Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Бепул тиббий хизмат қандай амалга оширилади?

Бепул тиббий хизмат қандай амалга оширилади?

Ҳар бир мамлакат ижтимоий ҳаётининг юксалиши, келажак авлоднинг маънан баркамол, жисмонан бақувват бўлиб вояга етиши миллий тиббиёт тизимининг нечоғли тараққий этганига, ундан аҳолининг барча қатламлари фойдаланиши қандай кафолатланганига боғлиқ. 

Жорий йилнинг 9 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари иштирокида “Бепул тиббий хизмат, амалиёт ва муаммо” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда асосий эътибор аҳолига кўрсатилаётган бепул тиббий хизмат соҳасидаги мавжуд қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш ва таҳлил қилиш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий ёрдамнинг давлат томонидан қопланадиган кафолатланган ҳажми ва турларини аниқ белгилаш юзасидан мутахассис ва экспертлар фикр-мулоҳазаларини ўрганишга қаратилди.

Маълумки, мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини шакллантириш борасида муайян натижаларга эришилди. Ўтган даврда қишлоқ врачлик пунктлари, шаҳар ва қишлоқ оилавий поликлиникаларини ташкил этиш орқали бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кўрсатиш тизими такомиллаштирилди ҳамда аҳолининг ушбу хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилди. Шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишнинг ягона марказлашган тизими яратилди, фуқароларга, жумладан, жойларда юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдам кўрсатувчи республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари тармоғи такомиллаштирилмоқда.

Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳаси фаолиятини ташкил этишда сўнгги йилларда тўпланиб қолган тизимли камчилик ва муаммолар фуқароларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган вазифаларни самарали ҳал этишга тўсқинлик қилмоқда. Улардан бири бу – давлат томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар доирасини аниқ белгилаб, пулли ва бепул даволаниш ўртасида аниқ чегара ўрнатилмагани, давлат шифохоналарини молиялаштириш тизимидаги камчиликлардир. Депутатлар, қўмита аъзолари аҳоли билан учрашувлари жараёнида фуқароларимиз томонидан даволаш профилактик муассасаларида баъзи ҳолатларда пулли хизмат кўрсатилаётгани, уларнинг туман шифохоналарида даволаниш чоғларида шифокор томонидан рецепт ёзиб бериб, зарур дори-дармонларни олиб келиниши сўралаётгани фуқароларимизнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, фуқаролар томонидан пулли ва бепул тиббий хизматларнинг турлари, пулли тиббий хизматлардаги нарх-навонинг шаклланиш асослари тўғрисида кўплаб саволлар билан мурожаатлар қилишмоқда.

Давра суҳбатида ушбу масалалар ечимига қаратилган 2019 — 2025 йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясида белгиланган бепул тиббий ёрдамнинг давлат томонидан кафолатланган ҳажмини ҳуқуқий мустаҳкамлаб қўйиш ва мажбурий тиббий суғурта соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш борасида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар томонидан олиб борилаётган ишлар ҳолати муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, 2019 йил 1 апрелидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятларнинг 1 тадан туманида ҳамда Фарғона вилоятининг 3 та туманида эксперимент тариқасида тиббиёт муассасаларини “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник харажат гуруҳлари бўйича киши бошига молиялаштириш тизими жорий этилмоқда. 1 июлдан эътиборан эса, айрим даволаш-профилактика муассасаларини ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга Ишончли бошқарувга бериш, 2021 йил 1 январдан бошлаб юртимизда мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш назарда тутилмоқда.

Давра суҳбати якунида аҳолининг турмуш даражаси ва фаровонлигини янада оширишга қаратилган ишлар изчиллигини таъминлаш, жамиятимиз, халқимиз ва мамлакатимизнинг янада равнақ топишига хизмат қиладиган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш Концепциясида белгиланган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилиш юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 2959

Депутатлар минбари

Янгиликлар

06.12.2019
Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этишга рухсат берилади

Бирламчи бозордан олинадиган кўчмас мулк ва транспорт воситалари ипотека, гаров ва лизинг шартномаларини...

05.12.2019
Парламентда қизғин паллага кирган муҳокамалар ҳудудларга ҳам кўчди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда қабул қилинган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси...

05.12.2019
Нега кимгадир 2 фоиз, бошқага 4 фоиз белгиланган?

Аввал хабар берилганидек, яқинда парламент қуйи палатаси мажлисида депутатлар мазкур қонун лойиҳасини...

Тадбирлар тақвими