Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига қарашли Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институтининг фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонуннинг ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил тартибида ўрганиш якунларига бағишланган семинар ташкил этилди.

Депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор идораларнинг вакиллари, мутахассислар ҳамда экспертлар қатнашган ушбу тадбирдан кўзланган асосий мақсад Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институтининг фаолиятида ўтказилган назорат-таҳлил тадбирида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ, юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондириш учун яратилган ахборот ресурслари, ахборот технологиялари ҳамда ахборот тизимларидан эркин фойдаланишдаги мавжуд камчиликларни муҳокама қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Тадбирда мазкур институт фаолиятида амалга оширилган ишлар билан бирга, йўл қўйилган тизимли камчиликлар ҳам танқидий руҳда муҳокама қилинди.

Семинарда сўзга чиққанлар ахборотлаштириш жараёнининг тўғри йўлга қўйилиши замон талаби эканини, Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институти фаолияти бўйича ҳар кимнинг ахборотни эркин олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборот ресурсларидан эркин фойдаланилишини таъминлаш учун барча шароитлар яратиш лозимлигини таъкидлади. Шу ўринда, улар томонидан институт фаолиятида аксарият компьютер техникалари эски, ўз хизматини ўтаб бўлгани, компьютерлар ички локал тармоқ орқали уланмагани, институт расмий веб-сайтида (www.niisgpz.uz) мавжуд маълумотлар тегишли Низом талаблари асосида шакллантирилгани ҳолати ушбу веб-сайт ёпиқ бўлгани сабабли (2017 йилдан буён пул тўланмаган) ўрганиш имкони бўлмагани танқид остига олинди.

Институт фаолиятида фуқароларни зарур ахборотлар билан таъминлаш чоралари кўрилмаётгани, яъни мавжуд пешлавҳаларда тиббий хизмат кўрсатиш тартиби, марказга ташриф буюрувчиларни йўналтирувчи ахборот лавҳалари қарийб йўқлиги, мавжудлари ҳам давлат тилида берилмагани, айниқса аҳолига кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати ўқиш учун ноқулай жойлаштирилгани, уларнинг миқдори тўғрисидаги ахборот (прайс) фақатгина рус тилида баён этилгани, беморларни масофадан шифокор қабулига ёзилиш имконияти яратилмагани, навбатни бошқариш бўйича ҳеч қандай тизим ўрнатилмагани, “электрон навбат”, шу жумладан, масофадан навбатни банд қилиб қўйиш имконияти йўқлиги депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.

Тадбирга таклиф қилинган халқаро эксперт ва мутахассислар “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашда ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ахборотни интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш алоҳида аҳамият касб этиши, бироқ институтнинг 2015 йилда ташкил этилган www.niisgpz.uz расмий веб-сайти 2017 йилдан буён фаолият юритмаётгани, бунда институт фаолияти тўғрисидаги ахборотни олишнинг имкони йўқлигини, айниқса марказдаги ва ҳудудлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари билан ахборот алмашиш бўйича электрон ҳамкорлик ўрнатилмагани, касб касалликларини ҳисобга олиш ва касалланганларни даволаш борасида масофавий ахборот йиғиш имконининг йўқлиги, беморларнинг ўзи келиб, даволанишга жойлашсагина рўйхатга олиниши ва даволаш муолажалари амалга оширилиши соҳада жиддий ислоҳотлар ўтказиш лозимлигини қайд этдилар.

Ўтказилган тадбир Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва унга қарашли Санитария, гигиена ва касб касалликлари илмий-тадқиқот институтининг фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижросини таъминлашдаги мавжуд камчиликларни бартараф этиш имконини берди.


Кўришлар сони: 263

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

12.07.2019
Қонун лойиҳаси нега қайта номланди?

2019 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар...

Тадбирлар тақвими