Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Вазирлик ва марказ ахбороти эшитилди

Вазирлик ва марказ ахбороти эшитилди

2019 йил 20 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасида Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Президентимизнинг 2019 йил 27 февралдаги “2019 йилда вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларга эришишларини баҳолашнинг асосий мезонлари тўғрисида”ги фармойиши ижроси юзасидан ҳамда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ овқат таминоти илмий ишлаб чиқариш марказининг «Республика тупроқ-иқлим шароитига мос, чидамли, эртапишар ва юқори ҳосилли қишлоқ хўжалиги экинлари навларини яратиш бўйича илмий-тадқиқот ишларининг амалга оширилиши ҳолати тўғрисида»ги ахборотлари эшитилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти фармойиши билан 2019 йилда вазирлик фаолиятининг мезонлар асосида баҳоланиши унинг қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларда ва таркибий ўзгаришларни амалга оширишдаги иштирокини кенгайтириб, ижро интизомини мустаҳкамлашга ёрдам бериши таъкидлаб ўтилди.

Ушбу баҳолаш мезонлари қишлоқ хўжалигининг бугунги ҳақиқий ҳолати инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, соҳани ривожлантиришда муҳим қадам ҳисобланади. Вазирлик томонидан аграр секторни қишлоқ хўжалиги техникалари, коммуникация тармоқлари ва инфратузилма объектлари, совуткичли сиғимлар билан етарли даражада таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳосилдорлигини ошириш, селекция ишларини яхшилаш, ходимлар малакаси ошириш каби мақсадли вазифалар ижроси белгиланган тартибда бажариб келинмоқда.

Таъкидланишича, жорий йил баҳорида фермер хўжаликларининг асосий майдонларига режадагига нисбатан 85 фоиз сабзавот, 87 фоиз картошка ва 67 фоиз полиз экинлари экилиши таъминланган. Шунингдек, 31,1 минг гектар ўрнига 5,4 минг гектар янги токзорлар, режадаги 10,7 минг гектар ўрнига 4,4 мингга гектарда реконструкция ишлари амалга оширилган.

Бу эса, ўз навбатида, депутатлар эътирозига сабаб бўлди.

Шу билан бир қаторда, тадбирда Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий ишлаб чиқариш марказида соҳа олимлари ва мутахассислари томонидан мамлакатимизда тезпишар, серҳосил, интенсив навларини яратиш борасида ижобий ишлар амалга оширилаётгани, бунда соҳанинг ҳуқуқий асослари муҳим аҳамиятга эга экани қайд этилди.

Илмий марказ ва унинг тизимидаги илмий тадқиқот муассасаларида жами 590 нафар илмий ходим фаолият юритади. Шундан академиклар — 6, мухбир аъзолар — 11, фан докторлари — 60, фан номзодлари 161 нафарни ташкил этади.

Илмий марказ институтларида ғўзанинг 18 та, сабзавот, полиз экинлари, шоли ва картошканинг 30 дан ортиқ янги навлари яратилган. Академик М.Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти, унинг илмий-тажриба станцияларида мевали экинларнинг 312 нави ва 35 дурагайи яратилган.

Шунингдек, селекция соҳасига жаҳон тажрибаси ютуқларини янада кенгроқ жорий этиш, қишлоқ хўжалиги экинлари янги тезпишар, серҳосил, интенсив навларини яратиш, соҳадаги қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш масалалари бўйича бир қатор таклиф ва тавсиялар ўртага ташланиб, кенг муҳокама этилди.

Эшитув давомида депутатлар томонидан миллий навларнинг йўқолиб бораётгани, яратилган навларнинг кам ишлатилаётгани ҳамда четдан келаётган уруғларнинг оммалашиб кетаётгани танқид остига олинди.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг тезпишар, серҳосил, интенсив навларини яратиш ва кўпайтириш, қишлоқ хўжалигини юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш ҳамда уларни экишда тўғри жойлаштириш, аҳолини асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш, уларни экспорт қилишни кенгайтириш, нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбир якунида вазирлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонларига эришиш учун белгиланган ҳар бир топшириқ ижроси алоҳида назоратга олиниши, йил якуни билан сўзсиз ижро қилиниши таъминланиши, шу билан биргаликда, селекция масалаларини такомиллаштириш, янги навлар етиштириш ва уларни районлаштириш билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий механизмларини ривожлантиришга доир таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитасининг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1522

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.11.2019
Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю,...

20.11.2019
Депутатлар таклифи инобатга олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳларида...

20.11.2019
Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?

Ҳар қандай қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан мақсад — уни такомиллаштириш, соҳадаги масалаларни...

Тадбирлар тақвими