Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

2011 йилги Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар муҳокамасида

2011 йилги Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар муҳокамасида
9 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг бир қатор вазирликлар, идораларнинг ҳамда тижорат банкларининг раҳбарлари иштирокида кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2011 йилги «Бюджетнома» — Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети лойиҳаси ва солиқ-бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари кўриб чиқилди. Ушбу масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг ўринбосари М.Мирзаев маъруза қилди.

Мажлисда 2011 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари, Давлат бюджетининг лойиҳаси Инқирозга қарши чоралар дастурини сўзсиз бажариш, мамлакатни янгилаш ва модернизация қилиш, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, юқори иқтисодий ўсиш суръатларига эришиш, жамият ижтимоий ҳаётини мувозанатли ривожлантириш, аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини ошириш каби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгилаб берилган муҳим устувор вазифаларни изчил амалга ошириш доирасида ишлаб чиқилганлиги таъкидлаб ўтилди.

2011 йилда ЯИМ 8,3 фоизга, саноат маҳсулоти 9,3 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 5,8 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажмининг 12,1 фоизга ўсиши назарда тутилмоқда.
Йиғилишда таъкидланганидек, бюджет ва солиқ сиёсатида иқтисодиётни модернизация қилишни рағбатлантириш, хўжалик юритувчи субъектлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, солиқ юкини пасайтириш, инвестиция муҳитини яхшилаш асосида макроиқтисодий ўсишни таъминлашга ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирлар асосий ўрин тутади. 2011 йил учун солиқ сиёсатининг асосий йўналишларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини янада рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида улар учун ягона солиқ тўловининг базавий ставкасини 7 фоиздан 6 фоизгача камайтириш назарда тутилган.

Шу билан бирга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ солиш шкаласининг энг кам ва ўрта ставкаларини бир фоизли бандга камайтириш назарда тутилмоқда, бу эса барча гуруҳлардаги солиқ тўловчилар учун солиқ миқдорини камайтириш имконини беради.

Тадбирда эътироф этилганидек, барча қабул қилинган ижтимоий дастурларнинг амалга оширилишини, кўрсатилаётган ижтимоий хизматларнинг сифатини яхшилашни изчил давом эттириш билан бир қаторда 2011 йил учун бюджет сиёсатининг концепциясида асосий эътибор ижтимоий соҳаларни янада ривожлантиришга, аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлашни таъминлашга, бюджет харажатларининг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтиришга қаратилган. Аввало, бюджет муассасалари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва ижтимоий нафақалар миқдорини ошириш орқали аҳоли фаровонлигини изчил юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш давом эттирилади.

Таълим муассасаларини сақлаш харажатлари ЯИМга нисбатан жорий йилда кутилаётган 7,4 фоиз ўрнига 7,6 фоизни, соғлиқни сақлаш тизимида эса 2,8 фоиз ўрнига 2,9 фоизни ташкил этиб, соғлом авлодни шакллантириш ва соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган дастурларда назарда тутилган тадбирларни молиялаштиришни тўла таъминлаш имкониятини беради.

Хулоса қилиб айтганда, Бюджетномада белгиланган вазифаларнинг асосий мақсади мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашдан иборат.
Йиғилишда депутатлар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларидан жавоблар олишди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Кўришлар сони: 6567

Депутатлар минбари

Янгиликлар

07.12.2019
Автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиганларга жабогарлик белгиланяпти

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши йўл-қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш, муҳандислик...

07.12.2019
Солиқ тўловчиларга бир қатор имтиёзлар берилмоқда

Фракция аъзоларининг фикрича, корхоналарнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган илмий-тадқиқот...

07.12.2019
Соддалаштирилган тартибдаги нотариал ҳаракатлар жорий этилади

Депутатлар томонидан таъкидланганидек, бугунунги кунда давлат нотариал идоралари аҳолига тез ва си...

Тадбирлар тақвими