Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш — устувор вазифа

Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш  —  устувор вазифа

2019 йил 14 майда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”нинг ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳнинг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.

БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси А.Шахиднинг Ўзбекистонга ташрифи (2017 йилнинг
2-12 октябр кунлари) якунлари бўйича тавсияларини амалга ошириш, шунингдек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенати Кенгашининг қўшма қарори билан 2018 йил 4 майда Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ҳамда Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” ижросини мониторинг қилиш бўйича Ишчи гуруҳ тасдиқланган.

Виждон ва дин эркинлиги фуқароларнинг энг муҳим конституциявий ҳуқуқларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси “Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи”ни кафолатлайди.

Конфессиялар билан муносабатларда давлат диний ҳис-туйғуларни ҳурмат қилиш, диний эътиқодни фуқароларнинг шахсий иши сифатида эътироф этиш, диндан зарарли мақсадларда фойдаланишга йўл қўймаслик, фуқарорларнинг тенг ҳуқуқлилиги ва диний қарашлари ҳамда эътиқодсизлиги учун таъқиб қилишга йўл қўйилмаслиги принципларига амал қилади.

Мамлакатда виждон эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишни, шунингдек, диний ташкилотларнинг фаолият юритиши ва ривожланишини таъминлайдиган зарур норматив-ҳуқуқий база яратилган.

Ўзбекистон инсоннинг камситилишининг олдини олишга қаратилган қатор халқаро ҳужжатларни ратификация қилди. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Ирқий камситишларнинг барча кўринишларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенция, Дин ёки эътиқодига кўра муросасизлик ва камситишларнинг барча кўринишларига барҳам бериш тўғрисидаги декларация кабилар шулар жумласидандир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон БМТ Бош Ассамблеясининг “Дин ёки эътиқодига кўра шахсларга нисбатан муросасизлик, салбий стереотипларни шакллантириш, камситиш, зўравонликка ундаш ва зўравонликка қарши кураш” тўғрисидаги 68/169-сонли Резолюциясини ҳам қўллаб-қувватлайди.

Юқорида қайд этилган халқаро ҳужжатларнинг қоидалари қонунчиликка ва давлат органларининг амалий фаолиятига имплементация қилинган.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси туб демократик ислоҳотларнинг, шунингдек, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг янги босқичини бошлаб берди.

Парламентнинг инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ва ҳимоя қилишни таъминлашни мониторинг қилишни амалга оширишдаги роли тубдан ўзгарди. Инсон ҳуқуқларига риоя қилиш ҳолати бўйича ҳисоботни, фуқароларнинг алоҳида тоифалари ҳуқуқларини амалга оширишни таъминлаш, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ва минтақавий механизмлар билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича “Йўл хариталарини” парламент палаталари томонидан тасдиқлаш амалиётга татбиқ этилди.

Ишчи гуруҳ раиси – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси А.Саидовнинг қайд этишича, Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” БМТнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачиси А.Шахиднинг тавсияларини бажаришга қаратилган 52 та тадбирни амалга оширишни назарда тутади. 2019 йилнинг январь ойида Ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилишида “Йўл харитасининг” 2018 йилга мўлжалланган биринчи йил натижалари сарҳисоб қилинди. 2019 йилга 11 та тадбирни амалга ошириш режалаштирилди.

Йиғилиш давомида парламент Қонунчилик палатаси депутати А.Юнусованинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, 2017 – 2018 йилларда дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш соҳасида амалга оширилган тадбирлар тўғрисидаги ахбороти тингланди.

Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича махсус маърузачининг тавсияларини амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг “Экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги қонуни (2018 йил 30 июль), Ҳукумат қарори билан 2018 йил 31 майда тасдиқланган Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатдан ўтказиш ва тугатиш тартиби тўғрисида Низом, 2018 йил 22 июнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқаро Ислом академияси фаолиятини ташкил этиш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жамиятнинг маънавий-ахлоқий янгиланишида диний таълим ва маърифат муҳим омил ҳисобланади. Шу билан бирга, кўп миллатлилик шароитидаги маънавий ва диний қайта тиклаш соҳасидаги энг муҳим муаммолардан бири диний таълим, дин вакилларини ўқитишни йўлга қўйишдан иборат. Шу муносабат билан 2018/2019 ўқув йилида Халқаро Ислом академиясида «Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик», «Ислом тарихи ва манбашунослиги», «Ақида» ва бошқалар каби кафедралар очилди. Ушбу диний мутахассисликлар бўйича 100 нафар талаба қабул қилинди.

Жамиятнинг маънавий-ахлоқий тарбиясида дин таъсирининг етарлича ўрганилмагани, жамиятнинг ахлоқий ҳолатини яхшилаш, шунингдек, унда диннинг ижтимоий аҳамиятини аниқлаш мақсадида “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Ўзбекистон аҳолисининг диндорлиги” ва “Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусида ижтимоий тадқиқотлар олиб борилди.

Аҳолининг ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида “Дунёвий давлат: ҳозирги босқичда амалга ошириш тамойиллари ва механизмлари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди, “Диний бағрикенглик: Ўзбекистон ва АҚШ тажрибаси” мавзусида ўзбек-америка семинари ўтказилди, халқаро экспертларнинг иштирокида янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш бўйича давра суҳбати, “Болаларнинг ва ёшларнинг диний тарбиясида оиланинг роли” мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Халқаро бағрикенглик кунини нишонлаш доирасида 2018 йил 16 ноябрда “Халқлар ва диний таълимотларнинг маънавий-ахлоқий яқинлаштирилиши” мавзусида диний ташкилотлар вакилларининг иштирокида давра суҳбати уюштирилди.

2018 йил 12 декабрда БМТ Бош Ассамблеяси ялпи мажлисида “Маънавият ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилиниши 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев илгари сурган ташаббуснинг амалий ифодаси бўлди. Лойиҳаси Ўзбекистон томонидан ишлаб чиқилган ҳужжат барча аъзо давлатлар томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланди. 

Дин ишлари бўйича қўмитанинг раиси Ж.Акрамов “Йўл харитаси”нинг ижроси доирасида қўмита томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берди. Унинг айтишича, Конфессиялар иши бўйича кенгашнинг низоми тасдиқланди. Мамлакат ҳудудларида, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида исломий бўлмаган диний ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари А.Тошқулов янги таҳрирдаги “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни ҳақида маълумот берди.

Ушбу қонун лойиҳасининг мақсади қонун нормаларини 1966 йил
16 декабрдаги Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактга мувофиқлаштириш, диний ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини соддалаштириш, давлат рўйхатидан ўтишни рад этишнинг муайян асосларини аниқлаш, ушбу соҳадаги ваколатли давлат органларининг ваколатларини, суд тартибида диний ташкилот фаолиятини тўхтатишни, диний ташкилотларнинг режалаштирилган фаолияти тўғрисида хабардор қилиш тартибини, диний адабиётларни тайёрлаш ва тарқатиш тартибини белгилашдир.

Қонун лойиҳаси диний ташкилотларни рўйхатга олиш тартиби диний ташкилотларни ташкил этиш учун ташаббускорлар сонининг 100 кишидан 50 кишигача қисқаришини, шунингдек, диний таълим муассасаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби соддалаштирилишини кўзда тутади.

Диний мазмундаги материалларни тайёрлаш, олиб келиш ва тарқатиш соҳасидаги тартибни такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг тегишли қарорига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.

Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қайта рўйхатга олиш, тугатиш тартибини янада мақбуллаштириш ва соддалаштириш бўйича халқаро эксперт тавсияларини ҳисобга олган ҳолда, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш уларнинг марказий органлари учун давлат божи беш марта – ЭКОИҲ нинг 100 бараваридан 20 бараваригача ва диний ташкилотларнинг ўзи учун 50 дан 10 гача қисқартирилди. Рўйхатга олувчи органга ҳисобот бериш тартиби ва муддати йилига бир марта ҳисобот тақдим этиш талабларини белгилаш йўли билан соддалаштирилди. Рўйхатдан ўтказувчи органнинг ваколатларидан диний ташкилотларни тугатиш ҳуқуқи чиқариб ташланди, диний ташкилот фаолиятини суд тартибида тўхтатиш белгиланди.

Ишчи гуруҳ йиғилишида Дин ва эътиқод эркинлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси”ни амалга ошириш доирасида бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди, манфаатдор шахсларнинг саволларига жавоблар қайтарилди.

2019 йилда “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирларини амалга ошириш бўйича Ишчи гуруҳнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ишчи гуруҳнинг кенгайтирилган йиғилишида депутатлар, сенаторлар, вазирликлар, идоралар, таълим муассасалари раҳбарлари, фуқаролик жамияти институтлари, диний ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари ва Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.


Кўришлар сони: 3810

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.07.2019
Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик — демократик жамиятнинг асосий тамойилларидан бири

Пойтахтимиздаги Корейс маданияти ва санъати уйида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ...

19.07.2019
ЎзХДП фракцияси фаолияти юзасидан ахборот берди

Қонунчилик палатасига киритилган қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг 134 та таклифи ишлаб чиқилиб, ...

18.07.2019
Депутатлар автомобиль ойналарини қорайтириш масаласини қандай ҳал қилмоқчи?

“Адолат” СДП фракцияси депутатларига халқимиз томонидан ҳайдовчи ва йўловчиларни ёзнинг жазирама...

Тадбирлар тақвими