Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Иш ўринларининг яратилиши фуқаролар ва оилалар фаровонлигига хизмат қилмоқда

Иш ўринларининг яратилиши фуқаролар ва оилалар фаровонлигига хизмат қилмоқда

«Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг биринчи бандида парламент назоратини кучайтириш мақсадида вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг асосий мезонларига мувофиқ, раҳбарларнинг ҳисоботини эшитиб бориш белгиланган бўлиб, мазкур масала парламентнинг доимий диққат-эътиборида бўлиб турибди ва фаолиятининг асосий йўналишларидан бирига айланди.

Шу кунларда Олий         Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталарида мазкур масала юзасидан қатор тадбирлар ўтказилмоқда. Жумладан, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг 2019 йилнинг биринчи чорак якунлари бўйича фаолияти ҳамда «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижро этилиши юзасидан ҳисоботи эшитилди.

Мазкур йиғилишда Қонунчилик палатаси депутатлари, Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзолари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти кенгаши депутатлари, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг масъул ходимлари, вазирлик қошидаги малака ошириш институти, вазирлик ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Бандлик бош бошқармаси бошлиқлари, экспертлар ва ОАВ ходимлари иштирок этди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг ҳисоботида мамлакатда қулай инвестиция муҳити яратилиши натижасида жалб этилаётган ички ва ташқи инвестициялар ҳисобига яратилган иш ўринлари фуқароларнинг турмуш шароитига ижобий таъсирини кўрсатаётгани қайд этилди. Жумладан, жорий йил биринчи чораги ва апрель ойида аҳоли бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини ташкил этиш бўйича давлат буюртмаси асосида республика саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш ҳамда инфратузилма соҳаларидаги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, хусусий бизнесни ривожланиши ҳисобига жами 40,5 мингта иш ўрни ташкил этилгани маълум қилинди. Йиғилишда иш ўринларини ташкил этишда ишсизлик даражаси нисбатан юқори бўлган Қашқадарё, Тошкент, Самарқанд, Наманган, Фарғона вилоятларига алоҳида эътибор қаратилгани таъкидланди.

Депутатлар томонидан Давлат раҳбарининг ташаббуси билан илгари сурилган «Ҳар бир оила — тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз», «Обод қишлоқ», «Обод маҳалла» дастурлари асосида амалга оширилган ишлар эътироф этилгани ҳолда, бу борада 13 минг беш юз нафардан ортиқ аҳолининг бандлиги таъминлангани оилалар фаровонлигига хизмат қилиши таъкидланди.

Ҳисоботда меҳнат органларига иш сўраб мурожаат этган фуқароларнинг 62 мингга яқини бўш ва захира қилинган иш ўринларида бандлиги таъминлангани келтирилган. Йиғилишда сўнги йилларда жамоат ишлари жамғармасининг маблағлари ҳисобига фуқароларни банд этиш таъминланаётгани, жумладан, I чоракда 37 млрд. сўм маблағларнинг жалб этилиши ҳисобига 49 минг нафар ишсиз фуқаро ҳақ тўланадиган вақтинчалик ишларга жалб этилгани айтиб ўтилди.

Ҳақли савол туғилади, бундай вазиятда фуқароларнинг бандлиги таъминланган деб ҳисоблаш мумкинми, аслида бу бандлик вақтинчалик бўлиб, ҳақ тўланиши эвазига фуқаронинг моддий шароити яхшиланади. Бундай саволлар депутатлар ва экспертларнинг муҳокама доирасида берган асосий саволларидан бири бўлди.

Шу билан бирга, парламент аъзолари оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш бўйича тасдиқланган манзилли дастур ижросига алоҳида эътибор қаратдилар. Мазкур дастур асосида 2,5 минг нафар шу тоифадаги хотин-қизларнинг иш билан таъминланганининг ҳаққонийлигига масъулларнинг эътиборини қаратиш лозимлиги таъкидланди. Вазирлик ҳисоботида хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантиришга тижорат банклари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари жалб этилиши натижасида 1,5 минг нафар аёллар тадбиркорлик фаолиятини бошлагани қайд этилди. Бу мақсадларга 31,4 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилган.

Тақдим этилган ҳисобот таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, Давлат дастури ва тармоқ дастурларда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши натижасида иш билан банд аҳоли сони 104 минг кишига ортган, уларнинг умумий сони
13 млн. 377 минг кишига етган. Ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 9,4 фоизни ташкил этмоқда.

Шунингдек, вазир ўз ҳисоботида 2018 йилда парламентимиз томонидан қабул қилинган «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги Қонуннинг ижроси юзасидан ахборот бериб ўтди. Хусусий бандлик агентликлари институтининг жорий этилиши муносабати билан амалда бандлик соҳасида янги механизмларни ишлаб чиқишга имкон яратилгани, мазкур қонун қабул қилингандан кейин амалдаги қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани, хорижга ишга чиқувчи фуқароларга бир қатор енгилликлар яратилгани таъкидланди. Бугунги кунда 78 та юридик шахс Хусусий бандлик агентлиги сифатида реестрда рўйхатдан ўтган бўлиб, уларнинг 58 таси Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш фаолияти билан шуғулланишга лицензия олган.

Шу билан бирга, Давлат дастурида белгиланган бандлик соҳасидаги вазифалар барча ҳудудларда ҳам тўлиқ бажарилган, деб бўлмайди. Йиғилишда бу борада айрим ҳудудларда мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланилмаётгани депутатлар томонидан қайд этилиб, йўл қўйилган камчиликлар қизғин муҳокама этилди.

Эшитув ва муҳокамалар якуни бўйича ҳамда билдирилган таклиф ва мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1183

Депутатлар минбари

Янгиликлар

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

16.07.2019
«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси жамоатчиликка ҳисобот берди

Қайд этилганидек, фракция аъзолари барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга ...

Тадбирлар тақвими