Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Юртимизда халқаро тижорат арбитражи низоларни ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли бўла оладими?

Юртимизда халқаро тижорат арбитражи низоларни ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли бўла оладими?

Ушбу саволга бугун — 10 сентябрь куни ўтказилган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг қонуни лойиҳаси муҳокамасига бағишланган ишчи йиғилишида атрофлича жавоб изланди.

Депутатлар, Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси вакилларидан тузилган ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида кечган очиқ мулоқот, жонли баҳс чоғида таъкидланганидек, “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси шу йилнинг апрел ойида Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, маъқулланган эди.

Айни пайтга қадар ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида қонун лойиҳасини маромига етказиш бўйича 20 да зиёд йиғилиш ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ҳозирда иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёр ҳолга келтирилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, бугунги глобаллашув шароитида хўжаликлараро, давлатлараро алоқалар ривожланиб, минтақавий ва халқаро миқёсда қонунчилик талаблари бирхиллаштирилаётган шароитларда ҳам миллий, ҳам халқаро даражада бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро арбитраж тижорат низоларини ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида тобора катта аҳамият касб этмоқда.

Шу маънода, муҳокамалар чоғида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати кучайиб бораётганини қайд этдилар. Боиси, Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро тижорат арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини белгилаш, хорижий инвесторлар, шунингдек, миллий компанияларнинг чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларида уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Шунингдек, низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш, арбитраж ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижро этиш механизмларини белгилаш ҳамда шу асосда халқаро шартномаларнинг низоли масалаларини ҳал қилишда мамлакатнинг минтақадаги обрўсини ошириш назарда тутилаётгани диққатга моликдир.

Хўш, мазкур қонун лойиҳаси нималарни назарда тутади? Унда қандай тартиб-таомиллар акс эттириляпти? Мамлакатимиз, жамиятимиз ҳаётида қандай аҳамиятга эга бўлиши мумкин?

Парламент қуйи палатасининг Қоррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси аъзоси Шуҳрат ПОЛВОНОВнинг қайд этишича, мазкур қонун лойиҳаси бугунги воқелик, зарур шароитларни инобатга олган ҳолда, норма ижодкорлиги талабларидан келиб чиқиб, пухта қайта ишланмоқда. Аввало, ташаббускорлар томонидан киритилганда 56 моддадан иборат бўлган лойиҳанинг иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнларида бир қатор моддасига ўзгартириш киритилиб, такомиллаштирилди. Қонун лойиҳасида асосий тушунчалар, қонуннинг қўлланиш соҳаси, халқаро тижорат арбитражни ташкил этиш ва тугатиш тартиби, уларнинг ҳисобини юритиш, арбитраж судларининг турлари (домий фаолият юритувчи ва муваққат) ҳамда арбитражга ҳал қилиш учун бериладиган низолар, суднинг арбитраж судлари фаолиятига аралашиш чегараси каби масалалар батафсил белгиланди.

Шунингдек, қонун лойиҳасида асосий эътибор арбитраж келишувига (юзага келган ва юзага келаётган низоларни арбитраж иш юритувига тақдим этиш ҳуқуқини берувчи асосий ҳужжат сифатида) қаратилган. Унинг тушунчаси, шакли ва мазмуни, низо моҳияти бўйича судга бериш тартиби батафсил ёритиган. Хусусан, Қонун лойиҳасига мувофиқ, арбитраж битими ёзма шаклда — шартномадаги арбитраж шарти ёки алоҳида битим тарзида тузилиши ҳамда унда муайян арбитраж номи, арбитрлар сони, арбитраж муҳокамаси ўтказиладиган жой, тили, қўлланиладиган нормалар, шунингдек, бошқа маълумотлар кўрсатилиши белгилаб қўйилишига келишилди.

Бундан ташқари, йиғилишда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлашда лойиҳада келтирилган арбитраж муҳокамаси жараёнида тарафларни эшитиш ёки уларни оғзаки эшитмасдан ёзма далиллар асосида ҳал қилув қарори қабул қилиш тартиби, ҳужжатларни тақдим этмаслик ёки тарафларнинг келмаслиги, арбитраж суди томонидан тайинланган эксперт, далилларни олишга ваколатли суднинг кўмаклашишига оид нормаларга янада аниқликлар киритилгани алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш якунида қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқиш учун тайёр экани, шу сабабли, уни парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари, Экоҳаракат йиғилишларида ҳамда палатанинг ялпи мажлисида муҳокама қилиш учун киритишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 536

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими