Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

“Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири юзасидан сиёсий партиялар фракцияларининг таклифлари кўриб чиқилди

 “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг янги таҳрири юзасидан сиёсий партиялар фракцияларининг  таклифлари кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга йўллаган жорий йилги Мурожаатномасида охирги уч йилда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларни давом эттириш, бунинг учун биринчи навбатда аҳоли фаровонлигини ошириш ва унинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бош вазифалардан бири бўлиб қолишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишидаги нутқида Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида олдимизда ўта долзарб ва мураккаб вазифалар турганлиги, уларни муваффақиятли ҳал этиш учун аввало қонун ижодкорлиги соҳасида ишни бутунлай янгича ташкил этиш кераклигини таъкидлаб, Қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам “демократия мактаби”га айланиши зарурлигига эътибор қаратди.

Жорий йилнинг 31 январь куни Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасида янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг вакиллари иштирокида ўзгача талабчанлик руҳида қизғин муҳокама қилинди.

Масала ўта долзарблиги, аҳоли фаровонлигини таъминлашдаги аҳамиятидан келиб чиқиб, мазкур йиғилишга Қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Олий Мажлис ҳузуридаги қонунчиик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти, Тошкент давлат юридик университети илмий ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилдилар.


Мазкур қонун лойиҳасида бир қатор янги прогрессив нормаларни ўз ичига олган, жумладан, иш ўринларини яратиш ва бандликни таъминлашни рағбатлантириш, доимий иш ўринларини яратишга давлат буюртмасини шакллантириш, ишсизларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашни такомиллаштириш, ишсизликни камайтириш бўйича чоралар қўллаш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларини, ёшлар, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва бошқа бир қатор янги нормалар белгиланмоқда. Бундан ташқари, аҳолини бандлигини таъминлаш замонавий касб стандартларини ва малакани бахолаш тизимини жорий этиш, ташкиллаштирилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элларда ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, чет элдаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишида қонун лойиҳаси юзасидан сиёсий партиялари фракциялари вакилларининг фикрлари ва таклифлари лойиҳани такомиллаштириш юзасидан атрофлича муҳокама қилинди.

Хусусан, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари томонидан қонун лойиҳаси тадбиркорлик кўламини кенгайтириш, унинг янги кўринишларини жорий қилиш, шунга кўра янги иш жойларини яратишга, иқтисодий ўсишни юқори малакали ишчи кучи билан таъминлашга ҳуқуқий-институционал имкониятлар яратиши билан жиддий эътиборга моликлиги қайд этилди. Айниқса, иш берувчиларни рағбатлантиришнинг янги иқтисодий механизмларини қонуний асосини яратилиши, хусусан давлат томонидан субсидия ва грантлар ажратилишининг кафолатланиши алоҳида эътироф этилди.

Шу билан бирга, ЎзЛиДеП фракцияси аъзолари қонун мустақилликнинг дастлабки йилларидан то бугунги кунга қадар “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида” деб номланиб келинганлиги, бугунги кунги демократик ислоҳотлар ва фуқароларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликларини тўла рўёбга чиқариш заруратидан келиб чиқиб янги таҳрирдаги қонуннинг номини ҳам ўзгартириш кераклигини таъкидлашди. Хусусан, қонун лойиҳасининг “Аҳолини иш билан бандлиги тўғрисида” деб номлаш таклифини илгари сурдилар. Бу эса, мажбурий меҳнатга олиб келувчи барча ҳуқуқий асосларни буткул тугатишга, аҳолини эркин меҳнатга иштиёқини ривожлантиришга хизмат қилади.

Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари лойиҳага ташқи меҳнат миграцияси масаласи ҳусусида, жумладан мигрантларнинг муносиб турмуш ва яшаш шароити, уларни ишга жойлаштириш ва ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини ҳам киритишни таклиф қилишди.

Бироқ, айрим депутатлар томонидан меҳнат миграцияси масалаларини комплекс ёритиш ва қонунчиликда рўёбга чиқариш учун алоҳида “Меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ деган фикрлар билдирилди.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан ташкиллаштирилган меҳнат миграцияси бугунги кунда энг долзарб ижтимоий-иқтисодий муаммо эканлигини инобатга олиб хорижда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимизни ижтимоий муҳофаза қилишнинг энг зарур кафолатларини айнан мазкур қонунда ифодаланиши мақсадга мувофиқлиги маъқулланди.


Баҳс-мунозараларда “Адолат” СДП фракцияси қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб, унда шаффофлик ва бир вақтнинг ўзида ахборот ҳавфсизлиги нуқтаи назаридан муҳофазаланган, коррупция, ҳаддан ортиқ бюрократия ва шунга ўхшаш салбий ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган, “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплекси каби электрон платформаларни жорий қилинишига оид нормалар аниқ акс эттирилганлигини эътироф этдилар.

Шунингдек, фракция вакиллари меҳнат бозори, меҳнат ресурслари баланси, ташкил этилаётган иш жойлари ҳақидаги холис ва долзарб маълумотлар базасини ўз ичига олган ушбу электрон платформадан самарали фойдаланиш механизмларини ҳам лойиҳага киритиш таклифини билдирдилар.

Ўзбекистон ХДП фракцияси вакиллари ҳақиқатдан ҳам амалдаги қонуннинг қатор нормаларида белгиланган ишсизларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни иш билан таъминлашнинг фаол тадбирларини кучайтиришни, бу борада қонунчиликда белгиланган нафақа ва тўловлар даражаси талаб даражасида эмаслигини таъкидлашди. Шу муносабат билан, ишсизлик нафақасининг, ишсизларга сарфланадиган ўқитиш ҳаражатларининг минимал чегарасини сезиларли ошириш янги қонун лойиҳасининг муҳим таркибий компонентларидан бўлиши зарурлигига жиддий урғу қаратдилар. Шунингдек, қонун номини ўзгартирмасдан “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида” деб қолдириш таклифини билдирдилар.

Шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси вакиллари қонун лойиҳаси юзасидан ўз муносабатларини билдирдилар. Бу фракция аъзолари қонун нормалари, айниқса аҳолининг иш билан бандлиги кўламлари ва суръатлари иқтисодий ўсишнинг шиддатли суръатларига, янги иқтисодиёт тузилмасига, тармоқларнинг илғор таркибига тўғри келиши нуқтаи назаридан такомиллаштириш зарурлигини таъкидладилар. Хусусан иш жойларининг ишчи кучи учун муносиблик даражаси, гендер ва меҳнат ресурсларининг ёш таркибига мувофиқлик масалалари ҳам ушбу қонун таъсир доирасига кириши юзасидан таклифлар беришди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, савол-жавобларга бой тарзда ўтган йиғилиш якунида қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таклифларни инобатга олган ҳолда иккинчи ўқишга тайёрлаш, бундан ташқари йиғилишда бевосита аҳолини иш билан таъминлашда айрим хусусий бандлик агентликлари томонидан аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган, қонунбузилиш ҳолатларини ҳам хисобга олган ҳолда “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини қайта кўриб чиқиш, уни янада такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.

 

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 903

Депутатлар минбари

Янгиликлар

08.04.2020
Депутатлар ўз сайловчиларига мурожаат билан чиқди

Инсоният тараққиётнинг ҳозирги кунига қадар жаҳоншумул ютуқларга эришди. Уларни бирма-бир санаш муш...

07.04.2020
Депутатлар жарималар оширилишига қарши овоз берди

Гап шундаки, мамлакатимизда кейинги пайтларда автотранспорт воситалари сонининг кескин ортиши йўлларда...

07.04.2020
Экотуризмни ривожлантириш — муҳим вазифа

Парламент қуйи палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими