Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Реновация дастури бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича масъуллар ахборот берди

Реновация дастури бўйича амалга оширилаётган ишлар бўйича масъуллар ахборот берди

 

2019 йил 29 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан юртимизда кўп квартирали уйларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида Реновация дастурини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ва Қурилиш вазирликларининг ахбороти эшитилди.

Тадбирда “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурига асосан кўп қаватли уй-жой фондини тўлиқ инвентаризациядан ўтказилиши, хорижий тажрибани ўрганган ҳолда Реновация дастурини ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳолати таҳлил қилинди.

Маълумки, мамлакатимиз Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, уларни муносиб турар жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш каби масалаларга эътибор қаратилган эди. Хусусан, юртимиздаги мавжуд 34 мингдан ортиқ кўп қаватли уйларнинг аниқ ҳолатини тўлиқ хатловдан ўтказиш, дунёдаги йирик мегаполисларнинг бу борадаги тажрибасини ўрганган ҳолда, реновация дастурини, яъни, эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида энг замонавий шароитга эга бўлган янги уйлар қуриш дастурини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланган эди.

Депутатлар Мурожаатномада белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлашда парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш доирасида мамлакатимиз реновация дастурини ишлаб чиқиш ва мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар билан бирга бугунги куннинг долзарб масалалари хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирдилар.

Ахборотда келтириб ўтилганидек, айни пайтда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан республикадаги мавжуд 34 584 та кўп қаватли уй-жой фондлари барча йўналишлар бўйича хатловдан ўтказилган.

Хатлов натижасида, республикадаги жами 34 584 та уйларнинг аксарияти 1990 йилларгача қурилган бўлиб, уларнинг 18 627 таси ғиштли, 14 643 таси йирик панелли ва 1 314 таси бошқа конструкцияли эканлиги аниқланган. Шунингдек, уйларнинг 455 тасида авария аломатлари мавжудлиги маълум бўлган.

Реновация дастурининг асосий мақсади бу фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва кўп квартирали уйларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш мақсадида эскириб қолган кўп қаватли уйлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қуриш назарда тутилади. Унда ривожланган давлатлар тажрибаси асосида уйларнинг ертула ва том қисмларини теплоизоляция қилиш, ойналарнинг замонавий ромларга алмаштириш, 5 қаватли уйларга заруратдан келиб чиқиб ташқи лифтлар ўрнатиш, уйларнинг фасад қисмларини шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирлаш, иссиқлик таъминоти тармоқларини изоляция қилиш, энергия тежамкор механизмларни жорий этиш орқали самарадорликни ошириш каби масалалар режалаштирилади.

Тадбирда АҚШ, Германия, Эстония, Россия, Украина, Қозоғистон каби давлатлар тажрибалари ўрганилгани, реновация, санация каби янги тизимларни мамлакатимизда жорий этиш юзасидан депутатлар ҳамда тегишли вазирликлар мутахассислари томонидан билдирилган фикрлар муҳокама қилинди.

Шунингдек, тадбирда депутатлар соҳадаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, уй-жой мулкдорлари ширкатларида маъмурий ҳаражатларни камайтириш учун профессионал бошқарув компаниялари фаолиятини қўллаб-қувватлашни янада ривожлантириш каби масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар билдириб ўтдилар.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этишлари зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Парламент аъзолари тадбирда билдирилган таклифлар асосида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, муносиб турар жой билан таъминлаш, халқимиз фаровонлигини ошириш, парламент назорати механизмларидан самарали фойдаланиш бўйича келгусида олиб бориладиган ишларни белгилаб олдилар.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 199

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими