Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қонунчилик палатаси қўмиталарида Давлат дастури ижросининг I чорак якунлари муҳокама қилинди

Қонунчилик палатаси қўмиталарида Давлат дастури ижросининг I чорак якунлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида мамлакат сиёсий ҳаётида янги амалиёт – Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширган ишлар ҳақида Олий Мажлис палаталари олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боришини таклиф қилган эди.

Ана шу мақсадда, депутатлар ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис олдидаги масъулиятини янада оширишни кўзда тутувчи “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди.

Эндиликда Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламент палаталарига Мурожаатномадан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши белгилаб қўйилди.

Ушбу янгилик, ўз навбатида, ҳукуматнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини ошириши билан бирга, парламент аъзоларининг ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида фаол қатнашишига хизмат қилади. Мазкур амалиётнинг мамлакатимизда жорий этилиши илғор ривожланган демократик давлатлар тажрибасига мос келиши билан бирга, “Халқ давлат органларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган олижаноб ғоянинг амалдаги ифодасидир.

Жорий йилнинг 25 апрель куни мазкур тарихий қонуннинг ижросини таъминлаш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмиталарининг ҳукумат аъзолари иштирокида «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили» Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботни дастлабки тарзда муҳокама қилишга бағишланган мажлислари бўлиб ўтди.

Қайд этиш керакки, ҳисоботга ҳукумат томонидан пухта тайёргарлик кўрилган бўлиб, у Қонунчилик палатасига тақдим этилгунига қадар Вазирлар Маҳкамаси Раёсатида алоҳида муҳокама этилган.

Депутатлар ҳукумат томонидан Давлат дастурининг ижроси бўйича ҳисобот даврида сезиларли ишлар амалга оширилганини қайд этиш билан биргаликда, йўл қўйилган камчиликлар, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар бўйича аниқ таклифларни билдирдилар.

Давлат дастурининг 63 та банди 2019 йилнинг биринчи чорагида бажарилиши керак бўлиб, шундан 46 та банд тўлиқ ижро этилган, 27 та банд бўйича ҳужжатлар лойиҳалари масъул вазирлик ва идоралар томонидан ишлаб чиқилиб, қабул қилинган, 24 та банд бўйича вазифалар ўз вақтида бажарилмаганини таҳлиллар кўрсатмоқда.


Қўмиталарда, жумладан, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан ўтказилган мажлисда қайд этилганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратишга эришилган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 5,3 фоизга, хусусан саноат соҳаси 6,8 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми соҳаси 11,1 фоизга, чакана савдо айланмаси 5,9 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 2,5 фоизга ўсган. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил биринчи чорагидаги даромадлар 23,0 трлн. сўмни, харажатлари эса 24,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан мос равишда 1,6 ва 1,7 баробарга ошган.

Йиғилиш қатнашчилари янги форматда, қизғин ва конструктив руҳда ўтган мазкур тадбирда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишида йўл қўйилган баъзи камчиликлар ҳам таҳлил қилинди.

Парламент аъзолари тадбирда билдирилган таклифлар асосида Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, соҳада олиб борилаётган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга келишиб олдилар.

Шу билан бирга, парламент аъзолари Ҳукуматимига иқтисодиётнинг янада жадал ўсишини таъминлашга, инвестиция сиёсатини юритиш орқали инвестицияларни жалб этишни янада фаоллаштиришга, «яширин иқтисодиёт»нинг улушини камайтириш борасида таъсирчан чораларни ишлаб чиқишга, маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратишга, шунингдек рақамли иқтисодиёт миллий стратегиясини ишлаб чиқишни янада тезлаштиришга эътиборларини қаратишга ундадилар.


Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари ҳам Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини танқидий таҳлил асосида кўриб чиқди. Муҳокамалар чоғида депутатлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, баъзи камчиликлар ҳам аниқланганини қайд этдилар. Жумладан, Давлат дастурининг 22-бандига кўра, ҳудудларни ободонлаштириш тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи Президент қарорини қабул қилиш белгиланган бўлса-да, амалда ижроси бажарилмаган. Шунингдек, Давлат дастурининг 120-бандида белгиланган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида соҳага тааллуқли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси ижроси ҳам амалда таъминланмаган. Бундан ташқари, автомобиль ва ички йўллар қурилишининг республика миқёсидаги қамрови, таъмирланаётган йўлларнинг сифати, арзон уй-жойлар қурилиши, уларнинг нархи ва сифатига етарлича эътибор берилмагани депутатлар томонидан танқид қилинди.


Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган муҳокамаларда Давлат дастурида белгиланган аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя масалаларига доир вазифалар ижроси таҳлил этилди. Таъкидланганидек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида 2019 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш манзилли дастури тасдиқланиб, унда 13 мингдан зиёд аёлларни ишга жойлаштириш белгиланган. Шунингдек, жорий йилда 1,6 минг нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал тўловларини амалга ошириш учун тижорат банкларида талабгорларга ҳисоб рақамлари очилмоқда.

Шу билан бирга, йиғилишда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмагани уларга ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилишни кенгайтиришга, илғор тиббий-ижтимоий реабилитация услубларини жорий қилишга имкон бермаётгани депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, муайян ишлар амалга оширилганини эътироф этиб, тиббиёт муассасалари таркибида умидсиз оғир беморлар учун Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳудудлараро хоспис бўлимларини ташкил қилиш ишлари ҳали охирига етказилмагани ҳам халқ вакилларининг танқидига сабаб бўлди.


Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзолари томонидан Давлат дастурида белгиланган Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясини ислоҳ қилиш (31-банд), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таркибида «Ўзбекистон тарихи» каналини ташкил этиш (190-банд) бўйича белгиланган муддатлар ўз вақтидан ўтиб кетган бўлишига қарамай, тегишли масъуллар томонидан чора-тадбирлар кўрилмагани таъкидланди. Хусусан, Давлат дастурининг 8-бандида ҳокимият вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлашга қаратилган «Электрон парламент» тизими лойиҳаларини амалга ошириш учун молиявий харажатларнинг манбаларига ойдинлик киритилмагани сабабли ҳанузгача ушбу вазифани якунлашнинг имкони бўлмаётгани қайд этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг барча қўмиталарида ўтказилган бундай муҳокамалар депутатлар томонидан берилган саволлар асосида қизғин баҳс-мунозаларга бой бўлди. Қўмиталар томонидан тегишли қарорлар қабул қилиниб, ҳукуматнинг ҳисоботини ялпи мажлисда кўриб чиқиш учун таклифлар билдирилди.

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати


Кўришлар сони: 3341

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.06.2019
Коммунал хизматлар сифатини яхшилашга эришиш парламент назоратида

2019 йил 18 июнда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

18.06.2019
Сув объектларини бошқаришда он-лайн ахборот тизими кенг жорий этилади

Жорий йилнинг 18 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қў...

18.06.2019
Жисмоний тарбия ва спорт вазири ахборот берди

2019 йил 18 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари ...

Тадбирлар тақвими