулоҳазалар билдирилди.   


Кўришлар сони: 271

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими