Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Экологик таълим-тарбия энг асосий устувор вазифа

Экологик таълим-тарбия энг асосий устувор вазифа

2019 йил 12 апрель куни Халқаро экологик билимлар куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Экоҳаракат депутатлик гуруҳи ҳамда Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси ҳамкорлигида “Мамлакатимизда экологик таълим ва тарбияни ривожлантириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда депутатлар, Олий ва ўрта махсус таълими, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Маданият вазирликлари мутахассислари, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси ва Экоҳаракат фаоллари, мутахассислар, экспертлар ва журналистлар қатнашди.

Тадбирда қайд этилганидек, дунёда кун сайин кескинлашиб бораётган экологик муаммоларни бартараф этиш учун экологик билим юқори бўлмоғи лозим. Шу боис ҳам ҳар йили дунёнинг кўплаб мамлакатларида Экологик билимлар куни нишонланади. Бу кунни 1992 йил Рио-де-Жанейро шаҳрида ўтказилган БМТ конференциясида атроф-муҳит муаммолари муҳокамаси чоғида инсониятнинг ҳаёти ва барқарорлиги учун бутун дунё аҳолиси ўртасида экологик билимни тарғиб этиш мақсадида байрам тариқасида нишонлаш таклиф этилган эди.

Ушбу сананинг асосий мақсади – сайёрамиз аҳолисининг экологик билимини бойитиш ғоясини илгари суриш, аҳолида экологик маданиятни ривожлантириш, жамиятнинг экологик хавфсизлиги ҳақида жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ҳамда ҳар бир фуқарони табиатга ҳурмат-эҳтиром руҳида тарбиялашни тарғиб этишдан иборат.

Тадбир иштирокчилари мамлакатимиз табиати, экотизимлари, атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш каби жиддий ва ҳаётий масалаларга аҳолининг барча қатламини, айниқса, ёшларни кенг жалб этиш зарурлигини қайд этдилар. Шунингдек, экологик таълимни амалга оширишнинг чуқур таҳлили, бу борада жиддий камчиликларнинг сақланиб қолаётганлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида назарда тутилган барча турдаги таълим муассасаларида экологик таълимнинг мажбурийлигига оид талаблар етарли даражада бажарилмай келмоқда.

Экологик муаммоларнинг тобора глобал аҳамият касб этиб бораётганини инобатга олиниб, мамлакатимизда муҳим устувор вазифалар билан бир қаторда, атроф-муҳит муҳофазаси, экологик маданият, экологик таълим-тарбия ва маърифат масалаларига алоҳида эътибор берилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида ҳам бу масалаларга тўхталиб, “...Энг муҳим масала – аҳолининг экологик маданиятини ошириш ҳақида жиддий бош қотиришимиз зарур. Албатта, бундай муаммоларни фақат маъмурий йўл билан ҳал этиб бўлмайди, бунга ёш авлод қалбида она табиатга меҳр-муҳаббат, унга дахлдорлик ҳиссини тарбиялаш орқали эришиш мумкин” деб алоҳида таъкидлаган эди. Давлат раҳбарининг ушбу сўзлари табиатни эъзозлаш ва уни қадрлаш бизга аждодларимиздан мерос бўлиб, миллий қадриятларимизнинг қон томирига сингиб кетган, асрлар оша маънавиятимизнинг бир бўлаги сифатида шаклланганини, халқимиздаги табиатга бўлган эҳтироми беқиёс эканини ёш авлод қалбига сингдириш лозимлигини англатиши билан аҳамиятлидир.

Бу борада амалий ишлардан бири сифатида жорий йилда экологик таълимнинг ҳуқуқий асосларидан бири бўлган Экологик таълим концепцияси ишлаб чиқилганини келтириш мумкин. Эътироф этиш жоизки, мазкур ҳужжатнинг қабул қилиниши аҳолининг экологик хавфсизлигини таъминлашга доир муҳим тадбирларнинг бажарилишида алоҳида аҳамият касб этади.

Давра суҳбатида амалдаги давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари мазмунан экологик билим, кўникма, малака ва компетенциялар тўлиқ бойитилмагани, таълим дастурларида глобал экологик муаммоларни бартараф этиш, мавжуд экологик хавф-хатар даражасини камайтириш, табиий муҳитни қайта тиклашга қаратилган умуммиллий тадбирлар моҳияти билан мувофиқлаштирилмагани, таълим олувчиларда экологик маданиятни шакллантиришнинг аниқ механизмлари ишлаб чиқилмагани таъкидланди.

Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари ва ўрта таълим мактабларидаги таълим дастурларида табиат тўғрисидаги мавзуларнинг бугунги кун талабига жавоб бермаслиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, она табиатни асраб-авайлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасига оид мавзуларнинг камлиги, ўқитувчи-мураббийларда услубий ўқув материаллар, ўқув қўлланмалар, ўқувчи ва талабаларда эса, зарур дарсликлар етарли эмаслиги ҳақида тўхталиб ўтилди. Таълим муассасаларида экологик тарғибот тизимини йўлга қўйиш, уни рағбатлантириш, экологик таълим-тарбияга оид электрон-методик воситалар ва инновациялардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш юзасидан аниқ таклифлар билдирилди.

Тадбир иштирокчилари, таълим ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат бошқаруви органлари ўртасида экологик таълим тизимини такомиллаштириш борасидаги амалий ҳамкорлик етарли даражада йўлга қўйилмагани, экологик таълим тизимини ислоҳ қилиш юзасидан мутасадди идоралар қуруқ таклифлар киритиш ҳамда самарасиз йиғилиш ва учрашувлар ўтказиш билан чекланиб қолаётгани танқид қилинди.

Бу борада аниқ мақсад, вазифа ва йўналишларни назарда тутувчи Экологик таълим концепцияси мамлакатимизда экологик таълим тизимини янада ривожланишига, ёшлар ўртасида экологик билим, онг, маданият ҳамда экологик таълим-тарбия жараёнини тизимли ташкил этиш, соҳага илғор инновацион технологияларини жалб этган ҳолда янада такомиллаштиришга, ёшларнинг табиатни севиш ва уни кўз қорачиғидек асрашга қаратилган билим ва кўникмасини оширишга салмоқли ҳисса қўшади.

Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 3992

Депутатлар минбари

Янгиликлар

20.11.2019
Давлат бюджети: мунозаралар авж нуқтасига етмоқда

Савол туғилади: нега энди Давлат бюджети қонун сифатида Олий Мажлисда, яъни парламентда қабул қилинади-ю,...

20.11.2019
Депутатлар таклифи инобатга олинди

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталари, сиёсий партиялар фракциялари, ишчи гуруҳларида...

20.11.2019
Олий таълим муассасаларининг ягона ижтимоий тўлов ставкаси нега 25 фоиз бўлиши керак?

Ҳар қандай қонун лойиҳасини муҳокама қилишдан мақсад — уни такомиллаштириш, соҳадаги масалаларни...

Тадбирлар тақвими