Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ – УСТУВОР ВАЗИФА янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида

АҲОЛИНИ ИШ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ – УСТУВОР ВАЗИФА янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасида

2019 йил 11 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан “Аҳолини иш билан таъминлаш – давлат сиёсатининг асосий устувор йўналиши, бу борадаги қонунчиликни такомиллаштириш масалалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да белгиланган вазифалардан келиб чиқиб ўтказилган тадбирда депутатлар, эксперт гуруҳи аъзолари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Тошкент давлат юридик университети илмий ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда янги барқарор иш ўринларини яратиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш, фуқароларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, миллий меҳнат кучи рақобатбардошлиги ва касбий даражасини ошириш энг долзарб, устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Фуқароларнинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш ҳуқуқлари мустаҳкамланган конституциявий меъёрларни ривожлантириш, уларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик, Меҳнат кодекслари, “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги каби бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. Шунингдек, иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсати юритиш ҳисобига етакчи тармоқларни модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда, бу эса, ўз навбатида, ўта долзарб муаммо ҳисобланган аҳоли бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Шу билан бир қаторда, айни пайтда меҳнат бозоридаги вазиятни тубдан яхшилаш, меҳнат муносабатларини ҳозирги замон бозор иқтисодиёти, инвестиция фаоллигини ошириш ва ижтимоий ривожлантириш мақсадларига эришиш учун “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳририни ишлаб чиқиш давр талабига айланди. Яъни, кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилиши муайян даражада ўтган йилларда шаклланган қонунчилик базасига, шунингдек, норма ижодкорлиги жараёни сифатига боғлиқ. Бугунги амалиётда ушбу йўналишда мавжуд камчиликлар турли соҳалардаги ижтимоий муносабатларни тарқоқ ҳолда тартибга солишдек салбий амалиётнинг давом этишига олиб келмоқда. Бу эса, ҳуқуқий коллизиялар, ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиш ва мураккабликлар юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Давра суҳбатида депутатлар амалдаги қонунда умумий тусга эга нормалар кўплиги, шунингдек, уларни амалга оширишнинг муайян механизмисиз татбиқ этилаётгани бандлик сиёсатига салбий таъсир кўрсатаётгани, ижтимоий муносабатларни асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солиб келинаётгани ҳамда сўнги йиллардаги ўзгаришлар, шунингдек Президентимизнинг соҳага оид қатор қарор ва фармонларидаги вазифалар амалдаги қонунда деярли қамраб олинмаганини таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, қонуннинг 20-моддасида эскирган “аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашувчи мувофиқлаштириш қўмиталари”ни тузиш, 34-моддада амалиётда қўллаш имкони бўлмаган Ишсизлик нафақаси тўлашни бекор қилиш, тўхтатиб қўйиш ва унинг миқдорини камайтириш тизими самарасиз бўлиб қолмоқда.

Шундан келиб чиқиб, давра суҳбатида аҳолини иш билан таъминлаш борасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш, меҳнат муносабатларининг янги шаклларини, жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантириш билан боғлиқ шаклларини жорий этиш ҳамда меҳнат муносабатлари механизмларини янада такомиллаштириш тобора долзарблик касб этаётгани таъкидланди.

Тадбирда иштирокчилар томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тайёрланган янги таҳрирдаги “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокама қилинди.

Жамоатчилик муҳокамаси шаклида ўтказилган мазкур тадбирда янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида бандлик соҳасига хусусий секторни жалб этиш тартиб-таомилларини ишлаб чиқиш, бандликнинг янги шаклларидан (вақтинчалик ишлар, хусусий шахсларда ёлланиб ишлаш, масофадан туриб ишлаш, жисмоний шахсларда ёлланиб ишлаш), шунингдек, бандликнинг анъанавий, охиригача тартибга солинмаган шаклларидан фойдаланишда юзага келадиган меҳнат муносабатлари хусусиятларини белгилашни назарда тутиш кераклиги қайд этилди.

Хулоса ўрнида шуни қайд этиш керакки, қонунни янги таҳрирда қабул қилиниши меҳнат бозоридаги вазиятни тубдан яхшилаш, меҳнат муносабатларини ҳозирги замон бозор иқтисодиёти, инвестиция фаоллигини ошириш, мамлакатни ижтимоий ривожлантириш, банд бўлмаган аҳолини бандлигини таъминлаш, оилалар фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Йиғилиш якунида қўмитанинг “Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда тайёрланган дастлабки лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклиф ва тавсиялари ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 798

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.09.2019
Депутатлар Фарғонада тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар

Сессия ошкора, қизғин мунозаралар ва ишчанлик руҳида ўтди. Унда туман ва шаҳарлардаги тадбиркорлик...

20.09.2019
Қабул қилинган қонун ҳақида мутухассисларнинг фикри қандай?

Куни кеча парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар мамлакат ижтимоий-сиёсий, ...

20.09.2019
Депутатлар транспорт вазирлигининг фаолиятини қандай баҳолади?

Тадбирда депутатлар “Ўзйўлинспекцияси” томонидан 5985 та йўл қурилиш объектларида амалга ошириладиган...

Тадбирлар тақвими