Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қандай муҳокама қилиняпти?

Янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси  қандай муҳокама қилиняпти?

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси қизғин муҳокама қилинмоқда.

Парламент қуйи палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ўтказилган сайёр йиғилишида ҳам мазкур қонун лойиҳасининг депутатлар, мутахассислар ва жамоатчилик иштирокида ҳар томонлама муҳокамадан ўтказилди.

Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртининг профессор-ўқитувчилари, олимлар, зиёлилар, умумтаълим мактабларининг устоз-мураббийлари ҳамда талаба-ёшлар  қатнашган тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 23 август куни халқ таълими тизимини ривожлантириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириш, ёш авлод маънавиятини юксалтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишидаги  “Мактаб таълимини ривожлантириш  умумхалқ ҳаракатига айланиши зарур” деб номланган маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилмоқда. Аммо бу борада ҳаёт  талабидан келиб чиқаётган масалалар, ечимини кутаётган муаммолар ҳам оз эмас. Масалан, ўқитувчига бўлган муносабат, дарслик ва ўқув қўлланмаларнинг мазмун-моҳияти, сифати, ота-онанинг бола тарбиясидаги масъулияти билан боғлиқ масалалар ҳам борки, улар миллат тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар қандай кишини бефарқ қолдирмайди.

Бугун мамлакатимиз аҳолиси 33,5 миллион нафардан ортди, унинг  60 фоиздан кўпини 30 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этади. Бу катта бойлик, катта имконият. Уни кўз қорачиғидек асраш, баркамол авлод этиб тарбиялаш осон иш эмас.  Шу  боис, Президентимиз мазкур масалани давлатнинг энг муҳим вазифаси даражасида кўрмоқда.

Сўнгги йилларда таълим тизими ва  соҳада  хизмат қилаётган  ўқитувчи ва мураббийлар, тарбиячилар меҳнатини қадрлашга эътибор кучайди. Уларнинг ойлик маоши бир неча баробар оширилди, моддий-маънавий рағбатлантиришга ҳам алоҳида аҳамият берилмоқда.

Мактабгача таълим муассасалари сони кескин ортиб бормоқда,  мактабларимизнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, олий ўқув юртларининг имкониятлари кенгайтирилмоқда, давлат муассасалари билан бир қаторда, нодавлат таълим муассасалари ташкил этилмоқда.

Таълим тизимидаги ижобий ўзгаришлар, ўз навбатида, соҳанинг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилишини талаб этади. Амалдаги “Таълим тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилинганига 22 йил тўлди. Табиийки, қонун нормалари бугунги шиддатли ислоҳотларга жавоб беролмай қолгани боис, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қонунни янги таҳрирда тайёрлаш ва қабул қилиш лозимлиги таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига киритилди. Лойиҳа сўнгги икки ярим йил ичида таълим соҳасидаги ижобий ўзгаришларни қамраб олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Унда таълим соҳасида кўп қўлланиладиган “таълим ташкилоти”, “давлат аккредитацияси”, “инклюзив таълим”, “таълим кампуси”, “икки томонлама диплом (“Double diploma”)” каби асосий   тушунчаларга изоҳ берилмоқда.

11 йиллик умумий ўрта таълимнинг жорий этилиши, касб-ҳунар коллежларининг ислоҳ қилиниши натижасида узлуксиз таълим турларидаги ўзгаришлар ўз аксини топмоқда.   

Қонун лойиҳасига оиладаги таълим ва мустақил равишда таълим олиш, таълим жараёни қатнашчиларини ижтимоий ҳимоя қилиш билан бир қаторда,  таълим олувчилар ва ота-оналарнинг (қонуний вакилларнинг) ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилашга оид нормалар  киритилган.

Эътибор қаратиш зарур бўлган жиҳатлардан яна бири, таълим ташкилотларининг ҳуқуқий мақоми, уларни ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатишга оид янги нормалар сингдирилмоқда.

Республикамиз таълим соҳасида нодавлат таълим хизматлари учун кенг имкониятлар яратилгани боис, нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш ва фаолиятини лицензиялашга оид тартиблар, таълим соҳасида экспериментал, инновацион фаолият, таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилиш билан боғлиқ нормалар белгилаб қўйилмоқда.

Фуқароларнинг хорижда таълим олиши, хорижий давлатларда таълим олганлик тўғрисидаги ҳужжатларнинг тан олиниши масалалари қонуннинг алоҳида моддаларида назарда тутилган.

Қонун лойиҳасида илк бор мамлакатимизда бутун умр таълим концепцияси илгари сурилмоқда.

Йиғилишда олимлар, зиёлилар, профессор-ўқитувчилар томонидан мазкур қонун лойиҳаси атрофлича ва батафсил муҳокама этилди, қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш бўйича кўплаб саволлар берилиб, таклифлар илгари сурилди. Шунингдек, йиғилиш қатнашчилари мазкур қонун лойиҳасининг нақадар муҳим ва зарурлигини эътиборга олган ҳолда, уни умумхалқ муҳокамасига киритиш лозимлигини, ҳудудлардаги таълим муассасаларида мутахассислар, ўқитувчилар ва тарбиячилар, олимлар ўртасида кенг муҳокама этиш лозимлиги юзасидан тавсиялар илгари сурилди. 

Кўришлар сони: 273

Депутатлар минбари

Янгиликлар

21.09.2019
Халқаро шартномаларнинг ижроси ўз вақтида бажариляпти

Тадбирда халқаро шартномалар нормаларининг ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, шунингдек, турли соҳалардаги...

20.09.2019
Депутатлар Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Сессия ошкора, қизғин мунозаралар ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик...

20.09.2019
Қабул қилинган қонун ҳақида мутухассисларнинг фикри қандай?

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, ...

Тадбирлар тақвими