Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қўмиталар парламент назоратидан унумли фойдаланди

Қўмиталар парламент назоратидан унумли фойдаланди

Президентимизнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида “Биз янги йилдан бошлаб сиёсий ҳаётимизда яна бир амалиётни жорий этамиз. Кириб келаётган йилнинг бош ҳужжати бўлган Мурожаатномада баён қилинган ҳар бир устувор йўналиш бўйича Бош вазир ва ҳукумат аъзолари амалга оширилган ишлар ҳақида Сенат ва Қонунчилик палатаси олдида ҳар чоракда ҳисобот бериб боради. Бу жараён оммавий ахборот воситалари орқали кенг ёритилиши лозим. Шу тариқа фуқаролар Мурожаатномада белгилаб берилган вазифаларни бажариш бўйича ҳукумат қандай иш олиб бораётганидан хабардор бўлади. Яъни, ҳукумат фаолиятига халқнинг ўзи баҳо беради”, дея таклиф киритган эди. Давлатимиз раҳбарининг ушбу таклифи қонун ҳужжатларида ҳам акс эттирилиб, мустаҳкамланди ва бу янги амалиёт ҳаётга татбиқ этилиши бошланди.

2019 йил 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси ҳамда Саноат, қурилиш вас авдо масалалари қўмитаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 2019 йил биринчи чорагида бажарилишининг бориши ҳақидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Депутатлар, Вазирлар Маҳкамасининг масъул ходимлари, тегишли вазирлик ва идора раҳбарлари, қўмиталар ҳузурида тузилган экспертлар гуруҳи аъзолари ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда Давлат дастурининг жорий йил I чорагидаги ижроси атрофлича таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда иқтисодиётнинг барқарор ўсиш суръатлари ва макроиқтисодий барқарорлик, хорижий инвестицияларни жалб қилиш, жозибадор инвестиция муҳитини яратишга эришилган. Ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати 5,3 фоизга, хусусан саноат соҳаси 6,8 фоизга, хизматлар кўрсатиш ҳажми соҳаси 11,1 фоизга, чакана савдо айланмаси 5,9 фоизга ва қишлоқ хўжалиги 2,5 фоизга ўсган.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2019 йил биринчи чорагидаги даромадлар 23,0 трлн. сўмни, харажатлари эса 24,1 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг ушбу даврига нисбатан мос равишда 1,6 ва 1,7 баробарга ошган.

Йиғилиш қатнашчилари янги форматда, қизғин ва конструктив руҳда ўтган мазкур тадбирда амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг бажарилишида йўл қўйилган баъзи камчиликлар ҳам таҳлил қилинди.

Парламент аъзолари тадбирда билдирилган таклифлар асосида Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, соҳада олиб борилаётган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга келишиб олдилар.

Шу билан бирга, парламент аъзолари Ҳукуматимига иқтисодиётнинг янада жадал ўсишини таъминлашга, инвестиция сиёсатини юритиш орқали инвестицияларни жалб этишни янада фаоллаштиришга, «яширин иқтисодиёт»нинг улушини камайтириш борасида таъсирчан чораларни ишлаб чиқишга, маҳаллийлаштириш дастури доирасида импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратишга, шунингдек рақамли иқтисодиёт миллий стратегиясини ишлаб чиқишни янада тезлаштиришга эътиборларини қаратишга ундадилар.

Ўз навбатида, мамлакатимизда саноат таркибий ўзгаришлари ҳам изчил давом эттирилди ҳамда ўсиш суръатлари таъминланди. Хусусан, 67,4 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқилди. Таҳлилларга кўра, архитектура ва қурилиш (125,1 фоиз) соҳаларида хизмат кўрсатишлар бўйича юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Саноат соҳасини комплекс равишда ривожлантириш ва мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, электр энергияси, нефть ва газ соҳасини давлат томонидан бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи Энергетика вазирлиги ташкил этилиб, нефть-газ ҳамда электр энергетика соҳаларидаги акциядорлик жамиятларининг хўжалик юритувчи субъект сифатидаги мақоми мустаҳкамланди.

Ҳисобот даврида ҳудудларни комплекс ривожлантиришга, шу жумладан, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация тармоқлари ҳолатини янада яхшилаш масаласи ҳам диққат марказда бўлди. Транспорт, жумладан, ҳаво, темир йўл, автомобиль тарнспорти ва метрополитен соҳасини давлат томонидан бошқариш бўйича ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи давлат органи – Транспорт вазирлиги ташкил қилинди. Ушбу ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида хўжалик бошқаруви органлари, хусусан, «Ўзбекгидроэнерго», «Ўзбекистон темир йўллари» ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» жамиятларида корпоратив бошқарувнинг замонавий усуллари жорий этилмоқда.

Ҳисобот даврида қурилиш ишлари ҳажми 11 трлн. 179,7 млрд. сўмни ёки ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 105,9 фоизни ташкил этди. 2019 йил январь-март ойлари учун маҳаллийлаштириш кўрсаткичлари 454 та лойиҳа бўйича 3 трлн. 287,6 млрд. сўмга бажарилди (106,6 фоиз). Бунда импорт ўрнини босиш самарадорлиги 392,4 млн. доллар, жумладан, нефть ва газ соҳасида 120 млн. доллар ва кимё саноатида 20 млн. долларни ташкил этди. Маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар экспорти 108,8 млн. долларга етди.

Муҳокамалар чоғида депутатлар амалга оширилган ишлар билан бир қаторда, Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришда баъзи камчиликлар ҳам аниқланганини қайд этдилар. Жумладан, Давлат дастурининг 22-бандига кўра, ҳудудларни ободонлаштириш тизимини янада такомиллаштиришни назарда тутувчи Президент қарорини қабул қилиш белгиланган бўлса-да, амалда ижроси бажарилмаган. Шунингдек, Давлат дастурининг 120-бандида белгиланган эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш мақсадида соҳага тааллуқли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси ижроси ҳам амалда таъминланмаган.

Бундан ташқари, автомобиль ва ички йўллар қурилишининг республика миқёсидаги қамрови, таъмирланаётган йўлларнинг сифати, арзон уй-жойлар қурилиши, уларнинг нархи ва сифатига етарлича эътибор берилмагани депутатлар томонидан танқид қилинди.

Парламент аъзолари тадбирда билдирилган таклифлар асосида Давлат дастурининг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишларни янада кучайтириш, соҳада олиб борилаётган ишларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши устидан таъсирчан парламент назоратини ўрнатишга келишиб олдилар. Шу билан бирга, қўмита аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирига парламент сўрови юбориш таклифи билдирилди.

Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ҳамда жорий йил Давлат дастурида белгиланган муҳим вазифаларни амалга оширишда, биринчи навбатда, барча даражадаги раҳбарлар ўз фаолиятини танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик асосида ташкил этиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.

Йиғилиш кун тартибидаги масала атрофлича муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 3027

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.07.2019
Вазифалар ижроси ислоҳотларнинг амалда тўлақонли натижаси кафолати

Қўмита 2019 йилнинг олти ойида Қонунчилик палатасига киритилган қирқдан ортиқ қонун лойиҳаларига...

13.07.2019
Қўмита самарали фаолият олиб борди(ми?)

Қўмита ўтган олти ой давомида давлат ва жамият қурилишини бошқариш, фуқаролик жамияти институтларини...

12.07.2019
Қонун лойиҳаси нега қайта номланди?

2019 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар...

Тадбирлар тақвими