Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Тиббиёт маркази фаолиятига “Электрон соғлиқни сақлаш” тизими қачон жорий этилади?

Тиббиёт маркази фаолиятига “Электрон соғлиқни сақлаш” тизими қачон жорий этилади?

2019 йил 7 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси томонидан Республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижро этилиши ҳолатини ўрганиш якунлари кўриб чиқилди.

Маълумки, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасида ахборотлаштириш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналиши сифатида ҳар кимнинг ахборотни эркин олиш ва тарқатишга доир конституциявий ҳуқуқларини амалга ошириш, ахборот ресурсларидан эркин фойдаланилишини таъминлаш белгиланган.

Қонуннинг ушбу талабидан келиб чиқиб, марказ фаолиятида ахборот ресурслари ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда, фуқароларнинг ахборот олишга бўлган ҳуқуқини амалга ошириш учун яратилган имкониятлар ҳужжатлар, бевосита жойига чиқиш орқали ҳамда фуқаролар ўртасида ижтимоий сўров ўтказиш воситасида ўрганилди.


Ўрганишлар жараёнида амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, муайян камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди. Хусусан, фуқароларга ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда шароит яратиш масаласига марказ томонидан етарли эътибор қаратилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги
Фармони билан тасдиқланган “2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепцияси”да “Электрон соғлиқни сақлаш” тизимини жорий этиш, ягона миллий стандартлар асосида интеграциялашган ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари мажмуини ташкил этиш орқали аҳолига тиббиёт ташкилотлари ва кўрсатиладиган тиббий хизматлар тўғрисида ахборот олиш, “электрон навбат”, шу жумладан, масофадан навбатни банд қилиб қўйиш имконини яратиш белгиланган.

Бироқ марказ томонидан шу кунгача беморларни масофадан шифокор қабулига ёзиш имконияти яратилмаган. Марказда навбатни бошқариш бўйича ҳеч қандай тизим ўрнатилмаган, “электрон навбат”, масофадан навбатни банд қилиб қўйиш имкони йўқ.

Марказнинг веб-сайти қонун ва ҳукумат қарори билан тасдиқланган низом талабларига жавоб бермайди. Марказ филиалларининг веб-сайтлари ҳам қониқарсиз аҳволда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг 5-бандида марказда ташкил этилган саратон профилактикаси маркази - онкологик касалликлар профилактикаси ва скрининг текширишлар ўтказиш, онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ягона маълумотлар базасини (канцер-регистр) шакллантириш белгиланган. Бироқ марказдаги ягона маълумотлар базаси (канцер-регистр) ишлари ўз аҳволига ташлаб қўйилган ва бугунги кунда республика бўйича умумий ягона электрон рўйхат мавжуд эмас.

Марказда рўйхатдан ўтган беморларнинг электрон карталари жорий қилинмаган. Марказга қарашли таъмирланаётган бино лойиҳасида эса, алоқа воситалари, шу жумладан, телефон ва локал тармоқларни ўрнатиш кўзда тутилмаган.

Марказнинг амалда ишлаб турган поликлиникасида эса, зарур ахборот инфраструктураси яратилмаган. Масъул шифокорларнинг хоналари локал тармоққа уланмаган, мавжуд компьютер воситалари ва улардаги дастурий маҳсулотлар маънан эскирган, хизмат компьютерларининг бирортасида ҳам лицензия асосидаги операцион тизим ва дастурлар ўрнатилмаган.

Ўрганишлар давомида марказдаги мавжуд 124 та компьютернинг аксарияти носоз ҳолда бўлгани сабабли, шифокорлар ўз эҳтиёжлари учун олиб келган шахсий компьютерлардан фойдаланиб келаётгани ҳолатлари ҳам аниқланди.

Ички локал тармоқни улаш орқали ахборот алмашиш имконияти филиалларда ҳам етарли яратилмаган. Масалан, Наманган филиалида мавжуд 28 та компьютердан 6 таси, Фарғона 2-сон филиали 8 та компьютердан 4 таси ички локал тармоққа уланган, холос.

Юқоридаги ҳолатлардан келиб чиқиб депутатлар марказ фаолияти бўйича ўзларининг жиддий эътирозларини билдириб ўтдилар. Жумладан, депутатлар томонидан Онкология маркази ва унга қарашли поликлиника ўртасида локал тармоқ йўқлиги, фуқаролар учун онлайн маслаҳат, электрон навбатнинг ташкил этилмагани, беморлар билан навбат асосида ишлашда тизимли ёндашув шакллантирилмагани, тегишли норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилмагани кескин танқид қилинди.


Кўришлар сони: 1232

Депутатлар минбари

Янгиликлар

17.06.2019
Шифо – ўринлари қачон тартибга келади?

Тадбирда ушбу масалалар мисолар орқали таҳлил қилинди. Хусусан, Наманган шаҳридаги биргина 300 та...

17.06.2019
Ўзбекистон — Германия: парламентлараро муносабатлар мустаҳкамланмоқда

2019 йил 17 июнь куни парламент қуйи палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик ...

14.06.2019
Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси зиммасидаги вазифаларни қай даражада уддаламоқда?

Жорий йилнинг 14 июнь куни Ўзбекистон Републикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ...

Тадбирлар тақвими