Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш долзарб вазифа

Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш долзарб вазифа

Жорий йилнинг 21 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг кенгайтирилган мажлисида Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил марказининг “Республикада наркотик моддаларни назорат қилиш соҳасида амалга оширилган ишлар ва соҳада қонунчиликнинг ижро этилиши ҳолати” бўйича ахбороти эшитилди.

Бугунги кунга келиб гиёҳвандлик моддаларининг савдоси, наркобизнес дунё тараққиёти ва барқарорлигига путур етказувчи жиддий муаммога айланди. Унинг ноқонуний тарқалишидан келиб тушаётган фойда террорчилик, одам савдоси каби ўта оғир жиноят турларини қўллаб-қувватлаш йўлида сарфланяпти. Мазкур офатнинг ҳалокатли оқибатларини сергаклик билан баҳолаш, унинг илдизига болта уриш эса, жамиятда тинчлик, хавфсизлик, фаровонлик, соғлом турмуш, юксак маънавиятни чуқур қарор топтириш ва юксалтиришнинг муҳим шартидир. Шу боис, юртимизда наркотик моддаларнинг ноқонуний  савдосига қарши курашга оид мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий пойдевор яратилиб, уларнинг ижроси доимий эътиборда бўлиб келаётир. Хусусан, Ўзбекистон БМТнинг наркотик моддалар назоратига оид конвенцияларига қўшилди.

Тадбирда мамлакатимизда қисқа давр ичида улкан саъй-ҳаракатлар қилиниб, салмоқли қадамлар қўйилгани, айниқса, Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси негизида, аввало, тинчлик, фаровонлик ва инсон манфаатлари устувор аҳамият касб этаётгани алоҳида таъкидланди. Ўзбекистоннинг тинчлик-осойишталик ҳамда изчил ва барқарор тараққиётни мастаҳкамлаш, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва умумий манфаатлар асосидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга ошираётган сиёсати, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, адлия, коррупцияга қарши курашиш ва соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган тизимли ўзгаришлар бу борада ўзининг ижобий натижаларини бераётгани эътироф этилди.

Хусусан, Ўзбекистон “Наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш позициясини эълон қилган”, позициясига содиқлиқлиги ҳамда шу кунга қадар халқаро ҳамжамият олдида зиммасига олган барча мажбуриятларни бажариб келаётгани қайд этилди.

Таъкидланганидек, соҳада бажарилган ташкилий-амалий ва оператив-профилактик тадбирлар натижасида 2018 йилда аниқланган наркотик моддаларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятлар 2017 йилга нисбатан 12 фоизга камайган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 2018 йилда мусодара қилинган наркотик воситаларнинг миқдори 2017 йилга нисбатан 41 фоизга камайган. Бундан ташқари, 2018 йилда 449 та ҳолатда 7477 кв.м. майдонда ёввойи тарзда ўсаётган наша ўсимликлари аниқланиб, йўқ қилинган. 449 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик қўлланилган.

Шунингдек, 2018 йилда тадбирлар давомида таркибида наркотик моддалар бўлган дори-дармонларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ 250 та ҳолат аниқланиб, ноқонуний муомаладан 157 мингдан ортиқ таблетка ва ампулалар мусодара қилинган. Республика ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноят содир этган 46 нафар чет эл фуқаролари ушланган, уларнинг 15 нафари Афғонистон Ислом Республикасининг фуқароларидир. Улардан жами 190,6 кг гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган.        

2018 йилда гиёҳвандлик билан боғлиқ касалликларнинг тарқалишида ҳам пасайиш кузатилган. Жумладан, 2017 йилда 8 минг нафар бемор наркология диспансери рўйхатида турган бўлса, 2018 йилда улар сони 6,1 минг нафарни ташкил этди. Бироқ рўйхатга олинган ОИВга чалинган шахсларнинг 12,6 фоизи гиёҳванд беморлардир. Умуман, олиб борилаётган кенг кўламли ишлар сабабли психоактив моддаларни нотиббий мақсадда истеъмол қиладиган, диспансер ва профилактика ҳисобида турадиган шахслар сони сезиларли даражада камайган.

Таъкидлаш жоизки, айни чоғда жойларда наркотик моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашни мувофиқлаштириш вазифалари минтақавий комиссияларга юклатилган, барча ҳуқуқ-тартибот идоралари таркибида наркотик моддаларга қарши курашиш бўйича махсус бўлимлар очилиб, уларнинг моддий-техник базаси ва кадрлар таъминоти мустаҳкамланган бўлишига қарамасдан, соҳада ҳали фойдаланилмаган имкониятлар мавжуд. Шунингдек, юртимизда аҳолини наркотик моддаларни истеъмол қилишнинг зарарли оқибатлари ҳақида огоҳлантириш, соғлом ҳаёт тарзини кенг тарғиб қилиш, ушбу эзгу муддаога қаратилган тадбирлар, ижтимоий роликлар самарадорлигини янада ошириш зарур.

Тадбирда соҳани ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш борасидаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор таклифлар билдирилди. Кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1374

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

15.10.2019
“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун қабул қилиш таклифи билдирилди

2019 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик...

15.10.2019
Нега баъзи депутатлар шифокорларни тажовуздан ҳимояловчи қонун лойиҳасига қарши?

Кейинги пайтларда кўпайиб бораётган ҳолатлар, яъни, ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокорларни ...

Тадбирлар тақвими