Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

“Ўрмон тўғрисида”ги Қонуннинг Навоий вилоятидаги ижроси кўриб чиқилди

“Ўрмон тўғрисида”ги Қонуннинг Навоий вилоятидаги ижроси кўриб чиқилди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Экоҳаракат депутатлар гуруҳи ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг 2019 йилга мўлжалланган фаолиятининг асосий йўналишларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “Ўрмон тўғрисида”ги Қонуни 28-, 29- ва 30-моддалариниинг Навоий вилоятидаги ижросини ўрганиш якунларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Тадбирда депутатлар, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фанлар академияси, Навоий вилояти ҳокимлиги ҳамда Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси мутахассислари ҳамда журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 майдаги Ўзбекистон Республикаси “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисида”ги фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси “Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ўрмончилик фаолиятини янада ривожлантиришда муҳим амҳамият касб этмоқда.

Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси тизимидаги 7 та давлат ўрмон хўжалиги мавжуд бўлиб, жами ўрмон фонди ер майдонлари 2944362 гектарни ташкил этади. Ўрмон фонди ерларида ўрмонларни такрорий кўпайтириш, ҳимоя ўрмонзорлари барпо қилиш ишлари таҳлил қилинганда, жумладан, 2016 йилда 8379 гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ишлари бажарилган бўлса, ушбу кўрсатгич 2017 йилда 8465 гектарга етгани, 2018 йилда эса, 8495 гектар ўрмон барпо қилингани аниқланди.

Мазкур дастурлар ижроси бўйича Навоий вилояти ўрмон хўжаликлари томонидан белгиланган топшириқлар доирасида 2018 йилда жами 8 914 гектар майдонда ўрмон барпо қилиш ишлари амалга оширилган, шундан 7793 гектари уруғдан, 1121 гектари кўчатдан маданий ўрмонлар барпо этилган.

Вилоятнинг тоғ ва тоғолди ҳудудларида самарасиз фойдаланилаётган ерларда саноатбоп писта, доривор коврак, наъматак, суғориш имконияти мавжуд бўлган майдонларда эса терак, тол, жийда, қайроғоч каби дарахт ва ўсимлик турларидан иборат маданий ўрмонлар плантация усулида барпо этилмоқда. Жумладан, бугунги кун ҳолатига 1200 гектардан ортиқ писта, 80 гектардан зиёд терак, 500 гектар коврак, 200 гектар наъматак плантациялари ташкил қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Обод қишлоқ” дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан Навоий вилояти ўрмон хўжаликлари томонидан Хатирчи туманидаги Тинчлик, Навбаҳор туманидаги Янги ҳаёт, Нурота туманидаги Чуя ва Конимех туманидаги Шодибек қишлоқларига жами 15 200 туп манзарали кўчат етказиб берилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 15 февралдаги “Орол денгизи тубидаги суви қуриган ҳудудларда “яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича вилоят ўрмон хўжаликлари томонидан Орол денгизининг суви қуриган тубида ўрмон барпо қилиш ишлари учун 94 тонна саксовул, қандим, черкез каби дарахт ва бута уруғлари тайёрланиб, Мўйноқ давлат ўрмон хўжалигига етказиб берилган. Бундан ташқари, Томди, Учқудуқ, Конимех туманларининг чўл ҳудудларида 41 тонна саксовул уруғлари сепиб, маданий ўрмон барпо этилган.

Назорат–таҳлил фаолияти бўйича ўтказилган мажлисда ўрмонларни кўпайтириш, қайта тиклаш ва маҳсулдорлигини ошириш бўйича амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, айрим камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги таъкидланди. Жумладан, ўрмон барпо этиш бўйича 2017 йил ва 2018 йилги маълумотлар солиштирилганда, уруғ орқали ўрмон барпо этиш ишлари 22 фоизга кўпайган бўлса-да, кўчат орқали ўрмон яратиш ишлари 40 фоизга камайган.

Ўрмонларни кўпайтириш, қайта тиклаш, маҳсулдорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишларни қониқарли даражада ташкил этилган, деб бўлмайди. Чунки йилига ўрмон барпо этиш ишлари 8,5 минг гектарни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткич вилоят ўрмон фонди ерига нисбатан 0,29 фоизни ташкил этади, холос.

Навоий вилояти ўрмон хўжалиги бошқармаси вакиллари билан суҳбатлашув чоғида 2019 йилда давлат ўрмон фонди участкаларида чорва молларини ўтлатиш учун бирорта ўрмон билети берилмагани аниқланган бўлса-да, ишчи гуруҳи томонидан жойида ўрганиш вақтида давлат ўрмон хўжаликлари тасарруфидаги майдонларда чорва моллари ўтлатиб юрилгани қайд этилди.

Шунингдек, ҳудудлардаги саксовулзорларнинг броконьерлар томонидан ўтин сифатида кесиб кетилаётгани ачинарли ҳолат. Уларга қарши самарали курашиш бўйича етарли даражада иш ташкил этилмаган. Буни дарахт кесиш бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ундирилган жарималар миқдори ортганидан ҳам кузатиш мумкин.

Тадбир якунида муҳокама этилган масала юзасидан билдирилган фикр ва таклифлар асосида тегишли қарор ҳамда тавсиялар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 1690

Депутатлар минбари

Янгиликлар

16.10.2019
Тилга эътибор парламентдан бошланмоғи лозим

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Девонида турли соҳа мутахассислари билан тажриба алмашиш ва малака...

16.10.2019
Парламентлараро Иттифоқ Ассамблеяси сессиясида “Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати” мавзусида тақдимот ўтказилди

Аввал хабар берганимиздек, парламентимиз аъзоларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Сербия пойтахти...

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

Тадбирлар тақвими