Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

Жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди

2019 йил 7 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси томонидан “Жамоатчилик назоратининг таъсирчан шакллари ва уларни амалга оширишнинг ҳуқуқий механизмлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, сиёсий партиялар, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари зиммасига қонун билан юклатилган вазифаларни қай даражада бажарилаётгани устидан назоратни яна бошқа бир давлат органи эмас, балки айнан жамоатчилик томонидан олиб борилиши муҳим аҳамият касб этади. Мамлакатимизда жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар босқичма-босқич ўтказилмоқда. Хусусан, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ Конституциямизда давлатнинг жамият олдидаги масъуллиги мустаҳкамлаб қўйилди. 2014 йилда Конституциямизнинг 32-моддасига киритилган ўзгартишлар эса, жамоатчилик назорати институтига конституциявий мақом берди.

Қайд этилганидек, юртимизда фуқаролик жамияти институтларининг ижтимоий фаоллиги ва уларнинг давлат органлари устидан жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ваколатини мустаҳкамлашга қаратилган юздан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд. Қолаверса, бу масалада махсус қонун — “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам қабул қилинди.

Мазкур ҳужжат билан жамоатчилик назоратининг субъектлари, объектлари, шакллари, бу соҳадаги ижтимоий муносабат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда жамоатчилик назоратининг натижалари ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланди. Шундай қилиб, мамлакатимизда жамоатчилик назоратини олиб бориш бўйича норматив-ҳуқуқий база шакллантирилган бўлиб, у тизимли равишда ривожланиб бормоқда.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, жамиятни демократлаштириш жараёнининг босқичма-босқич ривожланиши самараси ўлароқ, фуқароларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳам ошиб бормоқда. Бу ҳолат бевосита юртимизда очиқ сиёсат олиб боришнинг йўлга қўйилгани билан боғлиқдир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда қатор давлат органлари виртуал қабулхоналарининг ташкил этилгани халқ билан мулоқотнинг янгича услуби бўлди.

– Бугунги кунда ҳар бир мансабдор шахснинг ножўя хатти-ҳаракати, унинг ким бўлишидан қатъи назар, ижтимоий тармоқларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиб борилмоқда, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуллажон Ҳамроқулов. – Турли теледастур ва ток-шоулар орқали аҳоли ўз муаммоларини тўғридан-тўғри мансабдор шахслар олдига қўймоқда. Натижада, давлат органлари барча учун очиқ тузилмага айланишни бошлади ва уларнинг фаолияти ҳақиқий жамоатчилик назоратига олинди, десак муболаға бўлмайди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 4 октябрдаги “Мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар устидан жамоатчилик назорати самарадорлигини, шунингдек, фуқароларнинг демократик ўзгартиришлардаги фаоллигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунни қайта кўриб чиқиш тавсия этилган.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, бугунги кунда амалиётда жамоатчилик вакиллари томонидан мансабдор шахслар фаолияти устидан назоратнинг турли янги замонавий шаклларига аллақачон ўтилган бўлиб, уларни қонунларда тўлиқ акс эттириш мақсадга мувофиқ. Хусусан, бугунги кунда интернет муҳокамалари, айниқса, петиция (жамоавий мурожаат) институтларидан жамоатчилигимиз жуда фаол фойдаланаётир, фуқаролар томонидан ҳар бир ҳуқуқбузарлик факти бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга маълумот юбориб бориш амалиёти йўлга қўйилган.

Йиғилиш иштирокчилари амалдаги қонунга жамоатчилик назоратини амалга ошириш механизмларини батафсил ёритиш, давлат органлари ҳузуридаги жамоатчилик кенгашларининг ролини оширишга қаратилган қоидалар киритиш таклифини илгари сурдилар.

Тадбирда қатнашчилар томонидан билдирилган таклиф ва тавсиялар асосида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1307

Депутатлар минбари

Янгиликлар

27.05.2020
Қонун ижроси қай даражада бажарилган?

Айрим ташкилот, муассаса ва корхоналарда фуқаро муҳофазаси бўйича мутахассис лавозимлари жорий этилмаган....

27.05.2020
Қўмиталар Давлат бюджети ижроси юзасидан конструктив таклифлар берди

Ҳозирги кунда дунёнинг деярли барча давлатларига тарқалган коронавирус пандемияси халқаро интеграциянинг...

27.05.2020
Парламентлараро иттифоқ Ўзбекистон парламентининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги фаолияти ҳақида

Парламентлараро иттифоқнинг расмий сайтида 2020 йил 18 май куни мазкур халқаро ташкилот томонидан...

Тадбирлар тақвими