Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Тиббиёт соҳаси бўйича кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди

Тиббиёт соҳаси бўйича кадрлар тайёрлашнинг долзарб  масалалари муҳокама қилинди

2018 йил 27 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасида республикадаги тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларида тиббиёт соҳаси бўйича кадрлар тайёрлаш масалаларининг муҳокамасига бағишланган давра суҳбати ўтказилди.

Унда қўмита аъзолари, парламент қуйи палатаси депутатлари, соғлиқни сақлаш вазирлиги масъул ходимлари, пойтахтимиздаги тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежлари раҳбарлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда журналистлар қатнашди.

Йиғилишда қайд этилганидек, сўнги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини сақлаш, тиббий хизмат кўрсатиш даражаси ва сифатини ошириш, тиббиёт ходимларини моддий қўллаб-қувватлаш, улар фаолиятини рағбатлантириш, тиббиёт муассасасаларининг моддий-техника базасини яхшилаш каби қатор йўналишларда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Соҳадаги туб ислоҳотларнинг муваффақияти, албатта, тайёрланаётган кадрлар салоҳиятига бевосита боғлиқдир. Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида аҳоли саломатлигини яхшилаш, тиббиёт соҳасини ривожлантириш, хусусан, юқори малакали мутахассис кадрлар тайёрлашга қаратилган қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

Бироқ аҳолиги тиббий хизмат кўрсатаётган тиббиёт муассасаларида юқори малакали мутахассисларга бўлган кучли эҳтиёж, кадрлар етишмовчилиги ҳали-ҳамон долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда республикадаги 7 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 4 та филиалида 27352 нафар (75,3 фоизи тўлов контракт асосида) талаба таълим олмоқда. Уларга 3159 нафар профессор-ўқитувчи дарс бермоқда. Уларнинг ўртача ёши 46 ёш. Илмий салоҳият 34 фоизни ташкил этиб, илмий даражалиларнинг ўртача ёши 48-50 ёшни ташкил этади.

Тиббиёт муассасаларида етишмаётган юқори малакали тиббиёт ходимлари сони 4200 дан ортиқни ташкил этади. Республика бўйича жорий йилда 5000 га яқин йигит-қиз тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртини тамомлаши кутилаётган бўлса-да, уларнинг сони ҳудудлар бўйича мавжуд эҳтиёжга мос келмайди. Масалан, Наманган ва Фарғона вилоятлари бўйича битирувчилар сони ушбу вилоятлардаги тиббиёт мутахассисларига бўлган эҳтиёжнинг атиги 30 фоизини қоплагани ҳолда, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри бўйича битирувчилар сони амалдаги эҳтиёждан 8-10 баробар кўпни ташкил этмоқда. Бундай таҳлилни мутахассисликлар ҳамда туман ва шаҳарлар кесимида олинадиган бўлса, масала бундан ҳам ўткирлашади.

Бугунги кунда тиббиёт олий таълим муассасаларида олиб борилаётган амалий, лаборатория машғулотларининг зарур моддий-техника базаси умумий амалиёт шифокори эгаллаши лозим амалий кўникмаларни тўлиқ эгаллаш имконини бермайди. Амалий кўникмаларни эгаллаш учун зарур асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари ҳам маънавий, ҳам жисмонан эскирган. Аксарият ўқув бинолари қайта таъмир ва реконструкцияга муҳтож, маъруза хоналари етишмайди. Тиббиёт ОТМлари Ахборот-ресурс марказларининг фанлар бўйича дарслик ва ўқув қўлланмалар билан таъминланиш даражаси талабга жавоб бермайди.

Шунингдек, мамлакатимиздаги жами 78 та тиббиёт коллежидаги жами 7541 нафар педагогдан 4 нафари фан доктори, 39 нафари фан номзодидир. 2019-2020 йилларда тиббиёт коллежларини 64344 нафар ўқувчи битириб, меҳнат бозорига кириб келиши кутилмоқда. Коллежларнинг 31 таси мослаштирилган бинода жойлаштирилган бўлиб, ҳозирги вақтда барча тиббиёт коллежлари капитал таъмирга муҳтож.

Тадбирда сўзга чиққан депутатлар ва соҳа вакиллари тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини ривожлантириш, бино-иншоотларида қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишларини амалга ошириш, лаборатория жиҳозлари, кўргазмали ўқув қуроллари билан марказлашган ҳолда таъминлаш, илмий лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, янги авлод адабиётлари билан таъминлаш лозимлигини алоҳида қайд этдилар. Шунингдек, жаҳондаги етакчи ва нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда (Жанубий Корея, Россия, Австрия, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Бельгия, Германия, Франция, Сингапур, Малайзия ва ҳ.к.) олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш ва илмий тадқиқотлар ўтказишни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда янги тиббиёт мутахассисликларини очиш, профессор-ўқитувчилар малакасини хорижий давлатларда амалга ошириш тизимини такомиллаштириш, илмий салоҳиятни юксалтириш, соҳага оид ҳуқуқий базани замон талаблари асосида такомиллаштириш масалалари ҳам чуқур муҳокама этилди.


Кўришлар сони: 3769

Депутатлар минбари

Янгиликлар

10.10.2019
Депутатлар ташаббуси: Ипотека таътилларини жорий қилиш таклиф этилмоқда

Фуқаро ипотека кредити асосида уй-жой харид қилади. Доимий иш жойи ва даромади бор. Уч-тўрт йил да...

10.10.2019
Қонун лойиҳаси бўйича саноат корхоналари ва инвесторларнинг фикрлари инобатга олинмоқда

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси...

09.10.2019
Мамлакат фермерларининг депутатларга мурожаати кўриб чиқилди

2019 йил 9 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида навбатдаги парламент эшитуви ўтказилди....

Тадбирлар тақвими