Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

30 та хусусий бандлик агентлиги бирорта ҳам фуқарони хорижга ишга юбормагани танқид қилинди

30 та хусусий бандлик агентлиги бирорта ҳам фуқарони хорижга ишга юбормагани танқид қилинди

 

Кейинги йилларда мамлакатимизда ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш, вақтинчалик ишлаш учун хорижга жўнаб кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, уларга зарур ҳуқуқий, ижтимоий, ахборот-маслаҳат ёрдами кўрсатиш ҳамда моддий қўллаб-қувватлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

2019 йил 25 октябрь куни парламент Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Ўзбекистонда миграция жараёнлари: муаммо ва ечимлар” мавзусида ўтказилган давра суҳбатида бу борадаги ишлар атрофлича муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – Хорижда вақтинчалик Меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш масалалари департаментининг мудири, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мутасаддилари, хусусий бандлик агентликлари раҳбарлари, миграция масаласига алоқадор вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда журналистлар қатнашди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил   20 августда “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Мазкур ҳужжатда вақтинчалик ишлаш учун чет элга кетаётган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш билан бирга, меҳнат мигрантлари ва улар оила аъзоларининг яшаши, меҳнат фаолияти учун муносиб шароитлар яратиш борасида ҳам қатор вазифалар белгилаб берилди. Шунингдек, меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзолари учун уй-жой, маиший шароитларни яхшилаш, молиявий ёрдам, ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш масалаларида ижтимоий қўллаб-қувватлаш механизмларини яратишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар қабул қилиниши ҳам назарда тутилган.

Албатта, бу кўрилаётган чоралар меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларини қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини йўлга қўйиш, уларга ҳар томонлама кўмаклашиш, ижтимоий ва ҳуқуқий муҳофазалашда муҳим омил бўлмоқда. Бу жараёнда, айниқса, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишда ташқи меҳнат миграцияси масалаларига жиддий эътибор қаратилаётгани, хусусан, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги иши такомиллаштирилгани, “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”ги Қонун қабул қилингани катта аҳамият касб этмоқда.

Мазкур Қонун асосида 88 та юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги сифатида Меҳнат вазирлиги реестрида рўйхатдан ўтказилган. Улардан                       65 тасига фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензия берилган бўлиб, бугунги кунда уларнинг 59 таси ўз фаолиятини самарали юритмоқда.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан юридик шахсларнинг реестрини шакллантириш 1 кунлик қисқа муддатда, лицензия бериш 3-5 кунда амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври давомида Хусусий бандлик агентликлари томонидан 1655 нафар фуқаро чет элда, 77 нафар фуқаро республикамиз ҳудудида ишга жойлаштирилди, 33 838 нафар фуқарога маслаҳат ва ахборот хизмати кўрсатилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон томонидан Россия, Корея, Қозоғистон давлатлари билан тузилган ҳужжатлар янгиланди, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Япония ва бошқа мамлакатлар билан эса, икки томонлама шартномалар имзоланди. Шунингдек, Халқаро миграция ташкилоти билан яқин алоқалар ўрнатилиб, унинг расмий конституцияси ратификация қилинди, ҳозирда эса, юртимизда мазкур ташкилотнинг ваколатхонасини очиш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, тадбир иштирокчилари мазкур соҳадаги муаммоларни ҳам атрофлича муҳокама қилдилар. Хусусан, ўтган вақт давомида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига ва бошқа масъул идораларга айрим хусусий бандлик агентликлари фаолияти устидан кўплаб фуқароларнинг салбий мурожаатлари келиб тушгани қайд этилди.

Депутатлар, айниқса, Ўзбекистон Республикасидан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш мақсадида лицензияга эга бўлган 65 та хусусий бандлик агентликларидан 30 таси томонидан бирорта ҳам фуқаро шу кунга қадар хорижий давлатларга ишга юборилмаганини танқид қилдилар.

Муҳокамалар чоғида кўтарилган масалалар – соҳадаги муаммолар илдизини чуқур ўрганиш, уларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди. Депутатлар соҳадаги муаммоларга ечим топиш, айниқса, хусусий бандлик агентликлари фаолиятини такомиллаштириш масаласида парламент назоратини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратдилар.

Танқидий таҳлиллар асосида ўтган давра суҳбати якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 472

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.11.2019
Ишсизлик нафақасининг миқдори ошадими?

2019 йил 18 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси...

18.11.2019
Давлат бюджети: 9 ой сарҳисоби депутатларни қониқтирдими?

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти қарийб 361,8 трлн. сўмни ташкил этган ...

16.11.2019
2020 йил Давлат бюджети муҳокамаси қандай ўтди?

Бугунги кунда ушбу савол ўта долзарб бўлиб турибди. Чунки, жорий йилнинг ниҳояланишига ҳам бир ойдан...

Тадбирлар тақвими