Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишдаги номутаносибликлар қачон барҳам этилади?

Тиббий хизмат кўрсатишни ташкил этишдаги номутаносибликлар қачон барҳам этилади?

2019 йил 4 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси йиғилишида бирламчи тиббиёт муассасаларида мавжуд штат нормативларини белгилашдаги муаммолар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда соғлиқни сақлаш соҳасини тубдан яхшилашга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан давом эттирилмоқда. Ушбу ислоҳотлар, айниқса, бирламчи тиббий–санитария ёрдами тизимида муҳим аҳамият касб этмоқда. Чунки, аҳоли саломатлигини сақлашда, касалликларни барвақт аниқлаш, уларнинг олдини олиш ва касалликлар профилактикасида поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари муҳим роль ўйнайди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларда ўтказилган ўрганишлар давомида бирламчи тиббий–санитария ёрдами мауссасаларининг самарали фаолият олиб боришига тўсқинлик қилаётган қатор масалалар ҳам мавжудлиги аниқланмоқда. Айниқса, улар учун белгиланган штат нормативлари мукаммал ишлаб чиқилмагани амалиётда муаммоларни келтириб чиқармоқда. Энг ачинарлиси, тиббиёт ходимлари штат миқдорларини белгилашда аҳолига тўғри ва самарали тиббий хизмат кўрсатишга қаратилган ягона ёндашув мавжуд эмас.

Тадбирда депутатлар айни пайтда амалда бўлган, 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари билан келишилган ҳолда тасдиқланган Бирламчи тиббий-санитария муассасалари тиббий персоналининг вақтинчалик штат нормативлари” бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб бермаётгани, шунингдек, қишлоқ ва шаҳардаги бирламчи тиббий-санитария муассасалари учун белгиланган штат нормативлари ўртасида номутаносибликлар мавжудлигига алоҳида эътибор қаратдилар.

Мисол учун, болалар отоларингологи, ўсмирлар врачи каби лавозимлар вилоят марказлари бўлган шаҳарлардаги кўп тармоқли марказий поликлиника учун кўзда тутилган бўлса-да, туманлардаги кўп тармоқли марказий поликлиника учун кўзда тутилмаган. Аммо жойлардаги ўрганишларда қишлоқ туманларидаги поликлиникалар оталарингологлари болаларга ҳам хизмат кўрсатаётгани, бунинг учун эса, қўшимча штат ва шунга мувофиқ иш ҳақи берилмаётгани маълум бўлди.

Шунингдек, патронаж ҳамшира штат бирлиги шаҳар оилавий поликлиникаси учун 666 нафар аҳолига 1 ставка, қишлоқ врачлик пунктлари учун 750 нафар аҳолига 1 ставка, аксинча, хизмат кўрсатиш радиуси ундан каттароқ бўлган қишлоқ оилавий поликлиникалари учун ҳар 1000 нафар аҳолига 1 ставка кўзда тутилган.

Йиғилишда кўп тармоқли марказий поликлиника тор соҳа мутахассислари аҳоли сонига қараб ажратилиши белгиланган бўлса-да, энг кам миқдори кўзда тутилмагани аҳоли сони оз туманларда врач штатлари кам ажратилишига сабаб бўлаётгани билан боғлиқ масала ҳам чуқур таҳлил асосида муҳокама этилди. Хусусан, республиканинг айрим олис ҳудудлари, аҳолиси кам бўлган туманларида кўп тармоқли туман марказий поликлиникалари штатидаги айрим врач лавозимлари учун нафақат 0,5, балки 0.25 штатдан ажратилган. Мазкур ҳолатлар ушбу соҳага мутахассислар жалб қилиш имконини чекламоқда. Бундай тиббиёт муассасаларига шифокорлар вилоят марказларидан бириктирилиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритиши, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишига тўсқинлик қиляпти. Яъни, 0,5 ставкада фаолият олиб бориши белгиланган врач уч соат ишлаш учун айрим вилоятлар марказидан белгиланган туманга келиши учун яна шунча вақт сарфлайди.

— Шу ўринда ҳақли савол туғилади: вақтинчалик нормативлар яна қачонгача амал қилади? — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси аъзоси Ўткир Турсунов. — Мазкур нормативлар бугунги ислоҳотларга қай даражада жавоб беради? Тиббиётни аҳолига яқинлаштириш, ҳалқимизни тиббиётдан рози қилиш учун олиб борилаётган ишлар билан ҳамоҳангми? Афсуски, бунга “ҳа” деб жавоб бериш қийин. Соҳада ислоҳотлар бошланганига мана, қарийб уч уч йил бўляпти. Бироқ ҳалигача вақтинчалик штат нормативлари билан ишланяпти. Биз, депутатлар бу масалани янада чуқур ўрганиб, таҳлил қилиб, муаммони бартараф этишга эришиши лозим, деган хулосага келдик.

Йиғилишда қўмита томонидан ўтган йил давомида мазкур масала юзасидан бир неча бор мутасаддиларга мурожаат қилингани, аммо натижа бўлмагани депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлди. Жорий йил январь ойида ҳам Бош вазирнинг ўринбосарига юқоридаги штат нормативларини қайта кўриб чиқиш юзасидан парламент сўрови юборилган эди. Олинган жавоб хатида ушбу масала март ойига қадар кўриб чиқилиши ва Молия вазирлигига тақдим этилиши кўрсатилган эди. Бироқ амалда ушбу масала ўз ечимини топмади.

Тадбирда соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотлар жадаллашувига халақит бераётган бу каби муаммоларни бартараф этиш учун парламент назоратини янада кучайтириш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Йиғилиш якунида иштирокчилар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар тингланди ҳамда билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 990

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими