Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қурилиш вазирлиги ҳисоботи эшитилди

Қурилиш вазирлиги ҳисоботи эшитилди

16 май куни Қонунчилик палаласи Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳисоботи эшитилди. Шунингдек, қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуриш ва уларни ҳақиқий эгаларига топшириш ишларнинг аҳволини Тошкент вилоятида ўрганиш якунлари бўйича йиғилиш ўтказилди.

Мазкур эшитув Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан самарали парламент назоратини ўрнатиш мақсадида ташкил этилиб, унда Олий Мажлис палаталари ва уларнинг қўмиталари мажлисларида қонунчиликка мувофиқ мақсадли вазифаларни бажариш ва уларга эришиш бўйича вазирилик, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам эшитиб борилиши назарда тутилган.

Ҳисобот даврида вазирлик томонидан амалга оширилган ижобий ишлар сарҳисоби билан бирга соҳада йўл қўйилаётган айрим камчиликлар депутатлар томонидан танқид қилинди. Мажлисда Қурилиш вазирлиги томонидан 337 та шаҳарсозлик норма ва қоидалари ҳамда 128 та давлат стандартлари мавжуд бўлса-да, бироқ ушбу меъёрларнинг аксарияти замонавий талабларга жавоб бермаслиги эътирозларга сабаб бўлди.

Депутатлар томонидан айрим объектларнинг қурилиш монтаж ишларида сифатсиз ҳолатлар аниқланаётганлиги қайд этилди. Бундан ташқари депутатлар томонидан қурилиш, реконструкция ва капитал таъмирлаш қийматларини шакллантириш механизмлари бўйича ҳукумат қарори лойиҳасини белгиланган муддатда тасдиқлаш жараёни охирига етмаганлиги танқид қилинди.

Шунингдек, чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларни “йил давомида” бажарилиши белгиланган топшириқларнинг бугунги кундаги ижро ҳолати юзасидан ҳам ҳисобот бериши сўралди.

Тадбирда Қурилиш вазирининг ўринбосари Э.Искандаров давлатимиз томонидан соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди. Жумладан, ўтган давр мобайнида умумтаълим мактабларида 1086 та текширишлар ўтказилиб, аниқланган камчилик бўйича пудратчи, буртмачи ва лойиҳачиларга 495 марта ёзма кўрсатмалар берилганлигини таъкидлади. Объектлар лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиришлар киритишда қурилиш реконструкция ва капитал ремонт қийматига аниқлик киритиш механизмини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси тайёрланганлиги ҳақида маълумот берилди.

Йиғилишда жорий йилда 1205 та ижтимоий объектларда қурилиш монтаж ишлари сифатини қаттиқ назоратга олинишини таъминлаш, лойиҳа ташкилотлари фаолиятида замонавий талабларга жавоб берувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминлаш каби масалалар муҳокама этилди.

Бундан ташқари йиғилишда Тошкент вилояти мисолида арзон уй-жойларнинг ҳақиқий эгаларига берилиши, уй-жойларнинг сифати масалалари муҳокама қилинди. Халқ вакилларининг жойларда аҳоли ўртасида ўтказган давра суҳбатлари, учрашувлар чоғида ҳамда Қонунчилик палатасига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлили аҳолини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш масаласида кўплаб ҳақли эътирозларга ҳамда бу борада ечимини кутаётган муаммолар мавжудлигини мисоллар билан қайд этишди.

Тошкент вилояти ҳокимининг ўринбосари С.Юсупов ҳудудда фойдаланишга топширилган арзон уй-жойларнинг ҳақиқий эгаларига берилиши, уй-жойларнинг сифати масалалари ҳақида атрофлича жавоб берди. Бунда айрим арзон кўп квартирали, қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар белгиланган муддатларда қуриб фойдаланишга топширилмаётганлиги, қурилган уйларнинг сифати масалалари, уйларни қуришда маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланиш ҳисобига нархларнинг тушишига эришиш, жойларда уйларнинг ҳақиқий муҳтожларга тақсимотини амалга оширишда комиссияларнинг фаолиятини танқидий ўрганиш каби масалаларга эътибор қаратди. Хусусан, бу борада Тошкент вилоятининг Зангиота, Оққўрғон ва Қуйичирчиқ туманларида фойдаланишга топширилган арзон уй-жойларнинг ҳақиқий эгаларига берилиши, уй-жойларнинг сифати масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Қизғин баҳс-мунозара шаклида ўтган тадбирда Қурилиш вазирлигининг ҳисоботи ҳамда Қишлоқ жойларда ва фуқароларнинг айрим тоифалари учун арзон уй-жойлар қуриш ва уларни ҳақиқий эгаларига топшириш ишларнинг аҳволини Тошкент вилоятида ўрганиш якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Бу борада соҳада йўл қўйилган камчиликларнинг бартараф этиш бўйича тегишли масъулларга амалга оширилган ишлар бўйича танқидий- таҳлилий маълумотларни Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига тақдим этиш ҳамда режада белгиланган вазифаларни тўлиқ бажарилишини таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирларни кўриш вазифаси топширилди.

Тадбирни парламент назорати ўрнатиш мақсадида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга, бунда ижро органларининг масъулиятини ошириш учун соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини доимий равишда эшитиб боришга келишиб олинди.

    

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 

Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси 


Кўришлар сони: 1058

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

Тадбирлар тақвими