Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Давлат дастурининг ижроси депутатлар муҳокамасида

Давлат дастурининг ижроси депутатлар муҳокамасида

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида белгиланган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва Ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб бориши таклиф қилинган эди. Шунга мувофиқ, Бош вазир Ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламентга тегишли йилга мўлжалланган Давлат дастурининг амалга оширилиши юзасидан ҳисобот тақдим этиши амалиёти жорий этилди.

2019 йил 30 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари, Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари, Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмиталарининг йиғилишида Вазирлар Маҳкамасининг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурининг иккинчи чоракдаги ижроси кўриб чиқилди.

Ҳукумат ҳисоботида таъкидланганидек, Давлат дастурининг ижроси устидан тизимли мониторингни ўрнатиш, мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ва алоҳида таркибий индикаторлардаги ўрнини яхшилаш ҳамда миллий иқтисодиётга хорижий инвестицияларни жалб этиш, қулай инвестиция муҳитини яратиш, шунингдек, ҳудудларни ижтимоий ривожлантириш натижасида аҳоли фаровонлигини янада яхшилаш борасидаги тадбирларнинг самарали амалга оширилишига алоҳида эътибор қаратилди.

Эътиборлиси, суд-экспертлик фаолиятини жадал ривожлантириш, нодавлат ташкилотлар томонидан суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш борасидаги ишлар янада жадаллаштирилди. Хусусан, нодавлат суд-экспертиза ташкилотларини ташкил этишга рухсат берилди ҳамда уларга суд экспертизаларининг 44 та турларини ўтказиш ҳуқуқи тақдим қилинди.

Қайд этилганидек, 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг фаолияти ва таркиби тубдан қайта кўриб чиқилди. Ҳар бир давлат органида коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий дастурлар ишлаб чиқиш амалиёти йўлга қўйилди.

Депутатларнинг қайд этишича, Давлат дастурининг тегишли бандлари ижроси Адлия вазирлиги томонидан ўз вақтида ижро этилган. Аммо, ўрганишлар давомида айрим бандларнинг ижроси ҳанузгача бажарилмасдан қолаётгани маълум бўлди. Масалан, Давлат дастурнинг 6-бандига кўра, жорий йилнинг 1 март кунига қадар “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисда”ги Қонуннинг янги таҳририни ишлаб чиқиш белгиланган бўлса-да, бугунги кунга қадар мазкур қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилмагани депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Шунингдек, муҳокамалар чоғида солиқ ва божхона имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишни жадаллаштириш ва шу орқали мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ҳамда маҳаллий тадбиркорлик субъектлари учун экспорт масаласида янада қулай шарт-шароитлар яратиш, чегара-божхона постларида фуқароларнинг ҳамда транспорт воситаларининг тирбандлик холатларининг олдини олиш, уларни тизимли равишда таҳлил қилиш масалалари атрофлича таҳлил қилинди.

Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш ҳамда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсатни амалга ошириш соҳасидаги йўналиш бўйича белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан ҳам тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат дастурининг 258-банди ижроси юзасидан Ўзбекистоннинг хорижий давлатлардаги ваколатхоналарига мурожаат қилувчи республика фуқароларига қўшимча қулайликлар яратиш ҳамда консуллик хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш, уларни электрон шаклга ўтказиш, шу жумладан, онлайн тўловлар имкониятини яратиш мақсадида “Интерактив консуллик хизматлари” ахборот тизимининг жорий қилингани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Ахборотда келтирилганидек, Давлат бюджетига даромад тушумлари прогноз кўрсаткичларининг ошириб бажарилишига маҳаллий ҳокимият органларининг маҳаллий бюджет даромадларини шакллантиришдаги эркинлигини ошириш, солиқ солинадиган базани кенгайтириш ва валюта бозорини либераллаштириш бўйича қабул қилинган тадбирлар орқали эришилмоқда. Белгиланган прогноз кўрсатгичлари 8 фоизга ортиғи билан бажарилиши ҳисобига маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрида қўшимча 2,8 трлн. сўм маблағ қолдирилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 12 фоизга ёки 308 млрд. сўмга кўпдир.

Тадбирда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли ижро этилишини таъминлаш мақсадида қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Кўришлар сони: 207

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.08.2019
Истиқлол ёшларини чорлаётган буюк майдон

Йигирма саккиз йил — бир фарзанднинг дунёга келиши, улғайиши, кучга тўлиши ва ўзлигини англаган ...

20.08.2019
Истиқлолнинг иқтидорли ёшлари: шахсий фаоллик ва самарали натижа

Қайд этилганидек, мустақиллик йилларида ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Президе...

20.08.2019
Қўмитада Адлия вазирлигининг ахбороти эшитилди

Ахборотда қайд этилганидек, қабул қилинаётган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини ...

Тадбирлар тақвими