Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатлар аниқ таҳлилларсиз жорий қилинган амалиётдан норози

Депутатлар аниқ таҳлилларсиз жорий қилинган амалиётдан норози

Мамлакатимизда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этиш борасида кўплаб амалий ишлар қилинмоқда. Жумладан, тез тиббий ёрдам тизимида транспорт, барча тиббиёт муассасаларида дори-дармон таъминоти сезиларли даражада ошди, тиббиёт ходимларининг ойлик иш ҳақи босқичма-босқич кўпайтирилмоқда, олий таълим муассасаларига мақсадли квоталар белгиланмоқда. Бундай мисолларни яна узоқ давом эттириш мумкин. Энг муҳими, халқимиз буни ўзининг кундалик ҳаётида сезаётганини эътироф этмоқда.

2019 йил 29 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган «Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида шифокорлар фаолиятидаги муаммолар, кундузги стационарлар фаолияти ва уларнинг таҳлили»га бағишланган йиғилишда эса, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, аниқланаётган муаммолар муҳокама марказида бўлди.  

Маълумки, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг аҳолига яқинлаштирилгани, яъни қишлоқ врачлик пунктлари негизида оилавий поликлиникаларнинг ташкил этилиши, уларда тор соҳа мутахассислари фаолиятинининг ҳамда кундузги стационарларнинг ташкиллаштирилиши стационарга бўлган юкламани камайтирди.

Республикадаги 1198 та бирламчи тизим муассасаларида аёллар маслаҳатхоналари, 200 та кўп тармоқли марказий поликлиникаларда қизлар саломатлиги хоналари ва перинатал скрининг хоналари ташкил этилди ва 200 та юқори сезувчи замонавий ультратовуш аппаратлари билан жиҳозланди. Бундан ташқари, 793 та қишлоқ оилавий поликлиникаларига Осиё тараққиёт банкининг кредит маблағлари ҳисобидан 9 турдаги тиббиёт асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш ишлари бошлаб юборилди.

Шунга қарамасдан, депутатлар томонидан ўтказилаётган ўрганишлар ва таҳлиллардан маълум бўляптики, тиббий патронажни ташкил қилиш бўйича ягона норматив–ҳуқуқий ҳужжат, шунингдек, тиббий патронажни амалга оширувчи умумий амалиёт шифокорлари ва патронаж ҳамширалари иш тақсимотида ягона ёндашув мавжуд эмас. Масалан, патронаж ҳамшираси қишлоқ врачлик пунктида 750 нафар аҳолига 1 ставка бўлса, қишлоқ оилавий поликлиникада 1000 нафарига, шаҳардаги оилавий поликлиникада 667 нафарига 1 ставка кўзда тутилган.

Шунингдек, белгиланган тартибга кўра, умумий амалиёт шифокори кунига 6 нафар фуқарони уйига бориб кўриши белгиланган бўлиб, бу вақтда поликлиника ёки ҚВПга келган беморларни қабул қилиш имкони бўлмайди. Бундан ташқари, умумий амалиёт шифокори учун ҳар куни 6 нафар беморни уй шароитида кўриш тўғрисидаги талаб шифокорнинг имкониятига мос эмас. Яъни, ҳудудда бундай бемор бор-йўқлиги ёки уйига боришга зарурат бор–йўқлиги масаласига эътибор қаратилмаган.

Йиғилишда яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, кейинги йилларда юртимизда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан юритилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида шаҳарларда оилавий поликлиникалар, туманларда эса, қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда кундузги стационарлар ташкил қилинди.

Хўш, кундузги шифохона ўзи аслида нега керак? У одамларга нима наф беради?

Йиғилишда ана шу саволларга ҳам жавоб изланди.

Қайд этилганидек, барча касалликларда ҳам кеча–кундуз шифохонада ётиб даволанишга эҳтиёж йўқ. Шунингдек, стационарда даволаниб чиққанидан кейин муолажаларини давом эттириш зарурати бўлганида, айниқса, кекса ёшдаги фуқаролар, эҳтиёжманд аҳоли қатламини қамраб олишда кундузги стационарлар муҳим ўрин эгаллайди. Ўзига яқин ҳудуддаги оилавий ёки қишлоқ оилавий поликлиникаларидаги кундузги стационарлар ана шундай тоифадаги беморлар учун жуда қўл келади. Ваҳоланки, оилавий поликлиниканинг ўзида лаборатор таҳлилларни ўтказиш, тегишли муолажаларни олиш имкони кенгайди.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кундузги стационарларда муолажа олиш, биринчидан, беморнинг вақтини, маблағини тежайди, оворагарчиликнинг олдини олади. Иккинчидан, хаста одам кундузги шифохонада доимий ҳолидан хабар олувчи шифокори ва патронаж ҳамширасининг назоратида бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўтказган ўрганишлар жараёнида, афсуски, кундузги шифохоналар имкониятидан етарлича фойдаланилмаётгани аниқланди. Айрим оилавий поликлиникаларда кундузги шифохоналар учун хоналар етишмаса, бошқаларида эса, турли сабаблар билан шифо ўринлари ташкиллаштирилмаган.

Ушбу масала Ҳукуматгнинг парламентдаги ҳисоботи чоғида ҳам айрим депутатлар томонидан ўртага ташланган эди. Аммо масала ҳанузгача ечилмасдан қолмоқда.

Яъни, амалдаги вақтинчалик штатлар нормативида кундузги шифохоналар учун 20 та шифо ўрни мавжуд бўлганда 1 штат врач ва ҳамширалар ажратилиши кўрсатилган. Жойлардаги шароитлардан келиб чиқиб, 10–12 шифо ўринлари ташкил қилинган оилавий поликлиникаларга 0,5 ставка шифокор ва ҳамшира штатлари ажратилган. Ваҳоланки, бу шифокор ёки ҳамшира атиги уч соат ишлайди дегани, холос. Қолган вақтда кундузги шифохона ишламайдими, деган ҳақли саволга тайинарли жавоб йўқ.

Депутатларнинг фикрига кўра, жойлардаги оилавий поликлиникаларда 20 та шифо ўрнини ташкил қилишга эҳтиёж ҳам йўқ, аслида. Имкониятдан келиб чиқиб ташкил этилган шифо ўринларидан самарали фойдаланилса, барча беморларга хизмат кўрсатиш имкони туғилади.

Парламент аъзолари аслида 20 та шифо ўрнидан келиб чиқиб штат ажратиш амалиётини Молия ёки Соғлиқни сақлаш вазирликларининг бюджет маблағларини иқтисод қилиш мақсадида, аниқ таҳлилларсиз жорий қилган иши деб ҳисоблайди. Сабаби, бугунги кундаги воқелик бу айнан жойлардаги вазиятдан келиб чиқилган аниқ ёндашув натижаси эмаслигини кўрсатмоқда.

Танқидий таҳлил, баҳс-мунозара руҳида кечган йиғилишда ушбу масалалар Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, амалиётчилар ҳамда экспертлар иштирокида чуқур муҳокама қилинди.

Шунингдек, яқинда ўтказилиши режалаштирилаётган Парламент эшитуви давомида Соғлиқни сақлаш вазирининг мазкур масалалар ечими юзасидан ҳам парламент қуйи палатасига маълумот тақдим этиши сўраладиган бўлди.

Йиғилишда кўриб чиқилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 231

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.11.2019
2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёрланмоқда

Қонун лойиҳасида биринчи ўқишдан сўнг “Парламент ажратмалари” тушунчаси матндан чиқариб ташланиши...

19.11.2019
Маҳаллий бюджет мустақил бўлгани яхши, аммо...

Дарҳақиқат, қўмиталар, ишчи гуруҳларида кечаётган қизғин муҳокамаларда мамлакатимизда кам таъминланган,...

19.11.2019
“Адолат” СДП фракциясининг қайси таклифи инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг 2019 йил 19 ноябрда ўтказилган...

Тадбирлар тақвими