Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қонун лойиҳаси қизғин баҳс-мунозарага сабаб бўлди

Қонун лойиҳаси қизғин  баҳс-мунозарага сабаб бўлди

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасининг муҳокамаси бўйича дебат ўтказилди.

Мазкур қонун лойиҳаси 2019 йил 2 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилиниб, 4 май куни парламентнинг расмий веб-сайти (parliament.gov.uz)га жойлаштирилган эди.

Ўтган давр мобайнида ушбу қонун лойиҳаси юзасидан қандай таклиф ва тавсиялар келиб тушди? Ҳужжатнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти нимадан иборат? Умуман, бу лойиҳа қабул қилинса, халқимиз қандай наф кўради?

Қизғин кечган баҳс-мунозара, тортишувларда парламент қуйи палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари ҳамда Экоҳаракат депутатлар гуруҳи вакиллари ўз нуқтаи назарини билдирди.


Одинахон ЖАМОЛДИНОВА, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Ушбу қонун лойиҳаси амалдаги «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги қонун (2006 йил) ўрнига қабул қилиниши кўзда тутилмоқда. Аввало, мазкур амалдаги қонун бугунги кунгача соҳа олдидаги муаммоларни ечиш ўрнига, аҳолининг ҳақли шикоят ва эътирозларига сабаб бўлиб келмоқда эди. Зеро, унинг ўзида чалкашлик мавжуд. Масалан, қонунда уй-жой мулкдорлари ширкати нотижорат ташкилот бўлиб, кўп квартирали битта ёки бир неча уйдаги хусусий турар жойлар мулкдорларининг бирлашмаси экани қайд этилган. Бироқ қонуннинг 19-моддасида эса, ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларидан бири сифатида «ширкатнинг тадбиркорлик фаолиятидан олинган даромаддан (фойдадан) фойдаланиш йўналишларини белгилаш» қайд этилган. Нодавлат нотижорат ташкилоти тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ёки тижорий фаолиятдан даромад (фойда) олиши мумкин эмас. Ахир бу унинг фаолиятидаги асосий тамойилга зид. Бу, истаймизми-йўқми, бугунги кунда соҳа амалиётида коррупциявий ҳолатларни юзага келтириб, реал ҳаётда қонуннинг ишламаслигига сабаб омиллардан бири эди.

Айни жиҳатларни эътиборга олган ҳолда, амалдаги қонун ўрнига таклиф этилаётган янги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайман. Шу нуқтаи назардан, лойиҳанинг 35-моддасидан ширкат аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларидан бири сифатида «ширкатнинг тадбиркорлик фаолиятидан тушган даромадини (фойдасини) ишлатиш йўналишини белгилаш» бандини олиб ташлаш зарур, деб ҳисоблайман. Бу принципиал масала. Акс ҳолда, мазкур модда бугунги кун амалиётидаги хатонинг такрорланиши ҳисобланади.


Даврон АРИПОВ, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Қонун лойиҳаси бугунги кунда энг долзарб бўлган ижтимоий масалалардан бирини ечишга қаратилгани билан аҳамиятли, деб ўйлайман. Аммо «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳасининг номига эътироз билдирмоқчиман. «Кўп квартира» нима дегани ўзи? «Кўп» деб нечта уй ёки қанча хонадон назарда тутилмоқда? Ваҳоланки, лойиҳада «квартира» сўзига таъриф ҳам берилмаган. Бой ўзбек тилида, наҳотки, «квартира» маъносини ифодаловчи муқобил сўз топилмаса?! Топилади, албатта. Қўллаётган сўзимизга, давлат тилига масъулият билан ёндашсак, «квартира», «дом» каби сўзлар ўрнига мос равишда «хонадон», «уй» сўзларини қўллар эдик.

Бугунги кунда амалиётга назар солсак, фуқаро расмий ҳужжатга уй манзилини ёзаётганда, масалан, 45-уйнинг 15-хонадони, деб қайд этса, у кўп қаватли уйда яшашини англатади. Агар шахс ҳовлида истиқом қилса, бунда фақат турар-жой сифатида уй рақамининг ўзи қайд этилади, холос. Демак, реал ҳаётдаги ушбу ҳолат лойиҳанинг номини ўзгартиришга монелик қилмайди. Ҳужжатнинг номланиши халқимизга тушунарли бўлса, бу давлат тилига ҳурмат, айни пайтда қонунчиликдаги муҳим ютуқ ҳисобланади.


Акмал УМАРАЛИЕВ, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси:

– Ростини айтиш керак, 2006 йилги амалдаги қонунда жорий этилган ширкат хизмати ва унинг фаолияти халқ ишончини оқламади. Янги қонун лойиҳаси, гарчи кўп квартирали уйларни бошқаришга йўналтирилган бўлса ҳам, яна ўша амалдаги ширкат хизмати ва уни бошқариш масаласи алоҳида 26 та моддада қайд этилган. Бошқача айтганда, қонуннинг деярли ярми аввалги қонун моддаларини такрорлайди.

Бу кимга ва нимага керак?

Амалиётда ўзини оқламаган бирлашма фаолиятини акс эттирувчи 26 та моддадан бугунги кунда ишламайдиганларининг баҳридан ўтиш шарт. Гап моддаларнинг сонида эмас, балки қабул қилинаётган қонун нормаларининг сифатида ва унинг ишлашида. Менимча, ушбу қонун лойиҳасидан турли ҳаволаки нормаларни чиқариб ташлаш, уни амалиётда тўғридан-тўғри ишлайдиган, халқ корига ярайдиган ҳужжат сифатида қабул қилиш зарур.


Шуҳрат ЯКУБОВ, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси фракцияси аъзоси:

– Бугунги кунда хусусий тадбиркор ёки фирма, компаниялар томонидан турли кўп қаватли уйлар қурилиб, сотилмоқда. Мулк эгаси ушбу турар-жойдаги хонадоннинг эгаси ҳисобланади. Бироқ бу ерда масаланинг бошқа бир жиҳати эътибордан четда қолмоқда. Қурувчи қуриб бўлган, бироқ ҳали тўлиқ тўлмаган уй – объектнинг подъездлари, даҳлизлар, уйга туташ ер майдонларини қабул қилиб олувчи субъект мавжуд эмас. Хусусан, бугунги кунда урфга айланган «сити»ларда турли осмонўпар бинолар қурилмоқда, аммо ушбу объектларни қабул қилиш ва топшириш механизмлари қонун лойиҳасида очиб берилмаган.

Энг ачинарлиси, ушбу янги уйлар 15–20 йилга ипотека кредитига берилмоқда. Шу давр мобайнида подъезд ёки томга зарар етса, таъмирлашга эҳтиёж сезилса, уй эгаси ипотека кредитини тўлайдими ёки умумий уйни сақлаш учун ҳам маблағ сарфлайдими? Бу жараёнда механизм аниқ бўлиши керак. Шу боис, кўп квартирали уйларни бошқаришда очиқлик ва шаффофлик тамойилини қўллаш мақсадида тизимга электрон дастурни жорий этиш бўйича тегишли бандни киритиш мақсадга мувофиқ деб ўйлайман.


Фахриддин ХОЛБОЕВ, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи аъзоси:

– Бугунги кунда давлатимиз томонидан замонавий уйлар, хусусан, шаҳарларимиз кўркига кўрк бағишлайдиган кўп қаватли турар-жойларнинг қурилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Тошкент сити», «Олмазор сити», вилоятларда «Наманган сити», «Андижон сити» ва бошқа ҳудудлардаги бунёдкорлик ишлари, ушбу объектларнинг қурилишидан тортиб, инсонлар учун яратилажак қулайликларни таърифлашга сўз ожиз.

Бироқ шу билан бирга, ўтган асрда қурилган-у, бугунги кунда нураб, яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб қолган, қурилиш ва санитар талабларга мутлақо жавоб бермайдиган кўп квартирали уйларнинг бошқаруви, умуман, аҳолининг экологик маданияти масаласида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг Уй-жой инспекцияси ваколатлари ва мажбуриятларини кучайтиришни талаб этади. Бошқача айтганда, ушбу инспекция кўп квартирали уйларни бошқариш экологик мониторингини сифатли таъминлаши мақсадга мувофиқ.


Кўришлар сони: 433

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

Тадбирлар тақвими