Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Кимларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади?

Кимларнинг ижтимоий ҳимояси кучайтирилади?

2019 йил 22 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси билан ҳамкорликда “Ижтимоий соҳани ривожлантириш – кучли ижтимоий ҳимоянинг кафолати” мавзусида конференция ўтказилди.

Парламент қуйи палатаси депутатлари, қўмита ҳузуридаги эксперт гуруҳи аъзолари, тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди раҳбарлари, жамоат ташкилотлари, Тошкент молия институти ўқитувчи ва талабалари ҳамда журналистлар қатнашган тадбирда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, Давлат дастурининг 99 та банди айнан ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган. Бунда аҳоли ўртасида ишсизликни камайтириш, одамларнинг даромадлари ва оилавий фаровонлигини таъминлаш, бандлик, меҳнат қилиш, пенсия ва ижтимоий нафақалар, кексаларга, ногиронлиги бўлган шахсларга кўрсатиладиган тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида бошланган ишларнинг самарадорлигини ошириш, мазкур соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани диққатга моликдир.

Халқимизнинг турмуш шароитини яхшилаш, одамларни муносиб турар-жой билан таъминлаш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жисмоний тарбия ва спортни янада оммалаштириш, вояга етмаганлар, айниқса етим болаларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ёлғиз кексаларнинг ижтимоий хизматлари тизимини такомиллаштириш борасидаги хайрли ишлар йил бошиданоқ бошлаб юборилгани эътироф этилди.

Ўз навбатида, тадбирда ижтимоий соҳани ривожлантиришга оид қонунчиликни такомиллаштириш борасида фуқароларнинг давлат пенсия таъминотида миллий ва халқаро тажриба, мавжуд муаммолар, истиқболдаги режалар, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш, янги замонавий хизматлар жорий этиш масалалари ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ва қонуности ҳужжатларини бугунги замон талаблари асосида қайта кўриб чиқиш, иш стажига эга бўлмаган фуқаролар ҳамда уларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилиш, пенсия тайинлаш учун зарур бўлган иш стажига эга бўлмаган қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартибини янада такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. 16 ёшгача бўлган ногирон фарзандини тарбиялаётган оналарга ижтимоий нафақа турини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, амалиётда ногирон фарзандни тарбиялаётган оналар иш стажига эга бўлолмаётгани муаммолигича қолаётган эди. Давлат дастурига мувофиқ, Пенсия жамғармаси томонидан болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналарига – 55 ёшга тўлганида ижтимоий нафақа тайинлаш юзасидан тайёрланган Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Шунингдек, пенсия тизимини ислоҳ қилишда пенсия тайинлаш учун зарур ҳужжатларни йиғиш жараёнини тубдан такомиллаштириш, архивлардаги маълумотларнинг электрон базасини яратиш, идоралараро ахборот алмашувини жорий этиш, давлат хизматлари маркази орқали пенсия ва Пенсия жамғармаси томонидан тўланадиган ижтимоий нафақа тайинлаш давлат хизматини йўлга қўйишни назарда тутувчи лойиҳаларни ишлаб чиқишда қўмитанинг таклифлари ҳам инобатга олингани таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда ижтимоий ҳимоя масалалари таҳлил қилинар экан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 декабрдаги Фармонига биноан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ташкил этилгани айни муддао бўлгани айтиб ўтилди. Мазкур агентлик кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларни янада такомиллаштиришга қаратилган ягона сиёсатни шакллантириши ва уни амалга ошириши белгилаб қўйилган.

Давлат дастурининг тегишли бандига кўра, кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг бошқа эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ҳамда уларга ижтимоий хизмат кўрсатиш соҳасида махсус ваколатли давлат органини ташкил этиш масаласида билдирилган таклифлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.

Тадбирда, шунингдек, ўзгалар парваришига муҳтож 15 минг 700 нафар шахсга уйида ижтимоий хизмат кўрсатишнинг янги шаклларига ўтиш юзасидан таклифлар берилди. Ўзгалар парваришига муҳтож, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга ҳар ойда бепул 15 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва гигиена воситалари ўз вақтида етказилиши парламент ва депутатлик назоратига олингани қайд этилди. Ўтган давр мобайнида қўмита томонидан “Мурувват” ва “Саховат” интернат уйларида тўлиқ давлат таъминотига олинган 8,3 минг нафар ўзгалар парваришига муҳтож юртдошимизнинг яшаш шароитлари ўрганилгани, аниқланган камчиликлар ва муаммоларни бартараф этиш, мазкур муассасалар фаолиятини такомиллаштириш юзасидан берилган таклифлар матасадди раҳбарлар томонидан инобатга олинганлиги ва бу борада амалий ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Конференция иштирокчилари томонидан кексалар ва ёлғиз қариялар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоялашни кучайтириш юзасидан амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди.

Яратилаётган шароит ва имкониятлар Ўзбекистонда кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш масалаларида мавжуд муаммоларнинг ечимига хизмат қилиши эътироф этилди.

Тадбир якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.


Кўришлар сони: 5846

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими