Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Энди кўп квартирали уйларда энергия самарадорлиги қонун билан назорат қилинади

Энди кўп квартирали уйларда энергия самарадорлиги қонун билан назорат қилинади

Мамлакатимизда иқтисодиёт барқарор ўсишини таъминлашга ва аҳолининг фаровонлик даражасини оширишга, ёқилғи-энергетика ресурсларига бўлган талаб-эҳтиёжни узлуксиз қаноатлантиришга қаратилган нефть-газ, электр энергетика, кўмир, кимё, қурилиш индустриясини ривожлантиришнинг узоқ муддатли стратегияси амалга оширилмоқда. Боиси, энергия ресурсларига талаб-эҳтиёж кун сайин ортиб бормоқда, мамлакатимиз иқтисодиётининг энергия сарфи ҳажми ривожланган давлатларнинг ўртача кўрсаткичидан анча юқори ҳисобланади.

Шу муносабат билан, иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳанинг энергия самарадорлигини ошириш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш давлат сиёсати устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан мавжуд ресурсларни ва ишга солинмаган салоҳиятни жалб этиш орқали энергия самарадорлигини ошириш, илғор хорижий тажрибани инобатга олиб, энергия тежовчи технологиялар, қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш, бу борадаги қонунчиликни янада такомиллаштириш мақсадида “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси тайёрланди.

2019 йил 10 сентябрь куни парламент қуйи палатасида депутатлар, соҳа мутахассислари иштирокида мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди. Таъкидланганидек, лойиҳанинг асосий мақсади энергетика тармоқларида ҳосил қилинаётган электр ва иссиқлик энергияси, ёқилғи ҳамда бошқа ноанъанавий энергия ресурсларидан иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳада оқилона фойдаланиш, энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини таъминлаш, замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш хизматларини кўрсатишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ҳисобланади.

Тегишли вазирликлар, идоралар, корхоналар, муассасалар вакиллари, экспертлар, мутахассислар ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда масала атрофлича таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини ошириш масалалари Ҳаракатлар стратегиясида ўз аксини топган. Бу масаланинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканини кўрсатади. 

Тадбирда депутатлар томонидан “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни ижроси бўйича ҳудудлардаги иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳаларда ўтказилган назорат-таҳлиллар ҳамда сайловчилар билан жойлардаги учрашувларда энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан тизими, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, муассасалар ва ташкилотларда замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича хизматларнинг мавжуд эмаслиги, ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишларининг сустлиги, энергия ресурслари харажатларини мақбуллаштириш имконини бермаётганини кўрсатаётгани қайд этилди.

Соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлигини таъминлаш мақсадида олиб борилган ўрганишлар якуни бўйича 2018 йил ноябрь ойида Иқтисодиёт вазирига «Ўзбекистонда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва энергия тежовчи инновацион технологияларни қўллаш истиқболлари тўғрисида»ги масала юзасидан парламент сўрови юборилган эди.

Ўтказилган тадбирлар ва ўрганишлар якунига кўра, соҳани тартибга солувчи амалдаги қонунни такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатди. Шу боис мазкур қонун лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага доир қатор қарорларида белгиланган ҳуқуқий нормалар билан иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг энергия сарфи ҳажмини кескин камайтириш борасидаги ишларни комплекс ташкил этиш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан самарали фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида Вазирлар Маҳкамаси ва Энергетика вазирлигининг ваколатлари аниқ белгилаб берилди. Жумладан, кўп квартирали уйларда энергия самарадорлиги тоифаларини аниқлаш қоидаларини белгилаш, қўшимча энергия самарадорлиги кўрсаткичлари бўлиши шарт товарлар, ишлар, хизматлар таркибини белгилаш, энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотларни мамлакатда ишлаб чиқарилишини ёки импортини чеклаш, давлат органлари ва ташкилотларига энергия ресурсларини иқтисод қилиш, ундан оқилона фойдаланиш ҳамда энергия самарадорлигини ошириш юзасидан қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича давлат назорати тартибини белгилаш каби қўшимча нормалар киритилмоқда.

Эътиборли жиҳати, қонун лойиҳасини тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси, уларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари қиёсий ўрганилди. Хусусан, АҚШда энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш бўйича бюджет соҳасида 2007-2017 йилларга мўлжалланган 10 йиллик дастури ишлаб амалга оширилган. Бунда энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш бўйича асосий функциялар ҳудудий ва федерал ҳукумат зиммасига юклатилган ҳолда, уларнинг энергия сарфини камайтириш бўйича саноат корхоналари билан ихтиёрий битимлар тузиш, уни ҳамкорликда молиялаштириш тажрибаси кенг қўлланилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳасида Буюк Британия, Япония, Франция, Германия, Украина, Россия ва Қозоғистон давлатларидаги энергия тежаш ва энергиядан самарали фойдаланиш, энергия сарфини меъёрлаштириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа йўналишлари бўйича тегишли талаблар ишлаб чиқиш тажрибаси, уларнинг ижроси бўйича жавобгарлик масалалари эътиборга олинди.

Давра суҳбатида қайд этилганидек, лойиҳа билан амалдаги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини, хусусан, давлатимизнинг халқаро имижини ошириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларининг рақобатбардошлигини таъминлаш, бизнесда барқарор фойдага эришиш имкониятини яратиш, бюджетга тушумларни кўпайтириш ҳамда халқимизнинг реал даромадларини оширишга хизмат қилади.

Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Кўришлар сони: 355

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими