Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциялараро мунозара ўтказилди.

Тадбирга қўмита аъзолари билан бирга, сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари вакиллари, Тошкент шаҳар ҳудудий меҳнат органлари, хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди ходимлари, соҳа экспертлари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Фракциялараро мунозарадан кўзланган асосий мақсад меҳнат муносабатлари бўйича қонун ҳужжатларига киритилаётган институционал ўзгаришларни муҳокама қилиш ва мутахассислар, экспертлар фикрларини ҳисобга олган ҳолда, аҳоли бандлигига оид қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан якдил тўхтамга келишдан иборат бўлди.

Қонунни такомиллаштириш орқали мамлакатимизда янги барқарор иш ўринларини яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, миллий меҳнат бозорида ишчи кучи рақобатбардошлигини ошириш, банд аҳолининг малака сифати ва касбий даражасини ошириш борасидаги ислоҳотларни жадаллаштиришнинг ҳуқуқий асослари яратилмоқда.

Шу билан бир қаторда, айни пайтда меҳнат бозоридаги вазиятни тубдан яхшилаш, меҳнат муносабатларини ҳозирги замон бозор иқтисодиёти, инвестиция фаоллигини ошириш ва ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш учун “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш давр талабига айланди. Яъни, кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақияти муайян даражада ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасини тубдан ўзгартиришни, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёнини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни талаб қилмоқда.

Шунинг учун ҳам бугунги ҳуқуқ амалиёти ушбу йўналишдаги ижтимоий муносабатларни тарқоқ, алоҳида қонунчилик ва қонуности ҳужжатлари орқали тартибга солишдан воз кечган ҳолда, йўналтирилган, тўғридан-тўғри ва таъсирчан қонунчилик йўли билан тартибга солиш амалиётига ўтишга мўлжалланган. Бу эса, ҳуқуқий зиддиятлар, номутаносибликлар, ҳуқуқни нормаларини турлича талқин қилиш каби ҳолатларга ва мураккабликларга барҳам беради.

Маълумки, мазкур қонун лойиҳаси жорий йил 22 октябрь куни Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқулланган эди. Яъни, аҳоли бандлиги соҳасидаги туб ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий ўзгаришларни қонун амалиёти билан мустаҳкамлаш орқали кескин жадаллаштириш йўналишлари депутатлар корпуси томонидан қўллаб-қувватланган эди. Шу боис, қўмита томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳаси биринчи ўқишдан кейин ўтган қисқа давр ичида сиёсий партия фракциялари, депутатлар, экспертлар, иш берувчилар ва кенг жамоатчиликнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда, тубдан такомиллаштирилди.

Хусусан, “ЎзЛиДеП” фракцияси томонидан “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририда “иш билан таъминлаш” тушунчасини “аҳоли бандлиги” тушунчаси билан алмаштириб, “Аҳоли бандлигини таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тартибида кўриб чиқиш таклифи инобатга олинди.

Қонун лойиҳасида аҳолининг бутун умр давомида узлуксиз таълим олиши ғоясини ишсиз аҳолига юксак миллий ва халқаро стандартлар асосида, айниқса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимида яратилаётган касб-ҳунар марказларида ўқитиш орқали таъминлаш ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Бу ўринда ишсизлар учун стипендиялар миқдорининг иш ҳақининг энг кам миқдори базасида кескин оширилаётгани, ишсизларни касбга ўргатиш жараёнининг такомиллаштирилаётгани ва ишчи кучи сифатини сертификатлашнинг қонунчилик амалиёти жорий этилаётганини таъкидлаш зарур.

Қонун лойиҳасида ишсизларни кучли ижтимоий ҳимоя қилишнинг муҳим тадбирлари, хусусан, ишсизлик нафақаси миқдорини, аҳоли бандлигини фаоллаштириш ва унинг самарасини оширишни давлат томонидан молиялаштиришни кескин кўпайтириш назарда тутилган.

Юқоридагилар сабабли, лойиҳага кўплаб янги моддалар киритилган бўлиб, улардан мақсад — аҳоли бандлигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш самарадорлигини тубдан ўзгартириш, фуқароларнинг иш билан бандлигини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтариш, мамлакатимизда профессионал меҳнат бозорини шакллантириш йўли билан кучли ижтимоий муҳофазани таъминлашдан иборатдир.

Шундан келиб чиқиб, сиёсий партиялар фракциялари вакиллари қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳаларини, таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Қизғин кечган баҳс-мунозаралар чоғида қайд этилганидек, мазкур қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши меҳнат бозори тараққиёти ва амалга оширилаётган туб иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар уйғунлигини таъминлаш, ишчи кучи сифатини глобал жараёнларга мослаб юксалтириш, ҳудудларнинг инвестиция фаоллигини ошириш, аҳоли бандлигини кескин ошириш орқали юртимизда истиқомат қилувчи барча оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида қўмитанинг янги таҳрирдаги мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 454

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими