Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ҳарбий дала-ўқув майдонида депутатлар нима қилди?

Ҳарбий дала-ўқув майдонида депутатлар нима қилди?

Чирчиқ ҳарбий дала-ўқув майдонида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан Мудофаа доктринасининг ижро этилиши ҳамда вазирлик фаолиятида мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолати тўғрисида»ги ахборот эшитувига бағишланган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда Қонунчилик палатаси депутатлари, Мудофаа вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, соҳа мутахассислари ва экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирнинг асосий мақсади – Мудофаа вазирлиги тизимида Мудофаа доктринасининг амалга оширилиши, шунингдек, вазирлик фаолиятида мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолатини ўрганиш, бу борада таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, Қуролли Кучларни ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишдан иборат.


Қўмита эшитуви Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош қўмондони Шавкат Мирзиёев томонидан Хавфсизлик кенгашининг 2018 йил 10 январь ва 28 ноябрда бўлиб ўтган кенгайтирилган йиғилишида мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларни янада ривожлантиришга доир берилган топшириқларнинг ижроси муҳокамаси билан бошланди.

Мудофаа вазирининг таврбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари Азизбек Икрамовнинг «Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринасини ўз вақтида ва самарали ижро этиш бўйича Мудофаа вазирлиги тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳолати ҳақида»ги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
27 февралдаги фармойишига мувофиқ, вазирлик фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларида кўрсатилган мақсадли вазифаларни бажариш ва уларга эришилиши
бўйича батафсил ахборотлари тингланди.

Мажлис давомида Қуролли Кучлар тизимини ислоҳ қилиш, ҳарбий-маъмурий секторлар фаолияти самарадорлигини ошириш, юқори малакали ҳарбий кадрларни тайёрлаш, ҳарбий хизматчи ва ёшларни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа Доктринаси талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини стратегик қўллаш режаси, қўшинларни тактик, оператив ва стратегик қўллаш бўйича жанговар низомлар, йўриқнома ва қўлланмалар янгидан қайта ишлаб чиқилди. Қуролли Кучлар таркибий тузилмаларининг юқори жанговар қобилияти ва шайлигини сақлаб туриш, қўшинлар ва бошқарув органларининг жипслигига эришиш мақсадида куч ишлатувчи вазирлик ва идораларнинг қўшма қарори ишлаб чиқилди. Мазкур қарор билан 2019-2020 ўқув йили учун “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тайёргарлигининг асосий тадбирлари режаси” тасдиқланди.


Қўшинларнинг марказлашган бошқарув тизимини такомиллаштириш, жанговар салоҳиятини баҳолаш ва тизимли мониторингини юритиш мақсадида “Қўшинларни жанговар ва кундалик бошқариш маркази” ташкил этилиб, 7 та ҳарбий округ ва бирлашмада замонавий қўмондонлик марказлари ва 60 та ҳарбий қисмда қўмондонлик пунктлари яратилиб, вазирлик видеоконференц алоқа тизимига, барча ҳарбий қисм ва муассасалар эса, интернет тармоғига уланди ҳамда электрон ҳужжат алмашинув тизими жорий этилди.

Қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги, ўқув машғулотларини ўтказиш, ҳарбий хизматчиларнинг касбий, жисмоний ва ахлоқий-руҳий тарбияси масаласи депутатларнинг диққат-муҳокамасида бўлди. Хусусан, жорий йилда қўшинларда 15 та қўмондонлик штаб, 230 дан ортиқ тактик ўқувлар, Қуролли Кучлар тузилмалари билан 45 га яқин ҳамкорликдаги тадбирлар ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 27 февралдаги фармойиши билан тасдиқланган баҳолашнинг асосий мезонларида Мудофаа вазирлигига 2019 йилнинг I чорагида 6 та вазифа юклатилган бўлиб, улар ўз вақтида бажарилган. Хусусан, Мудофаа вазирлиги қўшинлари моддий таъминотини яхшилаш, зарур аслаҳаларни сотиб олиш, ҳарбий госпиталларнинг замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланиш даражасини 80 фоизга етказиш бўйича ташкилий-амалий чоралар кўрилган. Ҳарбий хизматчиларни турар жой билан таъминлаш мақсадида алоҳида дастур асосида 2019-2020 йилларда вилоят марказларида 2100 хонадондан иборат 70 та тураржой қурилиши назарда тутилган.

Мажлисда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш йўналишида айрим камчиликлар мавжудлиги ҳам таъкидланди.

Эшитув жараёнида депутатлар томонидан тегишли қарор лойиҳаларини ишлаб чиқишдаги сусткашликлар, “Йўл харитаси”ни амалга оширишда тезкорликни таъминлашга кўмаклашиш, шартнома лойиҳаларини келишиш жараёнини соддалаштириш, Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун барпо қилинаётган кўп хонадонли уйларни қураётган ташкилотларнинг фаолиятини назоратга олиш ишларини кучайтириш, вилоятлар марказларидаги “Ҳарбий ватанпарварлик боғлари” қурилиши ишларини жадаллаштириш, вазирлик ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг минтақавий бўлинмалари ишини янада фаоллаштириш, ҳарбий-маъмурий секторлар раҳбарлари масъулиятини ошириш бўйича танқидий фикрлар билдирилди.

Бундан ташқари, мажлисда ҳозирги пайтда ҳарбий хизматга чақирилувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш борасидаги муаммоларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, ўтган вақт мобайнида 14 та вилоят ва 188 туман (шаҳар) комиссиялари ташкил этилган, уларга 1428 нафар врач жалб қилинган. Чақирувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш амалиётини ўрганиш, айрим ҳолатларнинг тиббиёт муассасалари фаолиятига салбий таъсир кўрсатишини, хусусан, туманларда шифокорлар етишмаслиги сабабли мудофаа ишлари бўлими учун ажратилган штатлар бўш қолиши, мудофаа ишлари бўлимларида ўтказилаётган тиббий кўриклар кўп ҳолларда куннинг биринчи ярмигача ташкил қилингани ҳамда тумандаги кўп тармоқли марказий поликлиниканинг врачлари мазкур мудофаа ишлари бўлимларига жалб қилингани поликлиникага мурожаат этган аҳолига тиббий хизматнинг ўз вақтида ва тўлиқ кўрсатилмаслиги одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётгани баён этилди. Масалан, Андижон, Бухоро, Навоий, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида чақирувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш вақти ўртача 09:00 – 10:00 дан бошланаётгани, шунингдек, битта шифокорга тўғри келадиган аҳолининг ўртача сони 400 нафарни ташкил этаётгани таъкидланди.

Муҳокама жараёнида депутатлар ҳарбий хизматга чақирувчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш вақтини куннинг иккинчи ярмига (соат 14:00 дан – 18:00 гача) кўчиришни таклиф этдилар. Шунингдек, келгусида илғор хорижий тажрибадан (Франция, Финляндия, Швейцария, Туркия, АҚШ) келиб чиқиб, тиббий комиссиялар таркибини Мудофаа вазирлигига қарашли ҳудудларда жойлашган ҳарбий госпиталлар ва бошқа ҳарбий-тиббий муассасалар врачларидан шакллантириш ёхуд тиббий кўрикларни ушбу ҳарбий госпиталлар ва бошқа ҳарбий-тиббий муассасаларнинг ўзида ўтказиш тартибини жорий этиш масаласини кўриб чиқиб, жорий этиш зарурати мавжудлиги бўйича ҳам фикрлар билдирилди.

Эшитув якунида парламент қуйи палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан Мудофаа доктринасини ўз вақтида ва самарали ижро этишни кучайтириш ва соҳада парламент назоратини тизимли равишда давом эттириш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 2641

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими