Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мутаҳассислар иштирокида муҳокама қилинди

Янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳаси мутаҳассислар иштирокида муҳокама қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган мажлисларидан бирида қатор қонун лойиҳалари қатори  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, сертификатлаштириш ва метрология тизимларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ишлаб чиқилган янги таҳрирдаги “Метрология тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинган эди. Мазкур қонун лойиҳасининг муҳокамаси қизғин кечиб, депутатларнинг турли хил фикр-мулоҳазалари ва саволларига сабаб бўлган эди.

Жорий йилнинг 9 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари миллий эталонлар базаси, лабораториялар фаолияти билан яқиндан танишишган ҳолда иккинчи ўқишга тайёрланаётган лойиҳани экспертлар ва мутахассислар билан муҳокама қилиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлигининг Ўзбекистон миллий метрология институтида бўлдилар.

Таъкидлаш лозим, мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар (хизматлар) ва жараёнларнинг хавфсизлигини, сифатини ва рақобатбардошлигини ошириш, шунингдек, ички бозорни хавфли товарлардан ҳимоя қилишни кўзда тутади. Шунингдек,  синов, калибрлаш ва қиёслаш лабораторияларининг техник омилкорлигини ошириш ва фаолият натижаларининг халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш ҳам лойиҳадан кўзланган мақсадни ифодалайди.

Тадбирда метрология ва метрологик фаолият соҳасидаги миллий сиёсат халқаро талабларга асосланиши лозимлиги, бу эса ўз навбатида хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун энг қулай шароитлар яратиши шунингдек, савдодаги техник тўсиқларни юзага келишини олдини олиши лозимлиги таъкидланди. Бунинг учун метрология соҳасида фаолият юрутувчи давлат бошқаруви органлари ва юридик шахсларнинг ўзаро фаолиятини ифода этадиган ўлчашларни ягона бирликда бўлишини таъминлайдиган миллий тизимни такомиллаштириш мақсадга мувофиқ экани айтиб ўтилди.

Шунингдек, ташриф давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Жумладан, қонун лойҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида биринчи навбатда соҳада хусусий секторнинг ривожланишига ҳамда республикада ўтказилган ўлчашларнинг халқаро даражада эътироф этилишига алоҳида эътибор қаратилиши лозимлиги таъкидланди.

Тадбир давомида келтириб ўтилганидек, охирги икки йилда Ўзстандарт агентлиги Ўзбекистон миллий метрология институти томонидан жами 799,7 минг долларлик 6 дона эталонлар харид қилиниб, ишга туширилди ва эталонлар сони 15 донага етказилди. Бу ўз навбатида мамлакатимизда машинасозлик, соғлиқни сақлаш, тоғ кон, металлургия, авиасозлик, енгил саноат, атом энергетикаси, кимё саноати каби соҳаларда қўлланилаётган 691 дона юқори аниқликдаги ва 7500 дона ишчи ўлчаш воситаларини метрологик текширувини таъминлаб, хорижий метрология институтларига олиб чиқиш билан боғлиқ бўлган харажатлар (транспорт ва бошқа харажатларни инобатга олган ҳолда) 390 минг доллардан ортиқ валюта маблағларини иқтисод қилиш имконини берди. Маълумот учун: 2017 йилга қадар Республика миллий эталон базаси 9 дона эталондан иборат эди. Эталонларнинг умумий сони 2022 йилга қадар тасдиқланган дастурга мувофиқ 33 тага етказилади.

Тадбирда билдирилган шу ва бошқа маълумотлардан келиб чиқиб, депутатлар ва соҳа мутахассислари томонидан қонун лойиҳасининг айрим нормалари, жумладан, янги иш ўринлари яратишга, сифат инфратузилмасини халқаро тамойиллар асосида ривожлантиришга, кўрсатилаётган метрологик хизматлар сифатини оширишга ва жараёнлар шаффофлигини таъминлашга қаратилган меъёрларини такомиллаштиришга қаратилган бир қатор таклифлар берилди.

Муҳокама якунида ишчи гуруҳи томонидан ушбу таклиф ва мулоҳазаларни умумлаштириб, қонун лойиҳасида акс эттиришга келишиб олинди.

Кўришлар сони: 127

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими