Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Меҳнат қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Меҳнат қонунчилигини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган қонун лойиҳалари сайловчилар, соҳа ходимлари, сиёсий партия вакиллари ҳамда ҳалқ депутатлари маҳаллий кенгашлар депутатлари иштирокида ҳам қизғин таҳлил этилмоқда. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларнинг парламент ҳаётида изчиллик билан амалга оширилиши, аҳоли, тадбиркорлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларни қийнаб келаётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, муҳокама қилиш орқали амалдаги қонунчиликни такомиллаштиришга доир фаолият халқимизнинг диққат марказида турибди.

Парламент қуйи палатаси депутатларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини таҳлил қилиш ишлари 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлари жараёнига ижобий таъсир этувчи устувор вазифаларнинг изчиллигини таъминлашга қаратилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ЎзЛиДеП фракцияси ва партия Сиёсий Кенгаши ижроия қўмитаси ҳамкорлигида 2019 йил 14 февралда ташкил этилган давра суҳбатида ҳуқуқни қўллаш амалиётида, айниқса, фуқароларнинг меҳнат қилиш ҳуқуқини таъминлашда қонун устуворлигининг муҳим жиҳатларига эътибор қаратилди.

Тадбирда Қонунчилик палатасида муҳокама қилинаётган меҳнат ва меҳнат муҳофазаси масалалари, бандлик соҳасида белгиланган кафолатларнинг таъминланиши, вояга етмаганлар меҳнатидан фойдаланмаслик, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлашни таъқиқлаш ҳамда иш берувчининг фуқаролик жавобгарлигини суғуртаси каби масалаларни тартибга солишни янада такомиллаштиришга қаратилган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.

Давра суҳбатида депутатлар, қўмита аъзолари, экспертлар, Тошкент шаҳридан бир гуруҳ маҳаллий кенгаш депутатлари, ЎзЛиДеП партияси фаоллари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари, иш берувчилар, касаба уюшмалари ходимлари ҳамда журналистлар қатнашди.

Қайд этилганидек, мамлакатмизда меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари яратилган бўлиб, у йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Биргина 2018 йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг 2 та фармон ва 3 та қарори қабул қилинганлиги аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ҳамда самарадорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди.

Мазкур қонун лойиҳаси ҳам айнан ушбу ҳужжатларда белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган.

Тадбирда қайд этилганидек, 2017 йил ва 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида судлар томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик учун 431 нафар шахсга нисбатан 354 та жиноят иши кўриб чиқилган. Иш берувчилар томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида 37 мингдан зиёд ҳуқуқбузарликлар содир этилган, 405 та ҳолатда квота иш ўринлари яратилмаган, 3300 та вакант иш ўринлари яширилган, иш берувчиларнинг 355 таси фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилмаган.

Давра суҳбатида қўмитанинг жойлардаги ўрганишлари ва фуқаролар билан бўлган мулоқотларида иш берувчи томонидан ишга қабул қилиш тартибини бузиш, иш ўринларининг мажбурий аттестациясини ўтказишни рад этиш, меҳнат муҳофазаси талабларини бажармаслик ҳолатлари ҳам учраётгани таъкидланди.

Қонун лойиҳасида фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқларини таъминлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузганлик ва ғайриқонуний равишда ишдан бўшатганлик учун жиноий жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган. Шунингдек, иш берувчининг ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш бўйича мажбуриятини бажармаслик, аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, меҳнатга маъмурий тарзда мажбурлаш каби ҳолатларда маъмурий жавобгарлик кучайтирилиб жарима миқдорини ошириш белгиланган.

Давра суҳбатида фуқароларнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаган ҳолатда жавобгарликни кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Қўмита аъзоларининг таъкидлашича, ушбу қонуннинг қабул қилиниши фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини, аҳоли бандлиги ва меҳнат муҳофазаси соҳасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чораларини кучайтиришни ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқбузарликларни тоифалашда ягона ҳуқуқни қўллаш амалиётини таъминлаш имконини беради.

Давра суҳбати якунида иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларидан келиб чиққан ҳолда, мазкур қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.


Кўришлар сони: 4346

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими