Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Бола ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилмоқда

Бола ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилмоқда

2020 йил 31 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари қўмитасининг ишчи гуруҳ йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда таъкидланганидек, болаларнинг ҳуқуқларини амалда кафолатлаш, уларнинг жисмоний, интеллектуал, руҳий ва маънавий етук авлод бўлиб етишишини таъминлаш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг асосини ташкил этади.

2019 йил 22 апрелда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани айни йўналишда олиб борилаётган ишларнинг жадаллашишини таьминлади. Қарорда кўзда тутилган мақсадларга эришиш учун фуқаролик ҳуқуқий, оилавий ҳуқуқий, уй-жой ҳуқуқий муносабатларга тааллуқли бола ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш билан боғлиқ бир қатор қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш талаб қилинади.

Ана шу ҳаётий заруратдан келиб чиқиб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан бир қатор қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Унга кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни, агар унинг ота-онасидан бири, васийликка ёки ҳомийликка олган шахс Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қонуний асосга кўра яшаш ҳуқуқига эга бўлса, Ўзбекистон Республикасидан маъмурий тарзда чиқариб юборишни таъқиқлашга доир норма киритилмоқда.

Уй-жой кодексига ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал
ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Солиқ кодексига эса, болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида судларга фуқаролик ишлари бўйича киритилган даъволарни давлат божи тўлашдан озод қилиш тартиби тўғрисидаги қоида сингдирилмоқда.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонунга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни таъсис этиш, болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқишни кафолатлаш, 18 ёшга тўлмаган чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсни Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юборишга йўл қўйилмаслиги, давлат органлари ва мансабдор шахслар томонидан бола манфаатларига алоқадор қарорлар қабул қилиш пайтида боланинг фикрини инобатга олишга оид нормалар киритиляпти. Шунингдек, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар “Меҳрибонлик” уйларига жойлаштирилган бутун вақт мобайнида бронлаштириш ҳуқуқини тақдим этиш, ота-она қарамоғисиз қолган болаларга рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши тўғрисидаги қоидалар акс эттирилмоқда.

Фуқаролик процессуал кодексига киритилаётган ўзгартишга кўра эса, вояга етмаган болаларнинг судга қилган бевосита мурожаатларини бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан кўрмасдан қолдиришнинг таъқиқланиши белгиланмоқда. Шунингдек, ўн тўрт ёшга тўлган вояга етмаганларга судда даъвогар бўлиш ҳуқуқининг берилиши тўғрисидаги қоида белгиланмоқда.

“Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонунга ота-она қарамоғисиз қолган болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқишнинг кафолатланиши, бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмаслиги ҳуқуқи тўғрисидаги қоида киритилмоқда.

Қизғин баҳс-мунозаралар руҳида кечган йиғилиш сўнгида қонун лойиҳаси бўйича тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 513

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими