Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия ўз олдига қўйган вазифаларни бажардими?

Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия  ўз олдига қўйган вазифаларни бажардими?

2020 йил 6 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиянинг йиғилишда парламентнинг мазкур тузилмаси томонидан амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.

Тадбирда қайд этилганидек, давлатимиз раҳбарининг хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб бораётган изчил ислоҳотлари туфайли уларнинг жамиятимиздаги роли тобора ортмоқда.

Бунинг иниъкоси ўлароқ, ўтган қисқа вақт ичида мамлакатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия, Сенатда эса Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари бўйича қўмита ҳамда Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия ташкил этилди. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ҳам, “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳам фаолияти тубдан янгиланди.  

Бу сафарги парламент сайловида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига мамлакатимиз парламенти тарихида илк бор 48 нафар аёл депутат бўлиб сайлангани, маҳаллий кенгашларда эса, уларнинг салмоғи янада кўплиги ҳам юртимизда оила институтига, хусусан, аёлларга кўрсатилаётган катта эътиборнинг самарасидир. Бу Президентимизнинг “Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт” деган гапининг амалда ўз тасдиғини топаётганини яққол кўрсатади.


Мазкур йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш ва янги босқичга олиб чиқиш мақсадида давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан 2017 йил октябрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси тузилган эди. Ўтган давр мобайнида мазкур комиссия томонидан амалга оширилган диққатга молик ишлар Президентимизнинг ушбу ғоя ва ташаббуси нақадар пухта ўйлангани ҳамда тўғри бўлганини кўрсатмоқда.

Тадбирда таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегияси доирасида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шунингдек, оила институтини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишларда мазкур комиссия ҳам фаол иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг муҳим йўналишларидан бири бўлган хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиянинг ўтган даврдаги фаолиятида алоҳида ўрин тутди. Хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларнинг ижроси ҳолати юртимизнинг деярли барча вилоятлари кесимида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди. Ушбу ўрганишлар давомида «Ҳар бир оила – тадбиркор» Давлат дастури ҳамда «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунда кўзланган ишларнинг ҳам ўз вақтида самарали бажариб борилиши назорат тартибида ўрганилди. Ўрганишлар давомида аёлларнинг тадбиркорлик салоҳияти ва имкониятларини таҳлил қилиш, яшаш ҳудудининг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, уларнинг ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиши учун тегишли кўникмаларни шакллантириш ва кредитлар ажратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қайд этилганидек, ўтган даврда оила ва аёллар масалаларига оид бугунги кундаги мавжуд муаммолар комиссия томонидан таъсирчан парламент назорати шаклларидан самарали фойдаланган ҳолда таҳлил қилинди.


Комиссия ўз фаолияти давомида шу кунга қадар ҳудудларга чиққан ҳолда 40 дан зиёд амалий мулоқот ва давра суҳбатлари ўтказди. Тадбирларда асосан, мамлакатимизда оила институти мустаҳкамлигини таъминлашга, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси, хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш каби масалалар ҳар томонлама муҳокама қилинди.

Айниқса, хотин-қизлар орасида касб танлаш ва меҳнат қилиш ҳуқуқлари, меҳнат фаолиятини олиб борилиши учун миллий қонунчиликда яратилган имкониятларнинг кенг тарғиботига алоҳида эътибор қаратилди. Бундай учрашувлар жараёнида хотин-қизларга Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йил 7 март куни қабул қилинган «Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги ҳамда 2019 йил 22 апрель куни қабул қилинган «Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорларининг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар берилди.

Парламентнинг ташаббускор ишчи гуруҳи таркибидаги комиссия аъзолари «Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда, унинг кенг жамоатчилик муҳокамасини ташкил этиш ҳамда қабул қилинишида жонбозлик кўрсатдилар. Шунингдек, комиссия томонидан берилган таклифлар «Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига ўзгартиш киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг маромига етказилишида муҳим омил бўлди.

Бундан ташқари, 2019 йил давомида комиссия томонидан « Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида»ги, «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар ҳамда Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қўшма қарорининг қабул қилиниши жараёнида жамоатчилик муҳокамасига бағишланган туркум тадбирлар ўтказилиб, уларда мазкур ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилинди.

Парламент қуйи палатасининг сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган халқаро алоқалари асносида комиссия ҳам хотин-қизлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини кучайтиришда халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хорижий мамлакатлар парламент вакиллари билан ўзаро тажриба алмашиш ишларида фаол иштирок этди.

Жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни ўрганиш, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш комиссиянинг доимий эътибор марказида бўлди. Шу кунга қадар комиссияга фуқаролардан 92 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 75 фоизи қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлардан иборатдир.

Тадбирда Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиянинг келгусидаги ишларини такомиллаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.


Кўришлар сони: 535

Депутатлар минбари

Янгиликлар

24.01.2020
Гулшана ХУДОЁРОВА: Президентнинг таълим-тарбияга ғамхўрлиги замирида катта ҳикмат бор

Бугунги Мурожаатномада кўтарилган энг устувор ғоя ҳам барча соҳалардаги ўзгариш ва янгиланишлар,...

22.01.2020
Депутатлар Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодларни кўриб чиқдилар

Парламентнинг ҳозирги ривожланиш босқичида давлатимиз раҳбарининг тавсиялари билан амалиётга жорий...

22.01.2020
Фракция Ҳукумат аъзолигига номзодларни маъқуллади(ми?)

Депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан ўз муносабатларини билдириб ўтишди. Номзодларнинг ҳаётий...

Тадбирлар тақвими