Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатларнинг танқидига нима сабаб бўлди?

Депутатларнинг танқидига нима сабаб бўлди?

Давлатимиз раҳбари ўтган йили Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Биз янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда яна бир амалиётни жорий этамиз. Яъни, кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради. Шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлади. Ҳукумат фаолиятига халқнинг ўзи баҳо беради” деб таъкидлаган эди.

Ана шу мақсадда, депутатлар ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамасининг Олий Мажлис олдидаги масъулиятини янада оширишни кўзда тутувчи “Ҳукуматни шакллантириш тартиби демократлаштирилиши ва унинг масъулияти кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унга мувофиқ, Бош вазир ҳукумат аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда парламент палаталарига Мурожаатномадан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этиши белгилаб қўйилди.

2019 йил 25 апрель куни парламент қуйи палатасида Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши ҳақидаги ҳисоботи кўриб чиқилди.

Давлат дастурида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан амалга оширилган ишлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Ҳисоботда келтирилганидек, мамлакатимизда тиббий хизматлар сифатини яхшилаш ва улар билан аҳолини қамраб олишни кенгайтириш мақсадида “Саломатлик-3” лойиҳасини амалга ошириш доирасида I чоракда 516 та тиббиёт муассасасига қиймати 3,4 миллион АҚШ доллари бўлган 131 хилдаги тиббий ускуналар (рентген, реанимацион асбоб-ускуналар, тиббий анжом ва жиҳозлар) етказиб берилган.

Болаларни вакциналар билан таъминлаш тадбирларига давлат бюджетидан 138 млрд. сўм режалаштирилган бўлиб, шундан I чорак давомида 72 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилган. Шунингдек, болаларнинг ногирон туғилишининг олдини олиш мақсадида туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш чора-тадбирларини амалга ошириш учун республика ва минтақавий скрининг марказлари томонидан 74 минг нафар хавфли гуруҳга кирувчи ҳомиладор аёллар ултратовуш (УТТ) текширувидан, 137 минг нафар янги туғилган чақалоқлар туғма гипотиреоз ва фенилкетонурия касаллигига текширувларидан ўтказилди.

Давлат дастурининг 159-бандида халқ генофондини сақлаш учун ҳомиладор аёллар ва болаларнинг овқатланиши рационини янада яхшилаш дастурини ишлаб чиқиш белгиланган. Бироқ тақдим этилган ҳисоботда мазкур масалалар юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотлар киритилмагани депутатларнинг танқидига сабаб бўлди.                                

Шунингдек, ҳисоботда давлат шифохоналарини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш юзасидан ишлаб чиқилган лойиҳа доирасида жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб тиббий хизмат сифатини яхшилаш ва кўламини кенгайтириш мақсадида 16 тумандаги тиббиёт муассасаларини «ҳар бир даволанган ҳолат» учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш механизмлари жорий этилгани кўрсатиб ўтилган. Лекин мазкур механизмлар амалиётга тўлиқ татбиқ этилмаётгани депутатлар томонидан қайд этиб ўтилди.

Ҳисоботда таъкидланганидек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида 2019 йилда оғир турмуш шароитида яшаётган аёллар, айниқса, ёш хотин-қизлар бандлигини таъминлаш манзилли дастури тасдиқланиб, унда 13 мингдан зиёд аёлларни ишга жойлаштириш белгиланган. Шунингдек, жорий йилда 1,6 минг нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш режалаштирилган. Ҳозирда Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан бошланғич бадал тўловларини амалга ошириш учун тижорат банкларида талабгорларга ҳисоб рақамлари очилмоқда.

Шу билан бирга, йиғилишда тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базаси ва инфратузилмасининг етарли даражада ривожланмагани уларга ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини қабул қилишни кенгайтиришга, илғор тиббий-ижтимоий реабилитация услубларини жорий қилишга имкон бермаётгани депутатлар томонидан таъкидлаб ўтилди.

Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 апрелдаги “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкология хизматини янада ривожлантириш ва онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, муайян ишлар амалга оширилганини эътироф этиб, тиббиёт муассасалари таркибида умидсиз оғир беморлар учун Самарқанд, Фарғона, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ҳудудлараро хоспис бўлимларини ташкил қилиш ишлари ҳали охирига етказилмагани ҳам халқ вакилларининг танқидига сабаб бўлди.

Тадбирда Давлат дастурини самарали ижро қилиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди, зарур тавсиялар берилди.


Кўришлар сони: 2316

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими