Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қўмита таклифлари ислоҳотларда қандай ўрин эгалламоқда?

Қўмита таклифлари ислоҳотларда қандай  ўрин эгалламоқда?

Жорий йилнинг 8 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан 2019 йил олти ойидаги фаолият якунларига бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг масъуллари, мазкур қўмита ҳузурида тузилган экспертлар гуруҳи аъзолари ҳамда журналистлар қатнашди.

Матбуот анжуманида қўмита аъзолари ўз фаолиятини Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида ҳамда Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган устувор вазифалар доирасида олиб боргани қайд этилди. Бунда халқимизнинг таклиф ва тавсиялари, шунингдек, жойларда депутатлар томонидан ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳим манба бўлиб хизмат қилди.

Таъкидланганидек, қўмита 2019 йил олти ойида қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш, тайёрланаётган қонун лойиҳалари сифатини яхшилаш, уларни мутахассислар, олимлар, амалиётчилар ва жамоатчиликнинг таклифлари асосида такомиллаштиришга эътиборни қаратиб, 34 марта ишчи гуруҳ йиғилишини ўтказди. Қўмита 3 та қонун лойиҳасини ва 2 та палата қарорини Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритди. 2 та қонун лойиҳаси юзасидан Қонунчилик палатасидаги фракциялараро дебатлар ташкил этилди. Дебатларда билдирилган танқидий фикрлар, илгари сурилган асосли таклифлар қонун лойиҳаларининг янада маромига етказилишига катта туртки бўлди.

“Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилиниб, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда, ташаббус ҳуқуқи асосида депутатлар “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги ҳамда “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаларини тайёрлаган бўлиб, бу қонунларнинг қабул қилиниши мазкур соҳалардаги ишларнинг самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.

Ҳисобот даврида қўмита томонидан давлат органи раҳбарларининг 5 та эшитуви ҳамда қонун талаблари, қонуности ҳужжатларининг ижроси бўйича 2 та назорат-таҳлил тадбири ташкил этилди. Ички йўлларнинг ҳолати ва уларни яхшилаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда истеъмолчиларни суюлтирилган газ билан таъминлаш тўғрисидаги масалаларнинг “Ҳукумат соати”да муҳокама этилишининг ташаббускори бўлди.

Қўмита томонидан кўтарилган мавзуларнинг муҳокамалари танқидий, конструктив руҳда ўтиши, масалаларнинг тўғри ечимини топишга ёрдам бермоқда. Хусусан, депутатларнинг Автомобиль йўллари қўмитасига 2019 йилда режалаштирилган 8500 километр ички йўлларни таъмирлаш бўйича ишларни 10 000 километрга ошириш бўйича берган таклифи маъқул топилиб, назоратга олинди. Шунингдек, қўмита аъзолари Тошкент вилояти, Қибрай тумани, У.Юсупов маҳалласида синов тарзида бошланган икки босқичли газ таъминотига ўтиш ишларининг ҳолатини ўрганди. Синов ўтказилаётган маҳаллада хонадонларга маиший газ регулятори ва электрон (АСКУГ) ҳисоблагичлари ўрнатилган бўлиб, газ босимидаги муаммолар бартараф этилган, тақсимот тизимидаги инсон омилининг 50 фоизга камайиши, аввал йўқотилаётган 1500 куб.м газ ҳажмининг иқтисод қилинишига эришилган. Қўмитанинг бу тизимни жорий этилишини тезлаштириш зарурлиги тўғрисидаги таклифи ваколатли идоралар томонидан инобатга олиниб, 3 йилда бу тизимни республика бўйича жорий этишга қаратилган ҳаракатлар бошланган. Шунингдек, қўмита Энергетика, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, Қурилиш вазирликларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишни баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисидаги ахборотларини эшитиб, тегишли қарорлар қабул қилди.

Ҳисобот даврида қўмита аъзолари Тошкент шаҳрининг ҳудудидан оқиб ўтган каналларнинг қирғоқ зонасида ободонлаштириш ишларининг бориши, хорижий инвестицияларни мамлакатимизга кенг жалб қилиш масалаларини қўмита йиғилишларида муҳокама этилиб, соҳаларни тартибга солувчи қонунчиликни такомиллаштиришга эътибор қаратди. Бундан ташқари, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ раҳбарларининг “Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини оширишда замонавий логистика йўналишларини кенгайтириш масалалари тўғрисида”ги ахборотлари қўмитанинг кенгайтирилган йиғилишларида эшитилиб, соҳани янада ривожлантириш бўйича тавсиялар қабул қилинди.

Қўмита жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, ваколатлари ва самарали фаолият юритиши механизмларини кенгайтиришга қаратилган ишлар таъсирчанлигини ошириш мақсадида марказда ва жойларда турли тадбирлар, туркум конференциялар, давра суҳбатлари ҳамда семинарлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, шаҳар ва қишлоқларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш, қурилишда инновацион ёндашувларни жорий этиш мавзусига бағишлаб ташкил этилган конференцияда “Ақлли шаҳар” концепциясини жорий этиш, шаҳарсозлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш масалаларига қўмита аъзолари алоҳида эътибор қаратдилар.

Бундан ташқари, ўтган даврда қўмита аъзолари томонидан давлат бошқаруви органлари ва хўжалик органлари мансабдор шахсларига 18 та депутат сўрови ҳам юборилди. Улар орқали фуқароларни ўйлантириб келаётган бир қатор масалаларга ечим топилди.

Шунингдек, қўмита аъзолари ўз фаолияти давомида саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига ташриф буюриб, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечимини топиш юзасидан қонунчиликни такомиллаштириш амалиётини йўлга қўйди. Ҳисобот даврида қўмита аъзоларининг 26 та саноат ва ишлаб чиқариш корхоналарига ана шундай ташрифи ташкил этилди.

Қўмита фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишга жараёнига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Қўмитага келиб тушган 456 та мурожаат атрофлича кўриб чиқилиб, уларда кўтарилган муаммоларни ҳал этиш учун тегишли давлат органлари, ташкилотлар, муассасалар ва мансабдор шахсларга юборилди. Жойларда қўмита аъзолари иштирокида 146 маротаба фуқаролар қабули ташкил қилинди. Долзарб аҳамиятга эга масалалар юзасидан оммавий ахборот воситаларида 487 маротаба чиқиш қилинди.

Матбуот анжуманида қўмита аъзолари журналистларни қизиқтирган барча саволларга батафсил жавоб қайтардилар.


Кўришлар сони: 177

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

Тадбирлар тақвими