Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Аҳолига травматология ва ортопедия хизматини кўрсатиш борасидаги муаммолар таҳлил қилинди

Аҳолига травматология ва ортопедия хизматини кўрсатиш борасидаги муаммолар таҳлил қилинди

Республика травматология ва ортопедия илмий–амалий тиббиёт марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда мазкур марказ раҳбарининг “Аҳолига травматология ва ортопедия хизматни кўрсатишнинг ҳолати тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.

Йиғилишда қўмита аъзолари, Соғлиқни сақлаш, Молия вазирликлари, Республика травматология ва ортопедия илмий–амалий тиббиёт маркази масъул ходимлари, мутасадди вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда соғлиқни сақлашни ислоҳ қилишга қаратилган Давлат дастурлари, чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Жумладан, Республика травматология ва ортопедия илмий–амалий тиббиёт марказида ҳам ихтисослаштирилган тиббий ёрдамнинг замонавий талабларга жавоб берадиган самарали тизимини янада такомиллаштириш, профилактика ва касалликларни барвақт аниқлаш чораларини кўриш, аҳолига юқори малакали ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишни тубдан яхшилаш борасида қатор ишлар қилинди. Хусусан, 2019 йилда марказнинг халқаро стандартларга мос тарзда реконструкция қилинган ва замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган биноси ишга туширилди. Шунингдек, марказда ҳавони ламинар тозаловчи замонавий операцион блок, энг янги ускуналар билан жиҳозланган реанимация, нурли ва функционал бўлимлар ҳамда марказ клиникасида янги бўлим – қўл ва оёқ панжалари хирургияси бўлими ташкил этилди.

Бундан ташқари, марказ магнит–резонансли томография, компьютер томографияси, вертебро ва нуклеопластика бажариш учун ускуналар, рақамли рентген, рентгенденситометр, ультра товуш текширув аппаратлари, допплерография учун аппаратлар, замонавий биокимёвий анализаторлар ва бошқалар зарур замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Марказда ҳужжат юритишнинг электрон тизими ишга туширилди, беморларнинг марказ консультатив поликлиникасида онлайн навбат жорий қилинди, вилоят марказлари билан видеоконференция ўтказиш учун шароит яратилди. Марказ тизимидаги врач мутахассисларнинг малака ошириши, тажриба алмашишига, чет элдаги тиббиёт муассасалари билан олиб борилган бошқа ҳамкорлик масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Марказ раҳбарининг ахборотида қайд этилганидек, 2019 йил 6 ой давомида 4031 бемор даволанган бўлиб, улардан 2921 (73 фоизи) нафарида, шундан 463 та (16 фоизи) имтиёзли жарроҳлик операциялари ўтказилган. Тиббиёт туризми йўналиши бўйича яқин чет эл мамлакатларидан 2019 йилда 700 га яқин беморга тиббий хизмат кўрсатилган.

Республика травматология ва ортопедия илмий-амалий маркази томонидан ҳудудларга чиққан ҳолда жойларда тиббий хизмат аҳволини янада яхшилаш, беморларга малакали ёрдам кўрсатиш борасидаги ишларга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2019 йилнинг 6 ой давомида марказ мутахассислари мамлакатимиз ҳудудларига 72 марта чиқилиб, жойларда 5488 бемор кўрикдан ўтказилди, 177 та операция бажарилди, 165 семинар ва маҳорат сабоқлари ташкил этилди.

Шу билан бирга, йиғилишда марказ фаолияти билан боғлиқ бир қатор муаммолар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, маълумотларга кўра, республикадаги травматизм даражаси йил сайин ошиш тенденциясини кўрсатмоқда. Бу нафақат юртимизда, балки жаҳон травматизми учун хос ҳолатдир. 2013 йил мамлакатимизда ҳар 100 минг аҳолига 3 160,7 шикастланиш рўйхатдан ўтган бўлса, 2018 йил якуни бўйича бу кўрсаткич 3 699,4 тани ташкил этди. Травматизмнинг юқори кўрсаткичлари аҳоли зич, асосан йирик шаҳарларда яшайдиган, технологик ривожланган ҳудудларда, хусусан, Тошкент шаҳри, Бухоро, Наманган, Андижон, Самарқанд, Хоразм ҳудудларида қайд қилинган.

Айни замонда травматология ва ортопедия амалиёти учун зарур йўналиш – суяк трансплантологияси масалалари (аллоген суяк тайёрлаш, сақлаш ва қўллаш) учун қонунчилик базасини яратиш муҳим вазифалардан бири бўлиб қолмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, соҳада яна бир жиддий муаммо бу беморларга эндопротез қўйиш масаласидир. Қайд этиш жоизки, бугунги кунда беморларга қўйиладиган эндопротез воситасини сотиб олиш учун харажатлар бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштирилмайди. Беморлар ўз ҳисобидан сотиб олиб келган эндопротезлар марказда ўрнатиб берилади.

Депутатлар томонидан ўтказилган учрашувларда ҳам кўплаб беморлар эндопротезлар ишлаб чиқарилган давлатга қараб, турлича, асосан қиммат эканини билдирмоқда. Шу муносабат билан, чет эл тажрибасини ўрганган ҳолда Соғлиқни сақлаш вазирлиги тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда беморларга эндопротез ва шу каби бошқа воситалар билан таъминлашда қулайликлар яратишга доир амалий чоралар кўриши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, айни соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш масалаласи мамлакатимизда аҳолига травматология ва ортопедия хизматини кўрсатишга ўзининг салбий таъсирини кўрсатаётган муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.

Тадбирда ушбу масалалар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги вакилларининг фикр-мулоҳазалари эшитилди ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш мақсадида тегишли чоралар кўриш тавсия қилинди.

Йиғилиш якунида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг аҳолига сифатли ва самарали травматология ҳамда ортопедия хизматини кўрсатишни кенгайтириш юзасидан вазифалар белгиланган қарори қабул қилинди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 203

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2019
Халқаро шартномаларнинг ижроси ўз вақтида бажариляпти

Тадбирда халқаро шартномалар нормаларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, турли соҳалардаги...

20.09.2019
Депутатлар Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Сессия ошкора, қизғин мунозаралар ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик...

20.09.2019
Қабул қилинган қонун ҳақида мутухассисларнинг фикри қандай?

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, ...

Тадбирлар тақвими