Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

2020 йил учун Давлат бюджетига доир қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда

2019 йил 12 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси ҳамда Аграр ва сув ҳўжалиги масалалари қўмиталари томонидан навбатдаги йиғилиш ўтказилди.

Депутатлар, мутасадди вазирлик ва идоралар масъул ходимлари иштирок этган йиғилишда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг қарори билан мамлакат иқтисодиётининг тармоқларини ислоҳ қилиш доирасида иқтисодий-молиявий статистика маълумотларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, бюджет жараёни очиқлигини оширишнинг янги механизмларини жорий этиш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда ҳамда юртимизда юритилаётган ислоҳотларнинг барчаси мамлакат тараққиётига хизмат қилиши билан бирга, иқтисодий барқарорлигимизни таъминлашга хизмат қилмоқда.

Парламент қуйи палатасига киритилган 2020 йилга мўлжалланган Бюджетномани тасдиқлашда янги амалиёт ҳаётга татбиқ этилмоқда ва Олий Мажлис томонидан биринчи марта Давлат бюджети қонун шаклида қабул қилинмоқда.

Яъни, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини халқаро стандартларга мувофиқ тайёрлаш ва бюджет маълумотларининг очиқлигини, шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағларининг шаклланиши, сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш тартиблари белгиланмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, 2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда, 5,5 фоиз (2021 йилда 5,8 фоиз, 2022 йилда 6,2 фоиз) миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 6,5 фоиз, қурилишда 9,3 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,0 фоиз ва хизматлар соҳасида 5,6 фоиз кўпаяди, асосий капиталга инвестициялар 10,0 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти ҳамда импорт 8,0 фоиз ўсади.

2020 йилга мўлжалланган Бюджет сиёсати пухта ўйланган фискал сиёсатни амалга оширишга, иқтисодий кўрсаткичларнинг мутаносиб ўсишига ва мамлакат молиявий тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

“2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан бюджет маблағларини режалаштириш самарадорлигини, улардан фойдаланиш натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Бюджетни режалаштиришнинг барқарорлигини ошириш мақсадида прогноз йили учун Давлат бюджетини ва кейинги икки йилга мўлжалланган бюджет йўналишларини тасдиқлаш йўли билан ўрта муддатга мўлжалланган бюджетни режалаштириш таклиф қилинмоқда.

2020 йилда мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 653,5 трлн. сўмни, Давлат бюджети даромадларининг тушуми 128,5 трлн. сўм ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 19,6 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилиниб, бу алоҳида соҳалар ривожига мақсадли харажатларни ошириш йўли билан иқтисодий ўсишни рағбатлантиришни таъминлайди.

2020 йилда Давлат бюджетининг харажатлари 131,1 трлн. сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 24,0 фоизга кўп бўлиб, бунда Давлат бюджетининг харажатлари асосан ижтимоий соҳаларга йўналтирилади. Жумладан, ижтимоий соҳа харажатлари 66,0 трлн. сўмни ёки умумий харажатларга нисбатан 50,3 фоизни ташкил этади. Бунда ушбу харажатларнинг ўсиши аввалги йилга нисбатан 24,0 фоиз кўпаяди.

Мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 5,2 трлн. сўм, умумий таълимга 20,9 трлн. сўм йўналтирилади, кадрлар тайёрлашга ажратиладиган маблағлар 3,9 трлн. сўмни ташкил этади.

Соғлиқни сақлашга 14,8 трлн. сўм, маданият ва спортни молиялаштириш учун 2,3 трлн. сўм, илм-фанга 1,0 трлн. сўм йўналтирилади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш ва компенсация тўловлари учун харажатлар ўтган йилдагига нисбатан 27,0 фоиз ошган ҳолда 6,6 трлн. сўмни ташкил этади.

Умуман олганда, 2020 йилги Бюджетномада назарда тутилган даромадларнинг изчил ўсиши, солиқ сиёсатида жорий этилаётган туб ўзгаришлар аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.

Йиғилишда “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий йўналишлари депутатлар томонидан ҳар томонлама муҳокама этилди.

Бюджет маблағларидан самарали фойдаланишда таъсирчан жамоатчилик ва парламент назоратини амалга ошириш долзарб аҳамият касб этади. Маҳаллий бюджетларнинг даромад манбаи мустаҳкамланишини ва уларнинг мустақиллиги изчил ошириб борилишини ҳисобга олган ҳолда, маҳаллий вакиллик органлари ваколат ҳамда имкониятларидан оқилона фойдаланилишини, бюджетга тушумлар тўлиқ бўлишини таъминлаш ишига фаол қўшилишлари талаб этилади. Бу борада парламент халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари корпусига ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши ҳам таъкидлаб ўтилди.

Қўмиталардаги барча депутатлар томонидан ушбу ҳужжатларни кўриб чиқишда масъулият билан ёндашиши, соҳа мутахассислари билан ҳар бир масала бўйича кенг қамровли муҳокамалар ташкил қилиб, ишлаши зарурлиги ҳам қайд этилди. Чунки, бу ҳужжат мамлакатда 2020 йилда амалга ошириладиган ислоҳотларни таъминлашда асосий бош молиявий ҳужжатдир.

Йиғилишда муҳокама этилган шу ва бошқа масалалар бўйича ҳамда депутатлар томонидан жойларда аҳоли билан ўтказилган учрашувлар чоғида билдирилган фикрлар ҳамда таклифларни инобатга олиш лозимлиги билдирилди. Бу қўмиталарнинг тегишли қарорларида ўз аксини топди.


Кўришлар сони: 256

Депутатлар минбари

Янгиликлар

11.12.2019
Ўзбекистон — Япония: алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама этилди

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад Ўзбекистон — Япония ўртасидаги парламентлараро ва маданий-гуманитар...

09.12.2019
ДЕПУТАТЛАР УЗОҚ МУҲОКАМАЛАРДАН СЎНГ ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ СОЛИҚ КОДЕКСИНИ ҚАБУЛ ҚИЛДИЛАР

Мажлисида депутатлар эътиборига иккинчи ўқишда ҳавола этилиб, муҳокама марказида бўлган долзарб ...

09.12.2019
Махсус иқтисодий зона иштирокчиларига ҚҚСдан енгилликлар белгиланмоқда

2019 йил 9 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар “Махсус...

Тадбирлар тақвими