Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Кундузги шифохоналар нега самарали ишламаяпти?

Кундузги шифохоналар нега самарали ишламаяпти?

Кейинги йилларда юртимизда тиббиёт соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг ташаббуси билан юритилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қаторида шаҳарларда оилавий поликлиникалар, туманларда эса, қишлоқ оилавий поликлиникалари фаолияти йўлга қўйилди. Уларда кундузги шифохоналар ташкил қилинди.

Хўш, кундузги шифохона ўзи аслида нега керак? У одамларга нима наф беради?

2019 йил 29 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган бирламчи тиббиёт мауссасаларида аҳолига амбулатор хизмат кўрсатиш самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган йиғилишида ана шу саволларга жавоб изланди.

Таъкидланганидек, кўпчиликнинг кеча–кундуз шифохонада ётиб даволанишга имкони бўлавермайди. Натижада, айниқса, кекса ёшдаги фуқаролар, эҳтиёжманд аҳоли қатлами ётиб даволанмайди. Ўзига яқин ҳудуддаги оилавий ёки қишлоқ оилавий поликлиникалардаги кундузги шифохоналар ана шундай тоифадаги беморлар учун жуда қўл келади. Ваҳоланки, оилавий поликлиниканинг ўзида қон таҳлили ва бошқа анализларни ҳам топшириш, тегишли муолажаларни олиш имкони мавжуд.

Шундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, кундузги шифохоналарда муолажа олиш, биринчидан, бемор вақтини, маблағини тежайди, оворагарчиликнинг олдини олади. Иккинчидан, хаста одам кундузги шифохонада доимий ҳолидан хабар олувчи шифокори ва патронаж ҳамширасининг назоратида бўлади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўтказган ўрганишлар жараёнида, афсуски, кундузги шифохоналар имкониятидан етарлича фойдаланилмаётгани аниқланди. Айрим оилавий поликлиникаларда кундузги шифохоналар учун хоналар етишмаса, бошқаларида эса, кровать ёки бошқа шунга ўхшаш сабаблар билан шифо ўринлари ташкиллаштирилмаган.

Ушбу масала Ҳукумат ҳисоботида ҳам айрим депутатлар томонидан ўртага ташланган эди.

2017 йил 22 сентябрда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланган вақтинчалик штатлар нормативида кундузги шифохоналар учун 20 та шифо ўрни мавжуд бўлганда 1 штат врач ва ҳамширалар ажратилиши кўрсатилган. Жойлардаги шароитлардан келиб чиқиб, 10–12 шифо ўринлари ташкил қилинган оилавий поликлиникаларга 0,5 ставка шифокор ва ҳамшира штатлари ажратилган. Ваҳоланки, бу атиги уч соат ишлайди дегани, холос, қолган вақтда кундузги шифохона ишламайдими, деган ҳақли савол туғилади. Депутатларнинг фикрига кўра, ўзи жойлардаги оилавий поликлиникаларда 20 шифо ўрнини ташкил қилишга эҳтиёж ҳам йўқ аслида. Имкониятдан келиб чиқиб ташкил этилган шифо ўринларида фуқаролар асосан муолажасини олиб, тезда жойни бўшатиб бериши ҳисобига нафақат 20 та, балки кун давомида ундан ҳам кўп беморларга хизмат кўрсатиш имкони мавжуд.

Депутатларнинг фикрича, аслида 20 та шифо ўрнидан келиб чиқиб штат ажратиш амалиёти Молия ёки Соғлиқни сақлаш вазирликларининг бюджет маблағларини иқтисод қилиш мақсадида, аниқ таҳлилларсиз жорий қилган иши ҳисобланади. Бугунги кундаги воқелик бу айнан жойлардаги вазиятдан келиб чиқилган аниқ ёндашув натижаси эмаслигини кўрсатмоқда.

Алоҳида қайд этиш керакки, кеча кундуз ишлайдиган шифохонада ётиб даволанишда аҳолининг муайян қатламига дори-дармонлар бепул. Қолганларига эса, бундай имконият йўқ. Лекин нормативларга тегишли ўзгартишлар киритиб, худди кеча кундуз ётиб даволанадиган шифохонадагидек оилавий поликлиникалардаги кундузги шифохоналарда даволанганларга ҳам дори-дармонларни бепул тақдим этиш мақсадга мувофиқ.

Танқидий таҳлил, баҳс-мунозара руҳида кечган йиғилишда муҳокама қилинган масалаларни ҳал этиш юзасидан Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутасаддилари ҳамда экспертлар иштирокида чуқур муҳокама қилинди.

Қўмита йиғилишида Молия ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига тегишли сўров киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 324

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими