Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Депутатлик фаолияти кафолатларини бузган мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради

Депутатлик фаолияти кафолатларини бузган мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради

2019 йил 9 апрель куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси томонидан ўтказилган давра суҳбатида депутатлик ва сенаторлик фаолияти кафолатларининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Депутатлар, Сенат аъзолари, сиёсий партиялар фаоллари, Олий суд вакиллари ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда алоҳида қайд этилганидек, бугунги кунда Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан самарали парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган ишлари сезиларли даражада фаоллашмоқда. Марказда ҳам, маҳаллий кенгашларда депутатлар маҳаллий бюджетни тасдиқлаш, унинг ижросини назорат қилишдан тортиб, ҳудуддаги энг долзарб масалаларни ҳам бевосита халқ депутатлари маҳаллий кенгашлар сессияларида кўриб чиқиб, ҳал этмоқда. Шу билан бирга, сессияларда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, таълим каби муҳим соҳа раҳбарларининг ҳисоботларини доимий равишда эшитиш амалиёти кенг йўлга қўйилди. Буларнинг барчаси депутатлик корпусининг фаолиятини тубдан ўзгартириб, қонунчиликда белгиланган ваколатлардан унумли фойдаланиш самарадорлигини оширмоқда.

Бироқ амалиёт депутатлик корпуси вакиллари тўлақонли фаолият олиб боришига тўсқинлик қилувчи айрим омиллар, хусусан, парламент назоратининг муҳим институтларидан ҳисобланган депутат сўрови ва сенатор сўрови институтидан фойдаланиш, унинг кафолатларини янада мустаҳкамлаш билан боғлиқ ташкилий-ҳуқуқий масалалар борасида муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасига мувофиқ, мансабдор шахслар томонидан депутатлар ҳамда сенаторлар олдидаги ўз вазифаларини бажармаслик, уларнинг ишига тўсқинлик қилиш, уларга атайлаб сохта маълумот бериш, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатларини бузиш, худди шунингдек, мансабдор шахслар томонидан парламент сўровини, депутат сўрови, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш учун жавобгарлик белгиланган. Аммо бу борадаги ўрганишлар ушбу жавобгарлик чоралари амалиётда деярли қўлланилмасдан келинаётганини кўрсатмоқда. Буни 2017–2018 йиллар давомида маъмурий судлар томонидан айни йўналишда атиги 12 тагина иш кўрилгани ҳам тасдиқлайди. Ваҳоланки, шу йилларда республикамиз бўйича барча даражадаги депутатлик корпуси аъзолари томонидан мансабдор шахсларга жами 62 минг 714 та депутатлик сўрови юборилган бўлиб, улардан 4499 тасининг кўриб чиқиш муддати узрли сабабларсиз бузилган, 2956 таси эса, умуман кўриб чиқилмасдан қолдирилган.

Ҳолбуки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Депутатга беписандлик – халққа беписандлик деб баҳоланиши шарт. Халқни ҳурмат қилмаган, депутатлик ваколатини амалга оширишга тўсқинлик қилган ҳар қандай мансабдор шахс қонун олдида жавоб беради. Шу сабабдан ҳам депутатлик сўровини кўриб чиқмагани ёки унга жавоб бермагани, кўриш муддатини бузгани учун жавобгарликни кучайтириш лозим”, дея таъкидлаган эди.

Давра суҳбатида депутат сўрови ва сенатор сўровига мансабдор шахслар томонидан вақтида ёки умуман жавоб қайтармаслик ҳолатларига доир аниқ мисоллар келтирилиб, бунга сабаб бўлаётган омиллар таҳлил қилинди, қонунчиликдаги бўшлиқлар ҳамда уни такомиллаштириш масалалари муҳокама этилди.

– Дарҳақиқат, кейинги йилларда барча даражадаги депутатларнинг фаоллиги ошаётган бўлса-да, депутатлик фаолияти самарадорлигини ошириш йўлида ҳали қатор тўсиқлар мавжуд, — дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Депутатлик бирлашмаларининг ишини мувофиқлаштириш ва Жамоатчилик қабулхоналари билан ишлаш масалалари бўйича раис ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси Мақсуда ВАРИСОВА — Чунончи, аксарият депутат сўровларига мансабдор шахслар томонидан вақтида жавоб қайтарилмайди, айрим ҳолатларда эса, умуман жавоб берилмаётганини кузатяпмиз. Масалан, ХДПнинг маҳаллий кенгашлардаги жами 1897 нафар депутатлари томонидан 2017–2018 йилларда мансабдор шахслар номига жами 13933та депутат сўровлари юборилган бўлиб, уларни кўриб чиқмасдан қолдириш ҳолатлари 1227 тани, кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ҳолатлари эса 1078 тани ташкил этган. Шундай экан, Президентимиз куюниб айтганидек, қонунчилигимизда бу борадаги жавобгарликни янада кучайтиришни назарда тутувчи тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Миллий тикланиш” партияси фракцияси аъзоси Жаҳонгир ШИРИНОВнинг таъкидлашича, депутатлик корпуси аъзолари маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузиш ҳуқуқига эга эмас. Шу боис, депутатлар бу масалада бошқа органларга мурожаат қилишга мажбур. Қолаверса, мансабдор шахснинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш борасида депутат мустақил қарор қабул қила олмайди, балки тегишли давлат органининг депутат таклифига рози бўлиши ёки бўлмаслигини кутади. Яъни, депутат киритадиган материалнинг тўғри ёки нотўғрилигини суд эмас, балки судгача бошқа орган баҳо беради. Бу эса амалиётда муайян қийинчиликларни келтириб чиқаради, ортиқча вақтни олади ва расмиятчиликни талаб қилади.

“Судларимизда айни йўналишда кўрилган ишлар сони ўта камлигининг асосий сабабларидан бири содир этилган ҳуқуқбузарликни расмийлаштириш ва уни судга ошириш механизмининг амалдаги қонунчиликда белгиланмаганлигидир. Муаммо шундаки, депутатлик ва сенаторлик фаолиятининг кафолатлари бузилган тақдирда депутат, сенаторнинг ўзи тегишли мансабдор шахсни жавобгарликка тортиш ҳақида судга чиқа олмайди, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, “Адолат” социал–демократик партияси фракцияси аъзоси Қодир ЖЎРАЕВ. — Шу боис, ушбу муаммонинг ечими сифатида амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга халқ ноибларига тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқини беришга доир қўшимча киритиш мақсадга мувофиқдир”.

Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институтининг бўлим бошлиғи Ихтиёр БЕКОВнинг айтишича, аксарият хорижий мамлакатларда халқ сайлаган вакилларга нисбатан эътиборсизлик, менсимаслик ёки беписандлик билан қараш ҳолатлари қаттиқ қораланади. Уларнинг қонунчилигида мансабдор шахслар томонидан депутатлар фаолиятининг қонунда белгиланган кафолатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган. Жумладан, қатор Европа мамлакатлари, Россия, Польша, Украина, Молдова каби давлатларда ушбу жавобгарликни депутатнинг тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиши асосида расмийлаштириш тартиби белгилаб қўйилган. Бизда ҳам бундай тартиб жорий қилинса, айни муддао бўлар эди.

Давра суҳбати иштирокчилари миллий қонунчилигимиздаги бу каби ҳуқуқий бўшлиқларнинг бартараф этиш, шунингдек, депутатлик корпуси фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида бошқа бир қатор ташкилий тадбирларни амалга ошириш лозимлигини таъкидладилар. Бу эса, ўз навбатида, депутатлик фаолияти кафолатларини кучайтиришга, депутатларнинг нуфузи ва салоҳиятини юксалтиришга, мансабдор шахсларнинг халқ вакиллари олдидаги масъулиятини оширишга, ҳокимиятнинг бўлиниши принципини мустаҳкамлашга, пировардида эса, мамлакатимизнинг янада юксалишига хизмат қилади.

Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.


Кўришлар сони: 6307

Депутатлар минбари

Янгиликлар

15.10.2019
Мактабгача таълим тизимига хусусий секторни фаол жалб қилиш қандай натижа беради?

Мутахассисларнинг фикрича, инсон ўз умри давомида оладиган барча ахборот ва маълумотнинг 70 фоизини...

15.10.2019
“Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида”ги қонун қабул қилиш таклифи билдирилди

2019 йил 15 октябрь куни Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик...

15.10.2019
Нега баъзи депутатлар шифокорларни тажовуздан ҳимояловчи қонун лойиҳасига қарши?

Кейинги пайтларда кўпайиб бораётган ҳолатлар, яъни, ўз хизмат вазифасини бажараётган шифокорларни ...

Тадбирлар тақвими