Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Бюджет маблағлари сарфида хато ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмоғи лозим

Бюджет маблағлари сарфида хато ва ноқонуний ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмоғи лозим

2019 йил 23 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан Меҳнат ва ижтимоий масалалар ҳамда Фуқаролар соғлигини сақлаш масалалари қўмиталари билан ҳамкорликда ўтказилган йиғилишда 2018 йил якунлари ҳамда 2019 йил 1 чорак якунлари бўйича Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги ҳисобот қизғин муҳокама қилинди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни изчил амалга ошириш, жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларини тубдан ривожлантириш ва бунга масъул идоралар фаолиятини таркибий ўзгартириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматимиз томонидан олиб борилган ислоҳотлар ижроси боис, 2018 йил давомида иқтисодиѐтнинг барқарор, мувозанатлаштирилган ҳолда ривожланиши ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатлари таъминланишига эришилган.

2018 йил якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 407,5 трлн. сўмни ташкил этгани ҳолда 2017 йилга нисбатан 5,1 фоизга ўсган.

2018 йилда ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 42,9 триллион сўм ёки умумий харажатларнинг 53,8 фоизи миқдорида маблағ сарфланган бўлиб, бу харажатлар ЯИМга нисбатан 10,5 фоизни ташкил этган. Ушбу харажатларнинг 91,5 фоизи ёки 39 триллион 251,3 млрд. сўми ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келгани депутатлар томонидан эътироф этилди.

Қўмиталар томонидан соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоялаш тизимини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларни молиялаштириш бюджет параметрларида белгиланган йўналишлар доирасида ўз вақтида амалга оширилишига эришилгани таъкидланди. Хусусан, ижтимоий харажатларнинг асосий қисми (48,3 фоизи) таълим тизими муассасаларини сақлаш ва уларни ривожлантириш харажатларига йўналтирилган бўлса, маданий мерос объектларини таъмирлаш-тиклаш ишларига 47,6 млрд. сўм маблағ ажратилган. Натижада 73 та маданий мерос объектларида таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилган.

Давлат бюджетидан ажратилган 70 млрд. сўм, жумладан, футболни ривожлантиришга 25 млрд. сўм маблағ йўналтирилгани натижасида ёшларни спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларига янада кенгроқ жалб этишга, халқаро мусобақаларда юқори натижаларни қўлга киритишга, мамлакатимизда футболнинг оммавийлигини таъминлашга эришишда муҳим омил бўлгани қайд этилди. Шунингдек, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш харажатларига Давлат бюджетидан 3 триллион 242,1 млрд. сўм миқдорда маблағлар сарфланган. Айниқса, ёш болали оилаларни қўллаб-қувватлаш, кам даромадли оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш, болаликдан ногиронлиги бўлган, пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган карияларга ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ажратиладиган нафақаларнинг ўз вақтида молиялаштирилиши аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилмоқда.

Депутатлар томонидан соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан ажратилган 9 408,4 млрд. сўм маблағнинг манзилли йўналтирилгани боис, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати кундан-кунга ошиб бораётгани алоҳида таъкидланди.

2019 йил биринчи чораги давомида “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастури доирасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш ва ўз вақтида ижросини таъминлашда Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларидан ажратилган маблағлар ва уларнинг сарфланиши хусусидаги фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Айтиш жоизки, бюджет ташкилотлари ва бюджет маблағлари олувчиларда бюджет тўғрисида қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан давлат молиявий назорат тадбирлари мунтазам амалга ошириб келинмоқда. Ўтказилган назорат тадбирларида, натижаларига кўра, 5 575 та бюджет ташкилотларининг 4 744 тасида 68 104,1 млн. сўм миқдорида молиявий хатоликлар аниқланган ва бюджет ташкилотларининг 201 нафар раҳбар ва мансабдор шахслари 123,7 млн. сўм миқдорида маъмурий жавобгарликка тортилган.

Йиғилишда аниқланган молиявий хатоликлар билан айбдор шахсларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда чора кўрилишига қарамай, ҳали-ҳануз давом этаётгани ва бундай ҳолатларга нисбатан қарши кескин чоралар кўриш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Муҳокамалар жараёнида давлат бюджети маблағларининг сарфланишида йўл қўйилган хато ва ноқонуний ўзлаштириш каби номақбул ишларга чек қўйиш, давлаб бюджети маблағларининг тўлиқ мақсадли сарфланишини таъминлашга эришишга қаратилган чоралар кўриш лозимлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида қўмиталарнинг тегишли қарорларии қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1171

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

Тадбирлар тақвими