Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Маиший чиқиндилар масаласи таҳлилий ўрганилди

Маиший чиқиндилар масаласи таҳлилий ўрганилди

2019 йил 14 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 18 майдаги “Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижро этилиши ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш натижалари бўйича йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Сурхондарё ва Фарғона вилояти ҳокимларининг ўринбосарлари, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари ходимлари, Ўзбекистон экологик харакати ҳамда жамоат ташкилотлари, шунингдек, ОАВ вакиллари қатнашди.

Тадбир аввалида мазкур масала юзасидан ташкил этилган ишчи гуруҳи аъзоси тамонидан назорат-таҳлил фаолияти якунлари бўйича батафсил ахборот берилди. Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг қарори ижроси юзасидан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан “Маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига танлов асосида бириктириш тўғрисида”ги низом лойиҳаси ва “Жисмоний шахсларга маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш учун намунавий оммавий шартнома” лойиҳалари ишлаб чиқилиб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳамда Вазирлар Маҳкамасига киритилган. Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 сентябридаги “Санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида хизматлар кўрсатиш фаолиятини амалга ошириш учун ҳудудларни бириктириш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган.

Қарорнинг 10-банди ижросини таъминлаш мақсадида қўмита томонидан Тошкент шаҳрида маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича кўрсатиладиган хизматлар ҳолати ўрганилган. 2018 йил 19 ноябрида Тошкент шаҳрида сифатли санитар-тозалаш хизматлари кўрсатилишини таъминлаш мақсадида, махсус техникалари маиший чиқиндиларни тўлиқ олиб чиқиб кетилишини тўлиқ таъминлай олмайдиган муқобил бошқарув компанияларига бириктирилган ҳудудларнинг “Е-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончаси орқали электрон аукцион воситасида танлов савдоларига қўйилишини таъминланиши бўйича таклифлар киритилган.

Бундан ташқари, аҳолига атроф-муҳит ҳолати устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги фото ва видео материалларни жойлаштириш имконига эга махсус веб-портални яратиш ҳамда ҳар бир хабар берилган ҳолат бўйича тезкор чоралар кўриш тизимини жорий қилиш, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг расмий веб-сайтида мазкур соҳада давлат-хусусий шериклик, жамоатчилик назоратини амалга ошириш мақсадида мамлакат ҳудудлари кесимида аҳоли яшаш пунктлари, аҳоли ва мавжуд контейнерлар сонини кўрсатган ҳолда барча чиқинди тўплаш шохобчалари жойлашишининг электрон харитасини кўрсатувчи саҳифа очилишини таъминлаш мақсадида қўмита томонидан бир зарур ишлар амалга оширилган. Жумладан, республика ҳудудларида мавжуд бўлган барча чиқиндиларни йиғиш майдончалари хатловдан ўтказилиб, тўпланган маълумотлар асосида тегишли атрибутив жадваллар шакллантирилган. Қўмитанинг расмий веб-сайтида яратилган махсус портал маълумотлар базасига шаҳар ва туманларга бириктирилган 408 нафар инспекторга тегишли маълумотлар киритилган. “Telegram” мессенжерида ишлаб чиқилган “Waste Inspector” ботидан фойдаланиш ва чиқиндиларни йиғиш майдончалари жойлашган жойига тегишли GPS координаталарини тизимга масофавий жойлаштириш тартибини белгиловчи йўриқнома ишлаб чиқилиб, ҳудудий органларда жорий этилиши таъминланган. Шунингдек, фуқаролар томонидан жамоатчилик назоратини олиб бориш ҳамда ҳудудларда аниқланган ноқонуний чиқиндихоналар тўғрисида хабар бериш ёки шикоятлар, фото ва видео материалларни юборишга мўлжалланган “Chiqindi nazorati” боти ишлаб чиқилиб, портал маълумотлар базаси билан боғланган.

Аммо қарорнинг ижросини Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари мисолида ўрганишлар жараёнида ушбу ҳудудларда полимер плёнкали пакетлар ишлаб чиқарувчиларнинг ҳаққоний реестри юритилмагани, ишлаб чиқарилаётган полимер плёнкали пакетлар қалинлиги 40 микрондан камлиги (20-25 микрон) маълум бўлди. “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасига туман ҳокимликлари томонидан ҳудудларни тадбиркорлик субъектларига бириктириб бериш бўйича таклифлар берилмаган.

Фарғона вилоятида аҳоли билан 2019 йил 1 январдан бошлаб оммавий шартнома тизимига ўтилганини инобатга олиб, бугунги кунда техникаларнинг ташиш қувватидан келиб чиқиб, 846 мингдан зиёд аҳоли қамраб олинган. Аҳолиси сони 3,7 миллиондан зиёдни ташкил этувчи мазкур вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамда санитар тозалаш корхоналари томонидан 1 миллион 261,7 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатиб келинмоқда. Бу кўрсаткич вилоятнинг жами аҳолисига нисбатан 34 фоизни ташкил этади, холос. Мазкур ҳолат чиқинди ташиш техникаларининг етишмаслиги билан изоҳланган.

Шунингдек, тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитасининг ҳамда Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари раҳбарларининг мазкур ахборот юзасидан маълумотлари тингланди.

Танқидий-таҳлилий руҳда ўтган тадбирда Президент қарори ижросини самарали таъминлаш борасида эътибор қаратилиши лозим бўлган масалалар юзасидан бир қатор таклифлар билдирилди.

Йиғилиш якунида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.


Кўришлар сони: 3883

Депутатлар минбари

Янгиликлар

14.11.2019
Қонунчилик палатаси Спикери АҚШ элчиси билан учрашди

2019 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон...

14.11.2019
Фракциялар аъзолари нима дейди?

— Вазирлар Маҳкамаси томонидан парламентга тақдим этилган “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг...

Тадбирлар тақвими