Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Иммунопрофилактика соҳасини ҳуқуқий тартибга солишга эҳтиёж борми?

Иммунопрофилактика соҳасини ҳуқуқий тартибга солишга эҳтиёж борми?

2019 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан “Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси ҳамда унинг ҳуқуқий асосини яратиш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Қонунчилик палатаси депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда мазкур масалага дахлдор идора ва ташкилотлар раҳбарлари, мутахассислар, эксперт олимлар, журналистлар қатнашган тадбирда кейинги йилларда халқимиз саломатлигини сақлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини яхшилаш, санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш давлатимизнинг энг устувор вазифаларидан бирига айланаётгани қайд этилди. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан юқумли касалликларнинг олдини олиш борасида қилинаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини кўрсатаётгани таъкидланди. Буни айни йўналишда ажратилаётган маблағлар 2016 йилга нисбатан 5 баробарга ортгани, қизамиқ, қизилча ва безгак касалликлари буткул бартараф этилгани, бу тўғрисида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг сертификати олингани ҳам тасдиқлайди.

Қайд этилганидек, мамлакатимизда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган, инсоннинг соғлом муҳитга эга бўлиш ҳуқуқи билан боғлиқ, шунингдек, уларнинг саломатлигига хавф соладиган омилларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, юқумли, вирусли касалликларнинг олдини олиш масалаларини такомиллаштириш мақсадида 2015 йилда “Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонун қабул қилинган эди. Натижада аҳолининг турмуш фаровонлиги яхшиланишига, юқумли ва вирусли касалликларнинг олди олинишига, санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ҳамда санитария-эпидемиологик хизматнинг вертикал тузилмаси шаклланишига эришилди. Эмлаш ишларини такомиллаштиришга катта аҳамият қаратилиши туфайли охирги йилларда аҳоли ўртасида полиомиелит, бўғма, кўкйўтал, қоқшол, шол, қизамиқ, қизилча каби касалликлар қайд этилмади.

Тадбирда мутахассислар томонидан қатор йиллар давомида республикага полиомиелит касаллигининг четдан кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш мақсадида оммавий ва тозалов миллий эмлаш ишлари ўтказилиб келинаётгани, бунинг учун мамлакат миқёсида бошқарилувчи инфекцияларга қарши эмлаш ишларини ўтказиш учун соғлиқни сақлаш тизимидаги даволаш-профилактика муассасалари қошида доимий эмлаш пунктлари, оммавий эмлаш кунларини ўтказиш жараёнида қўшимча вақтинчалик эмлаш пунктларнинг фаолияти йўлга қўйилгани ижобий натижа сифатида эътироф этилди.

Бироқ 2010-2011 йилларда вакциналар билан таъминлашдаги узилишлар сабабли қизамиқ ва эпидемик паратит касалликиларнинг рўйхатга олиниши кузатилган.

Шу боис ҳам иштирокчилар бугунги кунда иммунопрофилактика соҳасини ҳуқуқий тартибга солишга қаратилган ҳужжатларни такомиллаштиришга эҳтиёж мавжудлигини таъкидладилар.

Тадбирда ушбу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида “Юқумли касалликлар иммунопрофилактикаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати муҳокама қилинди. Шунингдек, тадбир иштирокчилари амалдаги қонун ҳужжатлари нормаларидан, миллий ва халқаро амалиётдан келиб чиққан холда, қонун лойиҳасида иммунопрофилактика тушунчаси, давлатнинг иммунопрофилактика соҳасидаги кафолатлари, молиялаштириш масалалари, фуқароларнинг бу борадаги ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш ҳақида фикр алмашилди.

Давра суҳбати якунида қўмитанинг юқумли касалликларнинг профилактикаси билан боғлиқ камчилик ва муаммоларни бартараф этиш ҳамда уларнинг ҳуқуқий асосини яратиш бўйича тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1248

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.10.2019
Парламентлараро иттифоқнинг 141-Ассамблеясида Ўзбекистон делегацияси иштирок этяпти

Унда парламент аъзолари томонидан гендер тенгликни яхшилаш, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, депутатларнинг...

14.10.2019
Давлат бюджети парламент томонидан қонун асосида қабул қилинади

Айни кунларда парламент қуйи палатасида бир қатор қонун лойиҳалари маромига етказилмоқда. Хусусан,...

14.10.2019
Қонун лойиҳаларини ишлаб чиқишда давлат тили қоидаларига амал қилинадими?

Жамиятдаги муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга соладиган омил бу қонунлардир. Шундай экан, ...

Тадбирлар тақвими