Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Сарҳисоб: 68 та хорижий делегация қабул қилинди

Сарҳисоб: 68 та хорижий делегация қабул қилинди

2019 йил 10 январь куни “Тараққиёт стратегияси” марказида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг 2018 йилда амалга оширилган ишлар сарҳисоби ва 2019 йилда режалаштирилаётган устувор вазифалари муҳокамасига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.

Унда парламент қуйи палатаси депутатлари, Ташқи ишлар вазирлиги, Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтининг масъул ходимлари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси ўз фаолиятини 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини мустаҳкамлашда парламент ролини ошириш, ташқи сиёсат ва ташқи иқтисодий фаолияти соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий базани ҳамда халқаро ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш каби устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширди.

Жорий йилда қўмита томонидан бевосита 14 та қонун лойиҳаси тайёрланиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинди.

“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги қонун, “Ўзбекистон Республикасининг Консуллик устави”, “Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг экстремизмга қарши кураш тўғрисида”ги конвенциясини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги доиравий конвенцияси Париж келишувини ратификация қилиш тўғрисида”ги қонуни шулар жумласидандир.

Ҳозирги кунда қўмита аъзолари тегишли вазирлик ва идоралар билан бирга, “Ўзбекистон Республикасининг дипломатик хизмати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини такомиллаштириш бўйича иш олиб бормоқда.

Жорий йилда Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси томонидан Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси билан хамкорликда Жисмоний тарбия ва спорт халқаро Хартияси (Париж, 1978 йил 21 ноябрь) талабларининг бажарилиши борасида олиб борилаётган ишларнинг ҳолати назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Қўмита томонидан давлатимиз раҳбарининг хорижий мамлакатларга амалга оширган расмий ташрифлари якуни бўйича тузилган «Йўл хариталари»да парламентга тегишли бўлган бандларнинг ўз вақтида самарали ижро этилиши устидан мониторинг ишлари олиб борилди.

Шунингдек, қўмита томонидан турли хорижий давлатлар делегациялари билан бир қатор самарали учрашувлар ташкил қилинди. Хусусан, 2018 йилда Қонунчилик палатасида Грузия, Япония, Германия, Қозоғистон, Чехия, Россия, Беларусь, Туркия, Тожикистон, Жанубий Корея, АҚШ, Фаластин, Хитой, Саудия Арабистони ва Қирғизистон парламентлари делегациялари билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган учрашувлар бўлиб ўтди. Умуман, парламент қуйи палатасида қабул қилинган хорижий делегациялар сони 68 тани ташкил этди.

Шу билан бирга, миллий парламентимизда ташкил этилган парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари аъзоларининг бевосита иштирокида 2018 йилда Ҳиндистон, Беларусь, Польша, Озарбайжон, АҚШ, Болгария каби мамлакатлар билан бевосита парламент дўстлик гуруҳлари тузилди ва Олий Мажлис қошида тузилган парламентлараро ҳамкорлик ва дўстлик гуруҳлари сони 26 тага етди. Ушбу ҳамкорлик гуруҳлари кўмагида парламент делегацияларининг ўзаро ташрифлари амалга оширилди, ҳамкорликда конференция, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди. Ана шу тадбирлар воситасида юртимизда юз бераётган демократик жараёнлар, амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳақида хорижий мамлакатларнинг парламент аъзоларини янада кенгроқ таништириш, халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш имкони яратилди.

Ўтган даврда қўмита фаолиятига тегишли масалалар юзасидан 51 та йиғилиш ўтказилди. Ташкилий-амалий тадбирлар доирасида қўмита томонидан 14 та тадбир, шу жумладан 4 та халқаро давра суҳбати, 2 та семинар ҳамда 10 та давра суҳбати ташкил этилди.

Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси мамлакатимиз ташқи сиёсати, унинг мазмун-моҳиятини халқимизга кенг тушунтириш мақсадида бу борада амалга оширилаётган ишларни оммавий ахборот воситалари орқали ёритишга ҳам алоҳида эътибор қаратди. Ҳисобот даврида қўмита аъзолари томонидан оммавий ахборот воситаларида 1316 маротаба чиқишлар қилингани айни мақсадларга хизмат қилди.

Матбуот анжуманида қайд этилганидек, 2018 йилда қўмита аъзолари томонидан 391 та жисмоний ва юридик шахс мурожаатлари кўриб чиқилди ва фуқаролар томонидан кўтарилган масалаларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.

Қўмита аъзолари томонидан парламент назоратининг самарали шаклларидан унумли фойдаланилиб, 10 та депутатлик сўровлари юборилди.

Шунингдек, 2018 йилда қўмита аъзолари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳа аҳволини ўрганиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этишда амалий кўмак кўрсатиш бўйича жойлар чиқиб, фуқаролар билан учрашувлар ўтказди, амалий ишларни кучайтирди.

Матбуот анжуманида журналистларга ушбу йўналишларда олиб борилган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, иштирокчиларга қўмитанинг 2019 йилга мўлжалланган режалари ҳақида сўзлаб берилди. Давлатимизнинг ташқи иқтисодий ва сиёсий фаолиятига доир қонунчилик базасини янада такомиллаштириш, ушбу соҳадаги мавжуд қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш ҳамда таҳлил қилиш борасидаги устувор вазифалари ҳақида ахборот берилди.


Кўришлар сони: 1048

Депутатлар минбари

Янгиликлар

26.03.2019
Навбатдаги “Ҳукумат соати”да депутатлар саволларига Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раиси жавоб беради

Қонунчилик палатасидаги навбатдаги “Ҳукумат соати” жорий йилнинг 2 апрель кунига режалаштирилган б...

26.03.2019
Истиқболли вазифалар белгилаб олинди

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томони...

26.03.2019
Хотин-қизларга муносиб иш ўринлари яратиш – устувор вазифа

2019 йил 26 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия ...

Тадбирлар тақвими