Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатлар ташаббуси мунозарага сабаб бўлди

Депутатлар ташаббуси мунозарага сабаб бўлди

Энергия — иқтисодиёт ривожи, саноат ва ишлаб чиқаришнинг юксалиши, умуман, тараққиёт ғилдираги тўхтовсиз айланиб туришида энг муҳим омиллардан бири ҳисобланади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида энергетика соҳасида тизимли ислоҳотлар юритилаётгани, хусусан, Энергетика вазирлиги ташкил этилгани ушбу тизимни бугунги давр талаблари асосида ривожлантириш имконини бермоқда. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг қатор Фармон ва қарорлари қабул қилингани соҳани тубдан ўзгартириш, самарадорликни таъминлаш, пировардида эса, аҳолининг энергияга бўлган эҳтиёжини қондириш, жойларда тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳолининг маиший турмуш шароитини янада яхшилашга хизмат қилмоқда. Кенг кўламли ана шундай ислоҳотлар, ўз навбатида, соҳага доир қонунчиликни ҳам ўзгаришларга монанд равишда такомиллаштиришни талаб этади.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзолари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида “Энергиядан оқилона фойдаланиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани шу нуқтаи назардан эътиборга молик иш бўлди.

Хўш, мазкур қонун лойиҳасининг аҳамияти, мақсад-муддаоси нима? У қандай янгиликларни назарда тутади?

Ушбу қонун лойиҳаси юзасидан 2019 йил 10 апрель куни парламент қуйи палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари аъзолари иштирокида ўтказилган муҳокамада шу саволларга жавоб изланди. Баҳс-мунозара ҳамда тортишувларга бой ўтган тадбирда ҳар бир фракция аъзолари лойиҳа юзасидан ўз қарашларини билдирди.


Шуҳрат БАФОЕВ, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси:

Депутатларимиз ишлаб чиққан лойиҳа энг долзарб масалаларидан бирини ечишга қаратилган. Чунки, ривожланган давлатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ишлаб чиқаришда ҳам, аҳолининг маиший ҳаётида ҳам энергия тежовчи технологияларни қўллаш тизимига ўтиш энг самарали йўл ҳисобланади. Бу ўринда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда Энергетика вазирлиги ташкил этилгани соҳадаги мавжуд муаммоларнинг ўз ечимини топишида муҳим қадам бўлди. Чунончи, энергия ресурсларини тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш масалалари вазирликнинг асосий вазифаларидан бири сифатида белгиланган.

Қонун лойиҳаси билан энергия самарадор ва энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича товарлар(ишлар, хизматлар)ни сертификатлаш масаласи бўйича алоҳида норма киритилмоқда. Бу, фикримча, давлат томонидан энергия ресурслари истеъмоли самарадорлигини мониторинг қилишнинг таъсирчан тизимини яратишга хизмат қилади. Шунингдек, тадбиркорлар томонидан замонавий технологияларни жорий этишни тартибга солишда ва давлат-хусусий шерикчилиги асосида рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришда қўл келади.


Жолдасбай АБДУЖАМИЛОВ, “Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси:

Лойиҳа орқали амалдаги қонунда мавжуд бўлган “қонун ҳужжатларига мувофиқ, бошқа ваколатларни амалга оширади” деган ҳаволаки норма Ҳукуматнинг ваколатларидан чиқариб ташланаётгани тўғри бўлган. Шу билан бирга, лойиҳа билан фақат Вазирлар Маҳкамасининг энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини ўз ваколатлари доирасида амалга оширувчи орган сифатида киритилиши масаласини қайта кўриб чиқиш керак, деб ўйлайман. Чунки, бу соҳада давлат сиёсатини юртишда бошқа давлат органлари ҳам ўз ваколати доирасида фаол қатнашиши мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Шунингдек, қонун лойиҳасида акс эттирилганидек, мамлакатимизда энергия самарадорлиги паст бўлган маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилиши ёки уларнинг импорти чекланиши иқтисодиётимизнинг янада юксалишига ёрдам беради. Умуман, ушбу жараёнларнинг қонун билан тартибга солиниши энергия тежовчи илғор технологияларни жорий этишни рағбатлантириб, муқобил энергия манбаларини ривожлантиришга ҳам кўмаклашади.


Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Ростини айтганда, ҳудудларда аҳоли билан бевосита мулоқотларимиз чоғида энергия масаласида одамларни қийнаётган муаммолар оз эмаслигига кўп бор гувоҳ бўлганмиз. Ҳолбуки, 1997 йилда қабул қилинган амалдаги қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига етарлича ваколатлар берилмаган, ўтган давр мобайнида унга ўзгартиришлар ҳам киритилмаган. Балки мазкур қонунни тўлиқ инвентаризациядан ўтказиб, уни қонуности ҳужжатларисиз, тўғридан-тўғри ишлайдиган қилиб, янги таҳрирда қабул қилиш вақти келгандир.

Лойиҳа билан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг энергия соҳасидаги ваколатлари кенгайтирилаётгани соҳада ягона давлат сиёсатини юритишда муаммоларнинг тизимли ечилишига ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди. Бу ЎзХДП сайловолди дастурига ҳам ҳамоҳанг бўлиб, сайловчиларимиз кўтараётган, айрим ҳудудларда назоратсиз электр энергиясидан фойдаланиш, ўчириб қўйиш ҳолатларини ҳуқуқий тартибга солишда ҳамда шунга ўхшаш қатор муаммоларни ҳал этишга ёрдам беради, ҳисоблайман.


Умид СУЛАЙМОНОВ, “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги парламентга Мурожаатномасида ижро ҳокимияти тизимини оптималлаштириш, маъмурий ислоҳотларни давом эттириш ва давлат бошқарувида замонавий менежмент усулларини кенг қўллаш бўйича бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Шу боис, амалдаги қонунга 101-моддаси киритилиб, энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасида давлат сиёсатини ўз ваколатлари доирасида амалга оширувчи органлар аниқ белгилаб қўйилмоқда. Соҳа ривожи учун масъул ва жавобгар органларнинг аниқланиши улар устидан нафақат депутат ёки парламент назоратини, балки жамоатчилик назоратини ҳам тўлақонли амалга оширишга шароит яратади, деб ўйлайман.

Лекин мазкур нормаларнинг қонунда ўз аксини топиши билан унинг амалиётда ишлаш механизмлари ўртасида номутаносиблик масалаларини ҳам ўйлаб кўришимиз, қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилиш механизмларини кенгайтиришимиз лозим. Шунда бу қонун лойиҳаси мамлакатимиз иқтисодиёти, қолаверса, халқимиз турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган ҳужжат бўлади.


Фарҳод ҚУВВАТОВ, Экоҳаракат депутатлар гуруҳи аъзоси:

— Назаримда, қонун лойиҳасида давлат назорати органларининг ваколатларини янада кенгроқ очиш керак эди. Боиси, энергиядан оқилона фойдаланиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш вазифаси бу органлар зиммасига юкланмоқда. Ҳудудлардаги ўрганишларимиз жараёнимизда биз бу борада талайгина муаммолар мавжудлигига дуч келяпмиз. Бундан ташқари, бу модда давлат назорати органи масъулиятини ошириб, экология ва атроф-муҳитга салбий таъсир этувчи омилларга ва воситаларга чек қўйилишида муҳим норма бўлишини таъминлашимиз керак.

Мунозаралар чоғида депутатлар ушбу қонун лойиҳасини янада маромига етказиш юзасидан ўз фикр-мулоҳаза ҳамда таклифларини билдирдилар. Умуман олганда, Қонунчилик палатаси депутатлари ташаббус билан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси мамлакатимизда кучли энергетика сиёсатини юритиш, иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини таъминлаш, халқимизнинг реал даромадларини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.


Кўришлар сони: 2186

Депутатлар минбари

Янгиликлар

25.06.2019
Ногиронликни белгилашда фуқаролар сарсон бўляптими?

Жорий йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси ...

25.06.2019
Фракция йиғилишида 2019-2025 йилларда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси доирасидаги ишлар таҳлил қилинди

Соғлиқни сақлаш вазирлигига мазкур йўналишда алоҳида тартиб жорий қилиш мақсадида тегишли норматив-ҳуқуқий...

25.06.2019
Институт фаолиятида “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги Қонун ижроси қандай таъминланяпти?

2019 йил 25 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Инновацион ривожланиш, ахборот сиёсати...

Тадбирлар тақвими