Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ҳамда Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитасининг “Мамлакатимизда ногиронликни белгилашга доир амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризациядан ўтказиш натижалари ва истиқболдаги режалар” муҳокамасига бағишланган қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда қўмита аъзолари ва экспертлари Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасадди ходимлари билан биргаликда ўтказилган ногиронликни белгилашга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар инвентаризацияси натижалари, жойлардаги ўрганишлар якунлари ҳамда бу борадаги истиқболдаги режаларни муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, Тиббий-меҳнат экспертиза хизмати (ТМЭК) ўз иш фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор қарорлари асосида олиб боради. Хусусан, 2011 йил 1 июлдаги “Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари томонидан фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга, ногиронликни ва касбий меҳнатга лаёқат йўқотилиши даражасини аниқлашга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги ва 2014 йил 29 августдаги “Бош тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлар шулар жумласидандир.

Бугунги кунда республикамиз аҳолисига жами 104 та ТМЭКда фаолият юритаётган 353 нафар врач экспертлар хизмат қилиб келмоқда.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, қўмиталар ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди раҳбарлари, жамоат ташкилотлари ҳамда журналистлар қатнашган йиғилишда ушбу соҳада фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига сабаб бўлувчи ҳуқуқни қўллаш амалиётида ўз ечимини кутаётган қатор масалалар муҳокама марказида бўлди.

Қайд этилганидек, даволаш-профилактика муассасалари томонидан Тиббий меҳнат эксперт комиссиясига тақдим қилинадиган ҳужжатларни тайёрлаш ҳамда уларни юбориш масалалари қонун ҳужжатлари билан тартибга солинмаган. Шунингдек, белгиланган муддатлардан олдин ТМЭКлар томонидан дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиладиган касалликлар белгилари ва рўйхатлари тасдиқланмагани сабабли, даволаш-профилактика муассасалари томонидан айрим ҳолларда ногиронлик белгилари аниқ кўриниб турган шахслар, шунингдек, нохуш клиник прогнозли беморлардан ҳам шифохоналарда 4, 6 ёки 10 ой давомида даволаниш талаб қилинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 1 июлдаги қарори билан тасдиқланган Фуқароларни тиббий-меҳнат эксперт комиссияларида тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ, ТМЭКлар томонидан фуқароларнинг тиббий кўрикдан ўтказиш учун фуқаролар белгиланган талаблар асосида 120, 180 ёки 300 кун муайян касаллик билан даволаш-профилактика муассасаларида даволаниши лозим. Баъзан эса, бундай беморларнинг шифохонада даволанишга моддий имконияти йўқлиги, айрим тиббиёт муассасаларида неврология ва терапия бўлимларида ўринлар етишмаслиги сабабли, уларга ногиронлик гуруҳи расмийлаштирилмасдан қолинмоқда.

Мазкур соҳадаги муаммоларни чуқур таҳлил қилган ҳолда, депутатлар ногиронликни белгилаш механизмларини ва унинг муддатларини, шу жумладан, тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан қатор таклифларни билдирдилар. Жумладан, ногиронликни белгилаш тизимига белгилари яққол кўриниб турган мурожаат қилувчини ногиронлик белгилангунга қадар қўллаб-қувватлаш механизмини жорий қилиш, бунда ушбу ҳолат мавжудлигини исботлаш ташвишидан халос қилиш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, соғлиқни сақлаш органлари зиммасига тиббий-ижтимоий ёрдамга муҳтож шахсларни аниқлаш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштиришда улар томонидан ёрдам кўрсатиш бўйича мажбурият юклашни назарда тутувчи тартибни жорий қилиш таклиф этилди.

Шу билан бирга, йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимида ислоҳотлар босқичма-босқич давом этаётган даврда онкологик хасталиклар билан касалланишни камайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Касалликнинг сўнги босқичларида бўлган умидсиз, оғир беморларга паллиатив ёрдамни кўрсатиш, беморлар ҳолатини енгиллаштиришга, оғриқни қолдиришга, умрини узайтиришга қаратилган тадбирлар мажмуини кўрсатувчи “хоспис” бўлимларини ташкил этиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири бўлиб қолаётгани қайд этилди. Бу борада Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосарининг Тошкент шаҳрида “Хоспис” бўлимини ташкил этиш масаласидаги ахбороти тингланди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан қўмиталарнинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 376

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими