Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қонун лойиҳасининг ютуқ ва камчиликлари очиқча таҳлил қилинди

Қонун лойиҳасининг ютуқ ва камчиликлари очиқча таҳлил қилинди

2019 йил 27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан иккинчи ўқишга тайёрланаётган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Масаланинг долзарблигини инобатга олган ҳолда, тадбирга қўмита аъзолари билан бирга, сиёсий партияларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари вакиллари, экспертлар, Вазирлар Маҳкамаси, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди ходимлари, Ўзбекистон ногиронлар жамияти, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари ҳамда журналистлар таклиф этилди.

Муҳокамада ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида қонунчиликка киритилаётган янги ўзгаришлар, аввалo, Президентимиз ташаббуси билан сўнги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан ҳамоҳанглиги таъкидланди. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 1 декабрдаги «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармониlfub вазифалар мазкур қонун лойиҳаси концепциясида акс эттирилгани диққатга моликдир.

Таъкидландики, қўмита томонидан мазкур қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида жойларда, хусусан, Ўзбекистон Нуронийлар жамиятида, Андижон, Сирдарё, Тошкент вилоятларида ҳам кенг жамоатчилик муҳокамаси ўтказилди, муҳокамаларда олинган таклифлар қўмита ва ишчи гуруҳда ўрганиб чиқилиб, айрим таклифлар қонун лойиҳасига киритилган.

Лойиҳада ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш принципларига, ваколатли органларнинг ваколатларини тўлиқ акс эттириб, кенгайтиришга ҳаракат қилинган. Аммо, тадбирда қонунчиликдаги янги — ногиронлиги бўлган шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари тушунчаси тўлиқ очиб берилмагани таъкидлаб ўтилди.

Бу борада қўмитанинг ўзига хос позицияси борлиги маълум қилинди. Шунингдек, қўмита томонидан лойиҳадаги айрим моддаларни чиқариб ташлаш таклифи билдирилди. Бу бўйича Ўзбекистон Ногиронлар жамияти вакиллари ўз таклифларини баён қилдилар.

Экспертлар муҳокамалар чоғида қонун лойиҳаси кўпроқ тиббий йўналишда тайёрлангани, унинг ижтимоий моделига эътиборни кучайтириш зарурлиги юзасидан ўз таклифларини илгари сурди.

Муҳокамалар чоғида фаол қатнашган сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ҳам лойиҳа юзасидан ўз позициясини билдирди.

Жумладан, ЎзЛиДеп фракцияси вакиллари қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектларига айрим мажбуриятлар юкланаётганини таъкидлади. Бу борада баъзи моддаларни қайта кўриб чиқиш, тадбиркорлик субъектларига юкланиши кўзда тутилаётган мажбуриятларни олиб ташлаш зарурлиги қайд этилди. Айниқса, бюджет маблағлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган мажбуриятларни акс эттирган нормалар тегишли органлар билан келишилмагани фракция аъзоларининг эътирозига сабаб бўлди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” ДП фракцияси вакиллари қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларни ҳисобга олиш тартиблари кўрсатилмагани, уларни тўсиқсиз муҳитга мослашишида интеграцияни кучайтириш лозимлигини қайд этди. Фракция миллий қонунчилик тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, мазкур қонун қабул қилинса, қандай ўзгаришлар юз бериши, унга жамият, хўжалик юритувчи субъектлар тайёр эмаслиги, шунинг учун қонун қабул қилингандан сўнг уни кучга кириш муддатини қайта кўриб чиқиш кераклиги тўғрисидаги таклифни илгари сурди.

Ўзбекистон ХДП фракцияси вакиллари эса, қонун лойиҳасини кечиктирмаслик зарурлиги, унда давлат кафолатларини кучайтириш лозимлигини таъкидлаб, ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, протез-ортопедия маҳсулотларини ишлаб чиқариш, реализация қилиш тартибларини киритиш шартлигини билдирди. Лойиҳага жамиятда тўсиқсиз муҳит яратишда белгиланган айрим моддалар тўғри киритилганини таъкидлаган фракция аъзолари ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжларига риоя қилган ҳолда, ижтимоий инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва реконструкция қилишдан сўнг қабул комиссиялари таркибига ногиронлиги бўлган шахсларнинг ташкилотлари вакилларини ҳам киритиш зарурлигини қайд этиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси вакиллари қонун лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини тўлиқ акс эттириш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, ногиронликни белгилаш, ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация ва абилитация қилиш тизимини қайта кўриб чиқиш кераклигини билдирди.

“Экоҳаракат” депутатлик гуруҳи вакиллари ҳам ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий муҳитнинг тўсиқсизлигини таъминлаш борасида мукаммаллигини таъкидлаб, атроф-муҳитга мослашиш масалаларида ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, таклифларини илгари сурди.

Қўмита аъзолари таъкидлаганидек, қонун лойиҳасида БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларини имплементация қилишни ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини муҳофазалаш соҳасида замонавий услублар, халқаро стандартларни жорий этиш масаласи ҳисобга олинган.

Тадбирда иштирокчилар томонидан ногиронлиги бўлган шахсларнинг оиласи, жамият ва давлат билан ўзаро алоқасини кучайтириш, уларга йўловчи транспорти, ижтимоий ва бошқа инфратузилма объектларидан эркин фойдаланиши учун зарур шароитлар яратиш, уй-жой, таълим ва касбий маҳоратини оширишга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қоидалар нафақат имконияти чекланган шахслар, балки, жамият учун ҳам фойдали экани таъкидланди.

Қизғин бахс, мунозаралар тарзида ўтказилган йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан билдирилган таклифлар инобатга олиниб, мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга доир тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 644

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими