Cайт ранги: A A


Қўмита ва комиссиялар йиғилишлари

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ ва модернизация қилиш парламент назоратида

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ ва модернизация қилиш парламент назоратида

2018 йил 27 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан соҳа мутахассислари, олимлар, экспертлар ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида Қишлоқ хўжалиги вазирининг «Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган қишлоқ хўжалигини ислоҳ ва модернизация қилиш борасида аграр соҳани ривожлантириш истиқболлари ва илм-фан талабларига мослаштиришнинг бугунги ҳолати тўғрисида»ги ахбороти эшитилди.

Қишлоқ хўжалиги мамлакат иқтисодиётида, жумладан, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва саноатнинг хом ашёга бўлган талабини қондиришда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги кунда мазкур соҳанинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17 фоизни ташкил этиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг барчаси нодавлат секторида ишлаб чиқарилмоқда.

Қишлоқ хўжалигини ислоҳ ва модернизация қилиш бўйича қабул қилинган дастурга мувофиқ, 2016-2018 йилларда 240 минг гектар майдонда пахта ва бошоқли дон экиладиган майдонларни қисқартириш ҳисобига экин майдонларини янада оптималлаштириш тадбирлари амалга оширилди. Ушбу майдонларга жорий йилда юқори даромадли, экспортбоп экинлар, жумладан, 73,5 минг гектар сабзавот, 19 минг гектар картошка, 15,1 минг гектар полиз, 15,7 минг гектар соя, 3 минг гектар шоли, 44,3 минг гектар озуқа экинлар жойлаштирилди ҳамда 23 минг гектар интенсив боғ, 8,3 минг гектар токзор ва 600 гектар замонавий иссиқхоналар барпо этилди.

2018 йилнинг ўзида республика бўйича 9,1 минг гектар интенсив боғ, 7,1 минг гектарда токзор барпо этилди, 4,9 гектар эски боғ ва 2,4 минг гектар токзорлар реконструкция қилинди.

Тадбирда таъкидланганидек, фермер хўжаликлари, энг аввало, кўп тармоқли фермер хўжаликларини рағбатлантириш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, ярим тайёр ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича энг замонавий юқори технологик асбоб-ускуналар билан жиҳозланган янги қайта ишлаш корхоналарини қуриш лойиҳалари амалга оширилиши ўз самарасини бермоқда. Бунда, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва сотиш, агрокимё, молиявий ҳамда бошқа замонавий бозор хизматлари кўрсатиш инфратузилмасининг янада кенгайтирилиши бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Аграр соҳа учун кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, ишлаб чиқариш билан илмий ишланмалар интеграциясини таъминлаш орқали янги инновация технологияларни кенг жорий этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Масалан, Самарқанд вилояти Иштихон туманидаги “Иштихон нурли давр” фермер хўжалигида Исроил технологияси асосида томчилатиб суғориш усули қўлланилганда ёқилғи мойлаш материаллар сарфи 54 фоизга камайгани, ҳосилдорлик эса 45 центнерга ёки қарийб уч баробар ошган.

Шундан келиб чиқиб, депутатлар томчилатиб суғориш технологиялари, республиканинг қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот муассасаларида ишлаб чиқилган сув тежовчи илмий ишланмаларни амалиётга янада кенг кўламда жорий этиш зарурлигини таъкидландилар.

Тасдиқланган ҳудудий дастурларга мувофиқ, жорий йилнинг 9 ойида республика бўйича жами 21364 та фермер хўжалигининг кўп тармоқли фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида тегишли лойиҳалар амалга оширилиб, ушбу мақсадларга тижорат банклари томонидан 1137 млрд. сўмлик кредит ва лойиҳа иштирокчиларининг маблағлари сарфланган. Ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида 67 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 25 январдаги қарорига биноан, ҳудудларда 16 та пахта-тўқимачилик кластери ташкил қилиниб, уларга фермер хўжаликларининг қарийб 159 минг гектардан ортиқ экин майдонлари бириктирилди. 2019 йилда республика бўйича 44 та пахта-тўқимачилик кластерлари ташкил этилиши ва уларга фермер хўжаликларининг 300 минг гектар ер майдони бириктирилиши режалаштирилган.

Эшитув давомида депутатлар томонидан сўнгги йилларда аграр соҳада туб таркибий ўзгаришлар амалга оширилаётгани, янги иқтисодий муносабатларнинг юзага келгани, халқаро интеграция жараёнларининг жадаллашиши, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш ва экспорт қилиш масалаларида янгича ёндашувлар жорий этилаётганини ҳисобга олган ҳолда, амалдаги қонунчилик базасини янада такомиллаштириш зарурлиги таъкидлаб ўтилди.

Эшитув якунида муҳокама этилган масала юзасидан келгусида қўмита ва Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ўзаро ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалари белгилаб олинди ҳамда қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 


Кўришлар сони: 7154

Депутатлар минбари

Янгиликлар

18.10.2019
“Метрология тўғрисида”ги қонун одамлар муаммосини ҳал этадими?

Ўзбекистонда миллий метрология тизимини янада такомиллаштириш, соҳага ривожланган давлатлар тажрибасини...

18.10.2019
Симурғ маконига элтадиган қонун лойиҳалари

Ҳазрат Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида ибратли бир ҳикоят келтирилган. Қушлар ижтимоий ад...

18.10.2019
Депутатлар Бош вазирга парламент сўровини юборишга қарор қилди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 18 октябрда ўтказилган мажлисида қатор қонун лойиҳалари...

Тадбирлар тақвими