Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Оила ва аёллар масалаларига оид ахборотни тақдим этишда юзага келаётган муаммолар муҳокама марказида бўлди

Оила ва аёллар масалаларига оид ахборотни тақдим этишда юзага келаётган муаммолар муҳокама марказида бўлди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиясининг ишчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда оила ва аёллар масалаларига тегишли ахборотни тақдим этишда юзага келаётган муаммолар, унинг жамоатчилик фикрига таъсири муҳокама марказида бўлди.

Таъкидланганидек, ахборот ва коммуникация технологиялари, жумладан, интернет ривожи ОАВ фаолиятида очиқлик, ошкоралик борасида янги даврни бошлаб берди. Шу билан бирга рақамли журналистиканинг замонавий тараққиётига мос бўлган меъёрлар ва этика стандартларига эҳтиёж юзага келди. Бу эҳтиёж айни пайтда тобора долзарблашиб бормоқда. Хусусан, оиланинг муаммоли масалалари, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож ёки зўравонлик қурбони бўлган аёллар, болаларга тааллуқли ахборотлар тарқатилишида ахлоқ меъёрларини четлаб ўтиш ҳолатлари кўп кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда у ёки бу воқеа ортидан ҳақоратли изоҳлар, асоссиз баҳслар авж олаяпти. Кўпинча муайян воқеанинг оқибати, якуни кенг тарқатилаяпти, у ҳақда бонг урилаяпти. Бироқ унинг келиб чиқиш сабаблари, илдизлари етарлича очиб берилмаяпти ёки уларга умуман эътибор қаратилмаяпти. Натижада нотўғри талқин ва таҳлил вужудга келаяпти. Иштирокчилар фикрича, бундай ножўя хатти-ҳаракатлар учун кескин чоралар кўриш фурсати келди.

Муҳокамалар жараёнида болаларни салбий ахборотлар оқимидан ҳимоя қилиш масаласига ҳам алоҳида урғу берилди. Қайд этилганидек, бугунги ахборот маконида жиноятчилик, босқинчилик, қотиллик, бузғунчилик ва бошқа хил иллатли хабар, видеолар кенг тарқалаяпти. Ҳатто миллий сегментдаги айрим оммавий интернет нашрларида ҳам шу каби манзаралар учраб турибди. Бу кўп ҳолларда, айниқса, болалар учун реклама вазифасини ўтаб қолаётгани айни ҳақиқат. Бундай шароитда болаларни салбий ахборот оқимидан қандай асраш мумкин?

Болада ахборотни тўғри қабул қилиш, унинг синтези ва таҳлили кўникмаларини оиладан шакллантириш керак. Албатта, бунга ота-она масъул. Аммо уларнинг ўзи ҳам маънавий тарбияга муҳтож бўлса-чи? Ахир ҳозир ён-атрофимизда ижтимоий тармоқларга муккасидан кетиб, фарзандининг интернетдан қандай ва қай мақсадларда фойдаланаётганига бефарқ ота-оналар ҳам йўқ эмаску?!

– Ахборот таҳдидларига қарши курашда, дейлик, интернет манбаларини тақиқлаш ёки уларни ёпиш орқали бирор натижага эришиб бўлмайди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссияси раиси Дилором Файзиева. – Аввало, саводхонлик, ахборот истеъмоли маданияти бўлмаса, барча уринишлар бекор. Бундан ташқари, жамоатчиликнинг ислоҳотлар жараёнидан хабардорлик даражасини кучайтириш керак. Бунда, айниқса, давлат органлари ва ташкилотлари матбуот хизматларининг фаоллиги алоҳида аҳамиятга эга. Чунки улар томонидан очиқлик ва ошкоралик тамойиллари асосида тезкор, ишончли ахборотларнинг тақдим этилиши жамоатчиликда тўғри ва аниқ фикрни шакллантиришга катта ёрдам беради.

Иштирокчилар фикрига кўра, интернет нашрлари, ижтимоий тармоқларда ахборот тарқатишга оид қонунчиликни такомиллаштириш, уларнинг халқаро нормаларга мослигини таъминлаш зарур. Бундан ташқари, қонунчиликда фуқароларнинг шахсий ҳаётига аралашув тушунчасини аниқлаштириш мақсадга мувофиқ. Маълум қилинишича, комиссия бу каби масалалар юзасидан иш бошлаган. Тегишли вазирлик ва идораларга миллий ахборот маконини ривожлантиришдаги бугунги ҳолат ва муаммолар, Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунини қўллаш амалиётидаги камчиликлар юзасидан сўровлар юборган.

Қайд этилишича, мазкур йиғилишда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар ахборотни тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга бағишланган парламент эшитуви муҳокамасига киритилади.

 


Кўришлар сони: 435

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.11.2019
Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю,...

20.11.2019
Депутатлар таклифи инобатга олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳларида...

20.11.2019
Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?

Ҳар қандай қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан мақсад — уни такомиллаштириш, соҳадаги масалаларни...

Тадбирлар тақвими