Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Марказда касалликлар бўйича даволаш юзасидан маслаҳат беришнинг янги тизими жорий этилди

Марказда касалликлар бўйича даволаш юзасидан маслаҳат беришнинг янги тизими жорий этилди

Жорий йилнинг 26 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази раҳбарининг “Аҳолига фтизиатрия ва пульмонология хизматини кўрсатишнинг ҳолати тўғрисида”ги ахборотини эшитди.

Таъкидланганидек, сўнгги уч йил мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳаси учун улкан ислоҳотлар йили сифатида тарихга кирди. Жумладан, соҳага оид давлат дастурлари амалга оширилиши натижасида юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатишнинг принципиал жиҳатдан янги тизими ташкил этилди. Республикада ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари сони 13 тадан 17 тага етди, жойларда уларнинг 10 дан зиёд филиаллари ташкил этилди.

Шунингдек, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва сил инфекциясидан ҳимоялаш, сил ва ўпка носпецифик касалликлари тарқалишининг олдини олиш, аҳолига фтизиатрия ва пульмонология йўналишлари бўйича юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий хизматни янада такомиллаштириш, барқарор санитария-эпидемиология ҳолатини сақлаб туриш борасида ҳам аниқ мақсадга йўналтирилган ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, мамлакатимизда силга қарши янги дори воситалари синовдан ўтказилиб, сил касаллигига чалинган барча беморлар универсал даволаниш усули билан тўлиқ қамраб олинмоқда. Беморларга даволашнинг янги, юқори самарадорликка эга бўлган, стационар даволаш ўрнини босувчи, кам маблағ талаб қиладиган усуллари, яъни касалликнинг илк давридан бошлаб амбулатор даволаш, 24 ойлик даволаш усули ўрнига қисқартилган 9 ойлик даволаш ва жарроҳлик амалиётининг замонавий усуллари амалиётга тўла тадбиқ этилмоқда.

Қайд этилганидек, соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири саналган ушбу соҳани янада ривожлантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 2 февралдаги “Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Мазкур ҳужжат билан
2019 — 2021 йилларда сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш комплекс чора-тадбирлари белгиланди ва у соҳани ривожлантиришда дастуруламал бўлмоқда.

Эътиборлиси, марказ базасида масофадан туриб инновацион ўқитиш ва касалликлар бўйича даволаш юзасидан маслаҳат беришнинг янги тизими – телемедицина маркази ишга тушди. Марказ орқали ҳудудий филиаллар билан узвий алоқалар ўрнатилган ва унинг имкониятларидан кенг фойдаланилмоқда.

Ахборотда таъкидланганидек, сил касаллигига чалинган беморни 2 соат ичида аниқлаш имконини берадиган беш табақали лаборатория тизими йўлга қўйилган. Тошкент, Нукус ва Самарқанд шаҳарларида халқаро сертификатга эга бўлган, жаҳондаги кучли ўнта лабораториялар сафига кирган Миллий референс лабораториялари фаолият кўрсатмоқда. Фаол сил жараёнини аниқлаш мақсадида “Диаскин тест” усули амалиётга тадбиқ қилинган. Шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра, латент сил билан оғриган шахсларни вақтида аниқлаш ва профилактик чоралар кўриш учун туберкулин диагностика йўлга қўйилган. Натижада, 2018 йил якуни бўйича сил билан касалланиш 2017 йилга нисбатан 4,5 фоизга, 2015 йилга нисбатан 9 фоизга камайган.

Жорий йилнинг ўтган даврида марказ мутаҳассислари ҳудудларга чиқиб, семинар ва маҳорат дарслари ўтказган. Ташрифлар давомида 8629 нафар бемор тиббий кўрикдан ўрказилиб, 4507 ҳолатда амбулатор ёрдам кўрсатилган бўлса, 158 нафар беморга жарроҳлик, жумладан 112 нафарида юқори технологик жарроҳлик ўтказилган. Булар, ўз навбатида, фуқароларнинг малакали тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, сил касаллигининг олдини олиш ва уларни эрта аниқлаш, сил касаллигига чалинган беморларни ўз вақтида даволаш самарадорлигига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Эътиборлиси, мазкур омиллар тиббиётни халқимизга яқинлаштириш билан бирга уларга сифатли тиббий хизматлар кўрсатилишида муҳим аҳамият касб этади.

Шу билан бирга, соҳада амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, қилиниши лозим бўлган кўплаб вазифалар тургани, ўз ечимини кутаётган айрим муаммолар мавжудлигига эътибор қаратилди. Масалан, жойлардаги тиббиёт муассасалари сил касаллигини эрта аниқлаш мақсадида қўлланиладиган туберкулин препарати билан тўлиқ таъминланмаган, ташкил этилган ҳудудлараро бактериологик лабораторияларнинг моддий-техник базаси ва штат меъёрлари бугунги кун талабига тўла жавоб бермайди, ҳудудлардаги силга қарши муассасаларида соҳанинг тор йўналишдаги мутаҳассисларига эҳтиёж юқорилиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, Соғлиқни сақлаш, Молия, Иқтисодиёт, Ташқи ишлар, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликларига аҳолига кўрсатилаётган фтизиатрия ва пульмонология хизматини такомиллаштириш борасида амалга оширилиши белгиланган вазифаларда ҳамкорликни кучайтириш юзасидан таклифлар берилди. Шунингдек, жойларда фаолият юритаётган Референс лабораториялари фаолиятини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар тайёрланиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юбориладиган бўлди. Ушбу масалаларни акс эттирган ва соҳадаги муаммоларни бартараф этишга қаратилган амалий тавсиялар қўмитанинг тегишли қарорида акс этди.


Кўришлар сони: 440

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими